4:04

Ташқи гўзаллик ҳақида

MP3

Ассалому алайкум мафтункор ва бетакрор опа-сингиллар. Бугун ҳам сизлар билан мен Лола биз учун мухим бўлган мавзулардан бири ташқи ва ички гўзаллик хақидаги суҳбатни олиб бораман. Бу мавзулар сизларга қизиқарли бўлишига ишонаман. Қолаверса бу мавзулар бизни гўзаллик ҳақида бошқача фикрлашимизга сабаб бўлса ажаб эмас. Мен ташқи гўзалликнинг ҳам мухимлиги ҳақида ўқимасимдан олдин, Худонинг фарзанди учун ички гўзаллик мухим. Ташқи гўзаллик мухим эмас, деб ўйлардим. Мен каби шундай ўйлайдиган опа-сингиллар чиройли кийимларга, юзларини макияж қилишга эътибор қилмайдилар. Бу нотўғри. Буни мен ҳам яқинда билиб олдим. Биз киммиз. Бизнинг Отамиз ким? Шундай қудратли Худованд наҳотки бизнинг эски, йиртиқ-ямоқ, увадаси чиқиб кетган кийимларда юришимизни истайди? У бизга ўзимизга ярашадиган, чиройли кийимлар беролмайдими? Асло ундай эмас. Тўғрими? Буни сиз ҳам биласиз. Албатта Муқаддас Каломда сизнинг гўзаллигингиз тақилган олтинлар ёки чиройли кийимлар каби ташқи зеб-зийнатдан иборат бўлмасин, деб ёзилган. Бу билан ташқи гўзаллигингизга эътибор қилманг демоқчи эмас. Ташқи гўзалликка эга бўлиш ҳам мухим. Бироқ бу нарса биринчи ўринда бўлиб қолмаслиги керак. Биринчи ўринда аёл кишининг ички гўзаллиги туриши керак, демоқчи холос. Агар бутун диққат эътиборингизни ташқи гўзалликка қаратсангиз бу нарса сизни гуноҳга етаклайди. Ташқи гўзалликни биринчи ўринга қўядиганлар энг кўп вақтларини чиройли кийимлар сотиб олишга, ўзларига оро беришга сарфлайдилар. Ички гўзалликни ўстириш ҳақида ўйламайдилар. Аввалги суҳбатимизда айтганимдек, аёлдаги ички гўзаллик Худо билан муносабат орқалигина пайдо бўлади. Агар бутун вақтингизни ташқи томондангина гўзал бўлишга сарфласангиз, Худога вақтингиз қолмайди. Айтмоқчи бўлганимиз ички гўзаллик биринчи ўринда бўлсин. Албатта чиройли кийимлар кийиш, тақинчоқлар тақиш ва бўяниш гуноҳ эмас. Аксинча бизнинг ташқи кўринишимиз ички гўзаллигимизни акс эттириб турсин. Аёлнинг кийинишидан унинг қандай инсон эканини билиб олиш мумкин. Шу ўринда Муқаддас Каломда Эстер ҳикояси ёдимга тушди. Агар Муқаддас Каломдаги Эстер китобини ўқиган бўлсангиз, Худо уни ўз мақсади йўлида ишлатиш учун бир йил уни тайёрлади. Эстерни бир йил давомида шохга кўрсатиш учун тайёрладилар. Олти ой уни танасини хушбўй ёғ ва мирра билан парваришладилар. Қолган олти ойда эса уни табиий косметикадан фойдаланиб уни яна ҳам гўзалроқ қилишга ҳаракат қилдилар. Биз чиройли бўлиш учун, теримизни таранглаштириш ва силлиқлаш учун нари борса 20 минут вақт ажратамиз. 20 минут билан бир йил орасида катта фарқ бор тўғрими? Ўша пайтда шохга кўрсатиш учун мамлакатдаги энг гўзалларни келтиришганди. Шунча катта тайёргарликдан сўнг Эстернинг шохга маъқул бўлганига ажабланмаса ҳам бўлади. Эстер Худога бўйсунадиган қиз эди. Худонинг бошқаруви бўйича Худо унга топширган маъсулиятли ва қийин вазифани ўз вақтида бажарди. Табиий гўзал кўриниш учун ҳам терини парваришлаш, танани соғлом ва тетик сақлаш керак бўлади. Пешонаси тиришган, асабий, ўзини олдирган ҳолатда юриш, Муқаддас Каломдаги: “Эгамизнинг Ўзи сизларнинг хар қандай эҳтиёжингизни Исо Масиҳ орқали, Ўзининг улуғвор бойлиги билан қондирсин”, — деган оятнинг тескарисини кўрсатади. Наҳотки Худованд сизга керакли бўлган нарсаларни Ўзининг улуғвор бойлиги билан қондиролмаса? Агар сиз Худога муносиб фарзанд бўлишни истасангиз, Ундан нафақат ички гўзаллигингиз балки ташқи гўзаллигингиз учун ҳам керакли бўлган нарсаларни ишонч билан сўранг ва оласиз. У сизни Шох қизига муносиб тарзда кийинтиради. Азизлар гўзаллик ва саломатлик ҳақидаги мавзулар сизга жуда керак. Бу мавзуларни эса бизнинг www.najot.com сайтимиздан топасиз. Кейинги суҳбатимиз аёлларнинг ички гўзаллиги ҳақида бўлади. Унгача эса ўзингизга керакли нарсаларни Худодан сўрашда давом этинг. Сизга соғлик ва гўзаллик тилаб хайрлашаман.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top