Оилага кушанда бўладиган хавфларнинг бири рашкдир. Рашк – асли муҳаббатдан туғиладиган ширин бир туйғу. У ҳаргиз тилга кўчмайдиган, ҳатто юзу кўзга балқимай юракнинг тубида зинғиллаб турадиган, инсоннинг гўзал, руҳий ҳолатидир. Кимнинг маънавий дунёси бой бўлса, рашки шунча пинҳона бўлажак. Кимларнингдир эса жами қусурлари рашк туфайли фош бўлади.
Қиз бола ота онанинг бағридан, ёруғ дунёни таниган остонасидан воз кечиб, ҳамма яхши ниятларини куёвнинг хонадонига атаб, таъзим ила бир умр сизларники бўлдим, Дея кириб келади. Куёв ҳам уни бир умрга кутиб олаётгани уйнинг тўрию қалбининг қўрини фақат унга атаётганини карнай сурнайлар билан тўрт тарафга овоза қилади, нурлар ёғилган бир куни улар бир-бирларига оталик ва оналик мартабасини инъом этадилар. Хонадонларини бахт қўнғироқлари тўлдириб юборади. Айт-чи биродар,шу қадар қиммат кишингни ёнингдаги бир умрлик ҳамдамингни, яхши ёмон кунларингда тиргак бўлгучинг, беғубор кунларда топган покиза жуфтингни ҳаёлан, аллақандай поку нопокларга қўшиб тасаввур қилишга ҳамиятинг қандай чидайди? Ёниб куйиб рашк ғовғасини кўтармасдан аввал эътибор бер: бордию жуфтинг сенга бефарқ бўлса, дарров эсла, унга қай вақтларда кўпроқ ёқардинг. У қай фазилатларингни қадрларди. Қай вақт, қай ҳислатдан завқланарди? Ўша ишларнинг қайси бири сенда канда бўлибди, нимани унутибсан, дарҳол тикла! Ойнакка қарачи ҳамма нарсанг ярашимли турибдими? Қай куйга тушсанг туш, унинг ихлосини қозон! Бунинг орият қиладиган жойи йўқ, ҳамма ҳамма юмушдан ҳам аввал мана шу бир умр керагингнинг кўнглини ол. Кам кўсти кўп дейсанми? Ҳаргиз ундай дема, тақдир сизларни бир бирларингизга камида ярим асрга топширган. Одам бир йил тутадиган буюмини ҳам бир неча бор созлайди. Инсон эса тинмай ўзгариб турувчи мавжудот. Сизга бахтли ҳаёт керак бўлса, сабр билан, жуфтингизни ўзингизбоп қилиб тарбиялаб оласиз. Бу сизнинг бурчингиз, бу қарзингиздир!
Борди-ю эркак суюқоёқ чиқса нима қилиш керак? Аввало, уни уйга тортадиган жами яхши тутумларни қўллаб кўринг. Зеро, самимият билан кечириш ҳам бахтнинг гаровидир, яъни бир бора кечиринг, икки бора ҳам. Шунда ҳам ўзгармаса, азизам, бир тутуриқсиз эркак учун бўладиган можарони ўзингизга эп билманг. Аслида Муқаддас Каломда фақат зино сабабли эр-хотин ажрашишга рухсат берилган. Бошқа сабаблар эса ажрашишга сабаб бўлолмайди. Рашкчилар қулоғига бир гап айтай: аввало жуфтингизнинг кўнглини эҳтиёт қилинг. Агар у сингудай бўлса, сиз ҳам бутун бўлмайсиз. Яна шуни сўзлайки, кимники ўзида ўғриликка мойиллик бўлса, бошқалардан ҳам гумонсираб юради. Рашк муҳаббатдан туғилади. Унинг юракда пинҳон бўлиб қолгани яхши. Рашкка эрк берманг. Бўлмаса у сизнинг хонадонингизни кулини кўкка совуриши ҳеч гап эмас. Доимо рашк қилавериш, ҳеч қачон харом йўлга юрмаган эркакни ҳам ўша йўлга бездириб қўйиши мумкинлиги ёдингизда бўлсин. Жуфтингизга ишонинг!