3:14

Раҳмат дейишни биласизми?

MP3

Раҳмат дейишни биласизми? Жуда қизиқ савол – а? Асло ҳайрон бўлманг. Мен Лола бугун ҳар доимгидан ҳам ғайри оддий бир мавзу ҳақида суҳбатлашишни маъқул кўрдим. Кимдир сизга автобусда жой берди, албатта ўша заҳоти «Раҳмат» дейсиз. Телефонда ҳамкасбингиз, эртага муҳим кенгаш бўлишини айтиб огоҳлантирди, «Раҳмат» дейсиз. Биз бу кичик ишлар учун раҳмат айтишни унутмаймиз. Мавзумиз бу раҳмат ҳақида эмас. Улар шунчаки илтифот ва маданият юзасидан айтиладиган «раҳматлар» холос. Сиз миннатдорчилик ҳақида ўйланг. Яқинларимиз, айниқса ота-онамиз бизга миннатсиз, жон-дили билан ёрдам берадилар, оғир дамларда биз билан бирга бўлишади. Майли ота-онангиз эмас, яқин қариндошингиз сизга чин дилдан ёрдам берса, уларга раҳмат айтасизми? Баъзида бу сўзни бегоналарга айтиш, ўз яқинларимизга айтишдан ҳам осонроқ туюлади. Нега яқинларимизга ичимиздаги меҳрибончиликларимизни, миннатдорчилигимизни ва илиқ сўзларимизни айта олмаймиз. Вақт борида айтиб қолинг, кейин кеч бўлиши мумкин. бу умр ўткинчи. Бугун бор бўлган яқинингиз эртага йўқ. Аслида ичимиздаги яхши сўзларни яқинларимизнинг кўзларига қараб туриб айтишга ўрганмаганмиз. Аммо бу баҳона бўлолмайди. Чет эл фильмларини кўрган бўлсангиз, ота қизига, қизи онасига ёки отасига дилидагиларни бемалол айта олади. Уларнинг дил изҳорларини кўриб эшитиб, тўлқинланиб, кўзларимиз ёшланиб ўтираверамиз. Бу ҳар бир дилни ёқимли ҳисларга тўлдиради. Биз ҳам яқинларимизга дилимиздаги миннатдорчилигимизни айта олишни ўрганайлик. Яқинда бир воқеани эшитдим. Аслида бу мавзуда суҳбатлашиш фикри ўша воқеани эшитганимдан кейин пайдо бўлди. Келинг яхшиси воқеани ўша қизнинг номидан ўзим айтиб бера қолай:

«Мен бир йигитни севиб у билан турмуш қурдик. Ота-онамга йигит ёқмаган бўлса-да, менинг райимга қараб ҳеч нарса дейишмади. Тез орада ҳомиладор бўлдим. Ҳомиладор бўлгач, тез-тез мазам қочиб, ишдан бўшашимга тўғри келди. Шундай пайтларда онажоним ёнимда бўлдилар. Отам ҳам моддий томондан қўллаб турди. Ҳасталанган пайтларимда севган кишим – турмуш ўртоғим ёнимда бўлмасди. Ярим кечагача аллақаёқларда санғиб юрарди. Тез орада фарзандлик бўлдик, аммо бу нарса турмушимизни мустаҳкамламади. Фарзандли бўлгач, эрим мени ташлаб кетди. Шу пайтда ҳам онам жонимга оро кирди. Фарзандим мактаб ёшига етиб, то ўзимни ўнглаб олгунимча ота-онам менга мададкор бўлишди. Уларнинг бу ишларини аслида шундай бўлиши керакдай қабул қилибман. Раҳмат айтмабман.» Бу қиз ҳикоясини менга айтиб берар экан, воқеанинг сўнгги қисми юрагимни ўртаб юборди. Ота-онаси тез орада қон босими ҳасталиги билан бирин-кетин бу дунёни тарк этишибди.

Албатта ота-онангизга, яқинларингизга сизларга қилаётган яхшиликлари учун, ғамхўрликлари ва эътибори учун раҳмат айтинг. Чунки, шу раҳмат орқали уларнинг кўнгиллари кўтарилади. Қилган яхшиликларини қайтара олмасангиз ҳам, раҳматингиз билан уларни хурсанд қиласиз.

Яқинингиз эмас, бутунлай бир нотаниш оғир ҳолатдан чиқишингизга ёрдам бергандир, агар ўша дамда чин дилдан раҳмат айтсангиз, уни яна яхшиликлар қилишга рағбатлантирган бўласиз. Ахир бу дунёда яхшилар ва яхшиликлар камайиб кетаяпти-ку?!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top