3:09

Шукрона нима?

MP3

Қўлингдан кетган ҳар бир яхши нарса армондир. Дунё деганлари тинмай бой беришдан иборат. Йиғлайман десанг, йиғи кўп. Аммо ўрнингдан тур, атрофга боқ, бағрингни тўлдириб турган бу рангин дунё эртага яна йўқликка кетади. Кўриб қолмоқ керак, туйиб қолмоқ керак. Эндиги келадиган дақиқаларни орзулаб, соғинчларга суяниб тиккаламоқ керак. Инсонлик қисмати шу- бу ёқдан ғилдираб кириб, у ёқдан ғилдираб чиқиб кетасан, бир дам тўхташ йўқ. Шугина умрга тутаб кириб, ҳамманинг кўзини ачиштириб кетиш қаёқда-ю баҳордай келиб, кўнглилларга чечаклар экиб кетиш қаёқда? Армонлар ичра бутун яшаш мумкинлигини ўзида намойиш қилиб, бошқаларга ўргатиб кетиш ҳам аёллар қисматидир. Ўзидаги Худо берган имкониятни неъмат билганлар шукронаси бор инсонлардир. Шукр келтиришни билган киши Яратганнинг ҳар бир мукофотини Ҳайрат билан қаршилайди. Ҳар бир қулайликни байрамдай қадрлайди. Тўрт мучаси соғлиги – бахт. Ўғил қизларга эга бўлганим – беқиёс бахт. Мени тушунадиган жуфтимнинг ёнимдалиги, ўғлимнинг орқасидан келин, қизимнинг ортидан куёв ўғлимнинг кириб келишлари жону жаҳонимни тўлдирадиган бахт. Оғзимни очишимга чолғудай жаранглайдиган тилимнинг борлиги, иси ўзбекча, таъми ўзбекча тупроққа товонимни қўйиб яшаётганим – суратини чизиш мумкин бўлмаган Ҳайрат, вазнини ўлчаш мумкин бўлмаган бахтдир. Ҳайратнинг калити эса Шукронадир.

Биродар, сен Худодан эртадан-кечгача нималарнидир сўрайсан, яна бу илтижоларинг йил ўн икки ой давом этади. Бу тинимсиз сўрашларингдан бирор марта андиша ҳам қилмайсан. Яратганга раҳмат ҳам айтиб қўяй демайсан, шукрона келтирмайсан. Ахир Худованд ўз неъматларини бошингдан қўйиб, атрофингни тўлдириб ташлабдику! Инсонни буюк зот дейдилар. Мен гоҳо шак келтириб, тирик мавжудотлар ичида инсон энг нотавони ва мажруҳи дегим келади. Биринчи нотавонлиги шуки, у ўзида нима неъмат борлигини билмай, дунёга шер бўлиб келиб, тошбақадай судралиб ўтади! Иккинчиси, бир нарсани йўқотгандан кейингина унинг қадрига етади. Масалан, инсон зотининг тўқсон фоизи ота-онасининг қазосидан сўнг меҳр изҳор қилади. “Агар тирилсангиз, манна бу тахтга ўтқазардиму мана бу бахтни тутқазардим”, деб мозорларда бўзлаб юради! Учинчидан, дунёда мусича мусичани, кабутар кабутарни, қўйни қўй еган эмас, фақат инсон бир-бирини еб, қувиб, куйдириб адо қилади! Шунинг учун ҳам Худо инсоннинг кўргулигини кўп яратгандир, эҳтимол! Ҳазрати Довуд ҳам ўзининг Забур китобида шундай деб ёзган: “Қўшиғимда Худонинг номини шарафлайман, шукроналар билан Уни улуғлайман.” Ёки “Сенга мангу шукрлар дейман ё Раб, чунки буни Сен бажардинг.” Агар чин дилдан шукр қилмоқ истасангиз, кўплаб сабаблар топасиз. Ҳаётингиздаги ёмон кунларингиз учун ҳам шукр қилинг, зеро Худованд шу ёмон кунларга чидашингизга куч ва сабр-тоқат берди. Шу кунлар орқали нималарнидир ўртатди. Азиз биродар бу беш кунлик дунёда доимо Яратганга шукрона келтириб яшанг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top