3:12

Тонгдан завқ ол

MP3

Ассалому алайкум опа-сингиллар. Тасаввур қилинг. Тонг. Ëқимли, салқин ҳаво димоғингизга урилади. Қуёш уфқдан бош кўтарган. Ҳали ҳамма ёқни қизитиб улгургани йўқ. Қушлар ёқимли овози билан тонгни қаршилайдилар. Худди ўз тилларида Яратувчига ҳамду-сано айтаётгандай. Хўш. Тонгни тасаввур қила олдингизми? Қушларнинг ҳамду-саносига қўшиласизми?. Сиз ҳам ҳар тонг, атрофингиздаги гўзал табиат, янги тонг, яшаш, яхшилик қилиш, Худонинг номини улуғлаш учун берилаётган яна бир тонг учун Худога миннатдорчилик билдирасизми?

Албатта, агар ҳар тонг, хушкайфият ва бардам бўлиб уйғонсангиз, Худога шукрона билдириш ёдингиздан чиқмайди. Бироқ ҳар доим ҳам тонгда уйғонишни истайвермаймизда. Агар тонгда уйғонишни истамай, тўшакда чўзилиб ётаверверсангиз, кун давомида бардам, тетик ва яхши кайфиятда бўлолмайсиз. Сиз шундай яхши кайфият билан кунингизни ўтказишингиз учун, сизга бардам ва тетик бўлиш сирларини очаман. Қулоғингизни беринг. Бу сирлар чиндан ҳам сизга ёрдам беради. Чунки буни ўзимда синаб кўрганман.

Биринчиси, кечаси ётишдан олдин, Яратувчига ўтган кунингиз учун шукрона айтинг. Кейин эса кейинги кунингиз учун ҳам куч, тетиклик ва донолик бериб, вақтида уйғона олишингиз учун ёрдам беришини сўранг. Кейин эса ҳотижам уйқуга кетинг. Тонгда кўзингизни очар экансиз, ётган жойингизда чап бурун тешигини бекитиб, ўнг тешигидан чуқур нафас олинг. Нафасни чап томондан чиқаринг. Агар уч дақиқа шундай нафас олсангиз тонгги ланжликдан асар ҳам қолмайди. Ўнг томондан олинган нафас билан бирга янги кун учун қувват ҳам кирар экан, чап томондан чиқарилган нафас билан уйқунинг кучи чиқиб кетади.

Иккинчи сирни очаман. Уйингизда ҳайвон боқасизми? Кучугингизми, мушугингизми борми? Йўқ, дейсизми? Уйингизда бўлмаса ҳам, кучук ёки мушукларнинг уйқудан туриш ҳолатини кузатинг. Уларга қарасангиз, уйқудан кўзларини очишлари билан, дарҳол оёққа турмайдилар. Аввал аста-секин, тўртта оёқларини ва танасини ҳам чўзиб керишадилар. Сиз ҳам улардан ўрнак олинг. Уйқудан уйғонгач, юқорида айтганимдек қилиб нафас олинг, кейин эса яхшилаб керишинг. Тананинг бир ҳолатдан дарҳол бошқа ҳолатга ўтиши унинг зўриқишига сабаб бўлади. Ўзи шундоқ ҳам кунимиз стрессларга тўла бўлади. Шундай экан, эрта тонгдан яхшилаб керишинг. Кейин эса деразадан янги тонг ва тиниқ осмонни завқ билан томоша қилиб, Яратувчига шукрона айтинг. Тонгги нонуштадан бош тортманг. Кайфиятингиз яхши бўлиши учун нонушта қилишингиз керак. Кейин эса ўз-ўзингизга: «Тура қол. Бугун Худонинг сенга ажойиб режаси бор», — деб айтинг.

Учинчи сир. Сиз уйқудан уйғониб бўлдингиз лекин, танани ҳаракатга келтириш учун, қулоқларингизни ва кафтингизни уқаланг. Қулоқлар ва кафтларда тананинг биологик фаол нуқталари бор. Ëтган жойингизда қулоқлар ва кафтингизни уқалаш, сизга ёқади. Тетик бўлиш ва кунни бардам, хушкайфиятда ўтказиш учун фақат шу сирларни билиш етарли эмас. Қандай қилиб, бутун кун бардам ва тетик бўлиш учун бизнинг кейинги сирларимизни ҳам билиб олишингиз керак. Бироқ афсуски вақтимиз тугай деб қолди-да. Ҳеч, қиси йўқ, бизнинг кейинги суҳбатимизни албатта тингланг. У сизга тетиклик сирларини очади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top