2:52

Руҳий ўсиш

MP3

Ассалому алайкум севимли опа-сингиллар. Мен Лола сизлар билан яна ўзимизнинг қалб гўзаллигимизга таълуқли бўлган мавзуда суҳбатни олиб бораман. Бу мавзуда суҳбатлашиш мен учун жуда мароқли. Сизлар учун ҳам шундай деб умид қиламан. Бизнинг мақсадимиз Исо Масиҳга ўхшаш бўлиш экан, бунинг учун унинг орқасидан эргашмоғимиз лозим. Аввалги суҳбатларимиздан бирида «Исо Масиҳ заковатда улғайди», деган эдик. Биз ҳам Исо каби заковатда улғайишимиз учун Худо ҳақида кўпроқ билимга эга бўлишимиз кераклиги ҳақида айтиб ўтгандик. Бунинг учун эса Каломдан фойдаланиш керак. Бугунги суҳбатимиз мақсадини билиш учун Муқаддас Каломдаги бир оятни яна эслатиб ўтсам: «Шундай қилиб, Исо заковатда ҳам, ёшда ҳам улғайиб бориб, Худо ва бандаларнинг меҳрини қозонар эди» (Лука 2:52). Биз аввалги суҳбатимизда заковатда ўсиш ҳақида суҳбатлашганмиз. Бугун эса эътиборингизни «…бандаларнинг меҳрини қозонар эди», деган қисмга қаратмоқчиман. Бунинг учун қуйидаги уч босқични амалга оширишингизга тўғри келади. Бу босқичлар сизнинг одамлар билан бўлган муносабатингизни яхшилайди.

Фикрлашингизни ўзгартиринг – Сизнинг ҳатти-ҳаракатларингиз одамлар ҳақида қандай ўйлашингизни билдириб қўяди. Бундан қочиб қутулолмайсиз. Маталлар китобида шундай ёзилган: «Одамнинг юраги қандай бўлса, ўзи ҳам шундайдир» (Мат 23:7). Ҳасадли, салбий фикрлар фақатгина Худонинг сўзига қарши бўлибгина қолмай, сизнинг шу ўйларга асосланиб ҳаракат қилишингизга ҳам сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам ўзингизни яхши, ижобий ва ажойиб фикрларни ўйлашга ўргатинг. Муқаддас Калом бу ҳақида бизга шундай дейди: «Хуллас, эй биродарлар, нима ҳақиқий, нима мўътабар, нима тўғри, нима соф, нима ёқимли, нима фаҳрли бўлса, қандайдир бир фазилат, қандайдир мақтанарли хислат бор бўлса, булар ҳақида фикр қилинглар.» (Фил 4:8). Агар кимдир ҳақида ёмон фикрда бўлсангиз унга нисбатан муносабатингиз ҳам ёмон бўлади. Чунки фикрларингиз сизни шундай муносабатда бўлишингизга таъсир этади.

Мен ҳар сафар ўғлимни боғчага олиб борганимда, бир боғча опанинг ҳар доим чийиллаб бақирганини эшитаман. Менга ҳам бир икки марта совуқ муносабатда бўлди. Бу аёл ҳақида ёмон ўйлай бошладим. «Боғча опа ҳам шундай чийиллоқ бўладими, менга қилган муомаласини-чи!» Бироқ бир куни Худо менга бунинг яхши эмаслигини англатди. Чунки ҳар бир одамнинг қандайдир яхши бир сифати борлигини эслатди. Шундан сўнг аста-секин у аёлнинг яхши томонларини қидирдим. Кейин маълум бўлишича, у боғчадаги энг яхши гуруҳнинг тарбиячиси экан. Унинг болалари чиндан ҳам тартибли эди.

Агар фикрингизни ўзгартирган бўлсангиз энди оғзингиздан чиқаётган сўзларга ҳам эътибор қаратинг. Маталлар китобида оқила аёл ҳақида шундай ёзилган: «У оғзини донолик билан очади…» (Мат 31:26). Худди шу каби биз аёллар ҳам ҳар сафар сўзлаганимизда донолик билан сўзлаб, сўзларимиз бошқаларнинг яхшилигига хизмат қилиши ҳақида ўйлайлик. Агар фикрларингиз салбий бўлса, яхшиси оғизни очмаган маъқул. Кейинги сафар суҳбатимизнинг қолганини давом эттирамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top