3:26

Ривқо 2 қисм

MP3

Ассалому алайкум қадрдон. Ўтган сафарги суҳбатимиз жуда қизиқ жойида тугаган эди. Бугун эса ўша суҳбатимизни давом эттирамиз. Атрофимизда иродаси кучли, ўз сўзини оиласида ўтказа оладиган, ўзини ақлли ва тадбирли деб ҳисобловчи аёллар кўп. Бундай аёллар, “Болаларим мен айтганимдай қилсалар, яхши бўлади”, деб ўйлайди. Албатта Худога яқин ва Ундан донолик олган оналар фарзандларига тўғри йўналиш бера оладилар. Аммо уларнинг бу фикрлари ҳар доим ҳам тўғри чиқавермаслиги мумкин. Ёдингизда бўлса, Ривқо кўзи ёришидан олдин Худо унга “Қорнингда эгизаклар бор. Сендан икки халқ айрилиб чиқажак. Каттаси кичигига қул бўлади” деб ваъда берган эди. Худо ваъда бердими, демак уни албатта бажаради. Аммо Ривқо шу жойида Худога ёрдам бериб юбормоқчи бўлди. У эрининг қонунан тўнғичига тегишли бўлган дуосини ўғрилаб, кенжасига бермоқчи бўлди. Шундай қилди ҳам.

Тасаввур қилинг, агар Ривқо шундай қилмаганида, Худованд ваъдасини бажара олмай қолармиди? Албатта ундай эмас. Худо биз кутмаган ва ўйламаган йўллар билан Ўз ваъдасини албатта амалга оширади. Бироқ шу куни Ривқо Худога қарши иш қилаётган эди. Ўғлининг, “Она, отам билиб қолса мен дуо ўрнига лаънат оламан-ку”, деган гапига жавобан, “Сенга келадиган лаънат менинг бўйнимда бўлсин”, деди. У шу иши ва гапи билан ўзига ўзи Худонинг лаънатини тилаб олди. Биз кўпинча, Худо менга берган ваъдасини унутиб қўйса-чи, деган қўрқув билан ўз кучимизни ишга солиб, Худонинг ишларини бошқармоқчи бўламиз. Аммо шундай қилиш билан яна ҳам кўпроқ ҳатога йўл қўямиз. Каломда Худонинг ваъдасига садоқатли экани ҳақида шундай дейилган, “Ўшанда У сизларни тарк этмайди, йўқ қилмайди, ота–боболарингиз билан қасам ичиб қилган аҳдини унутмайди. Эгангиз Худо раҳмдил Худодир.”

Худо Ёқубни баракаламадими? Баракалади, аммо Ривқонинг қилган иши учун эмас, аввалдан баракалайман, деб берган ваъдаси сабабли баракалади. Биз фарзандларимиз ёшлигида нима айтсак, шуни қилишларини истаймиз. Аммо бу одатимиз улар катта бўлганидан кейин ҳам йўқолмайди. Катта бўлганларидан кейин ҳам улар биз айтганимиздек қилишларини истаймиз. Нега? Чунки, “Агар биз айтганимиздек эмас, ўзлари истаганидек иш тутсалар, адашади ва уларга зиён етади”, деб ҳавотирланамиз. Бироқ уларга ёшлигидан Худонинг Каломи ва Унинг қонунларини, Худо билан бирга қандай ҳаёт кечиришни ўргатсак, тўғри қарор қилишни билсалар, бундан ҳавотир олишнинг ҳеч кераги йўқ. Аммо Ёқуб яна онаси айтганидек қилди. У ҳам Худонинг йўли ҳақида ўйлаб кўрмади. Исҳоқ эса ҳақиқатни билиб қолгач, ҳаяжондан титраб кетди. Эсовнинг жахли чиққанини ва укасини ўлдирмоқчи бўлганини Ривқо билиб қолгач, Ёқубга яна бир марта, “Мен айтганимдай қил”, деди.

У ўғлини тирик қолиши учун акасиникига юборди. Яна Худога ишончсизлик. Ахир Худо кичигини марҳаматлайман, деган эди-ку! Уни акасиникига юборди. Бироқ Ривқо севимли ўғлини бошқа кўрмади. Ривқонинг ҳаёти ва қилган ишлари бизга Худонинг ваъдаларига ишонишни ўргатади. Унинг ҳаётидан эримизни алдашни эмас, ҳурмат қилишни, болаларимизга нотўғри буйруқлар бериш ўрнига уларни Худонинг йўлида тўғри тарбиялашни ва вақти келганида уларни тўғри қарор чиқаришга ўргатишимиз кераклигини ўргатади. Энг муҳими, Худонинг ишига аралашмай, Унга ишониб Худонинг тўғри вақтини кутиш кераклигини ўргатади. Азиз оналар фарзандларингиз учун энг яхши она бўлишни истасангиз, бизнинг www.dilkashradio.com сайтимиз сизга донолик ва ақл – заковат беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top