Саломатмисиз қадрдонлар? Мавзу номидан гап нима ҳақида кетишини англаган бўлсангиз керак. Ҳа, тартиб ҳақида. Тартиб ҳар доим асқотадиган нарса. Агар ишли аёл бўлсангиз, иш столингиз бетартиб бўлса, бошлиғингиз сўраган ҳужжатларни тополмайсиз, бошлиғингиздан гап эшитасиз. Ўзингиз ҳам хуноб бўласиз. Асабийлашасиз. Мана, асабийлашишга яна бир сабаб. Бундай бўлмаслиги учун иш столингизда доимо тартиб бўлишига аҳамият беринг. Стол устидан ёки тортмасидан ортиқча ишга алоқаси бўлмаган қоғозларни ахлат челагига ташланг. Ҳар доим керакли ҳужжатларни махсус файл папкаларда сақлаб, тортманинг юқори қисмига қўйинг. Олишга осон бўлсин. Агар иш столингизда тартиб бўлса, ишингиз ҳам ёқимли ва унумли бўлади. Бўш вақтларингизни бекорчи нарсаларга сарфламай, столингизни ва ҳужжатларни тартибга келтириш билан шуғулланинг.
Уйда ҳам шундай. Ҳар бир нарса ўз жойида турсин. Болаларни ҳам шунга ўргатинг. Кичик деб уларни аяманг. Бола кичик ёшидан сизга қараб ўрнак олади. Унга ўргатиб борсангиз, у ҳам тартибли бўлишни ўрганади. Керакли кийимлар шкафдан жой олсин. Ҳафтада бир ёки камроқ кийиладиган кийимларини эса шкаф токчасига тахланг. Пайпоқлар ҳам доимо ўз жойида турсин. Қуриган кирларни ўша заҳоти дазмоллаб олиб қўйишга ўрганинг. Баъзи аёлларга кийимга дазмол босиш ёқмайди, лекин бунинг ҳам иложини топса бўлади. Сиз бу ишни бажараётганингизда ўзингизни энг яхши бекадай ҳис қилинг. Бир марта, икки марта ва боринки уч марта ўзингизни шу ишга мажбурланг охири шу ишни ёқтириб қоласиз. Нарсаларни ўз жойига қўйишга эринманг. Ўзингизни мажбурлаб шу ишни қилсангиз, тартибли бўлиш сизга одат бўлиб қолади. Бундан турмуш ўртоғингиз ҳам ўзингиз ҳам мамнун бўласиз.
Бир ҳафталик ишларингизни режалаштириб олинг. Ҳафтанинг қайси кунларида ошхонани тартибга келтирасиз, қайси кунларида уйларингизни яна қайси кунида ванна ва ҳожатни тозалайсиз. Буларнинг бари режада бўлса, ошхонангиз ҳам ванна ва ҳожатхонангиз ҳам доимо тоза туради. Муҳими уйингиз ҳар қачон йиғиштирилган бўлади. Бундай уйда яшаш ўзингизга ҳам роҳат бағишлайди. Энг асосийси қизингиз бўлса, қизингизни ҳам ёшлигидан шунга ўргатасиз. Фарзандларингиз ёшликларидан тартибли бўлишни ўрганади. Бу эса уларнинг келажакда кўп нарсаларга улгуришига сабаб бўлади. Кўрдингизми биргина тартибли бўлиш билан сиз қанча муваффақиятларга эришасиз. Ишларингизни тартиби билан бажарсангиз, уйқуга ётишдан олдин кейинги кун учун режа қилсангиз, ҳафта охирида кейинги ҳафта ҳафтада қилинадиган ишларни режалаштирсангиз, кўп нарсага улгурасиз, камроқ асабийлашасиз, ва дам олишингизга ҳам вақт етарли бўлади.
Тартибсизлик, кишининг доимо тажанг бўлиб юришига, қилинадиган ишларнинг бажарилмай қолишига, ортиқча кутилмаган муаммоларнинг келиб чиқишига ва оилавий жанжалларга сабаб бўлиши мумкин. Бу ёқимсиз рўйхат ҳеч кимга маъқул эмас. Шундайми? Буларнинг олдини олишнинг осон йўли, тартибли бўлишни ўрганиш, ҳар бир ишни вақтида бажаришга одатланишдир. Омон бўлинг.