MP3

Ассалому алайкум, гўзалликка ошно опа-сингиллар. Гуллар ва хонадон ўсимликлари ҳақидаги мавзумизни давом эттирамиз. Агар ёдингизда бўлса ўтган сафар гулларимиз учун зарур бўлган, ёруғлик, ҳаво, температура ва намлик ҳақида суҳбатлашдик. Бугун эса энг асосийси тупроқнинг қандай бўлиши ҳақида суҳбатлашамиз. Уй ўсимликлари ўстириш учун, очиқ майдонда ўсимлик парваришлагандагига нисбатан, унумлироқ тупроқ талаб эдилади. Баъзи ўсимликлар чириндига бой тупроқда, баъзилари эса қумлоқ тупроқда яхши ўсади. Шу сабабдан уй ўсимликларининг ҳар қайси тури учун мос келадиган тупроқ аралашмаси тайёрланиши керак. Боғ тупроғига чим, чиринди ва торф аралашган бўлади.

Гул ўстириш билан шуғулланувчи ҳаваскорлар тупроқ аралашмасининг ҳар қайси туридан, шунингдек қум, мох, ёғоч кўмиридан бир мунча жамғариб қўйишлари керак. Чимли тупроқ чимзорларнинг ўсимлик ўсган устки қатламидан тайёрланади. Бу тупроқ донадор, сув ва ҳавони яхши ўтказадиган ҳамда озиқ моддаларига бой бўлиши керак. Ер бетидаги чимли қатлам баҳор охирида 4-7сантиметр қалинликда бўлак-бўлак қилиб қирқиб олинади. Чим бўлаклари юзини юзига , тагини тагига қаратиб 1 метр баландликда тахланади. Бунда ҳар қайси қават орасига мол гўнги солинади. Сув оқиб тушмаслиги учун уюм четлари, ўртасига нисбатан, баландроқ қилиб қўйилади. Ҳаво қуруқ бўлганда чимли тупроқ чиримайди, шунинг учун бу уюмга сув сепиб туриш керак.

Ёз давомида уюмни 2-3 марта курак билан ағдариб туриш лозим. Бир йилдан кейин чимли тупроқ ишлатишга яроқли ҳолга келади. Арлашма тайёрлаш олдидан чимли тупроқ эланади. Торфли тупроқ эса ботқоқликлардан тайёрланади. У унчалик серунум эмас, бироқ намни яхши сақлайди. Торфли тупроқ ҳам бир-икки йил уюм қилиб қўйилади, курак билан ағдарилади. Уюмга ёзда бир марта гўнг сепилади. У очиқ ерда сақланиши керак. Торфли тупроқни оддий тупроққа аралаштириш яхши натижа беради. Шундай қилинганда соз тупроқ юмшаб, сувни яхши шимадиган ҳолга келади. Уйда папоротник ва ароид сингари ўсимликлар ўстирилганда торфли тупроқ кўпроқ талаб қилинади.

Чириндили тупроқ эса гўнгни батамом чиритиш йўли билан ҳосил қилинади. У озиқ моддаларига жуда бой. Қум ҳар қандай тупроқ аралашмасининг асосий қисми бўлиб, тувак ва идишларнинг тагига солиб қолдириш учун дренаж сифатида ҳам ишлатилади. Бу борада дарё қумидан фойдаланган маъқул, чунки у йирик ва тоза бўлади. Уй ўсимликлари ўстирилганда оксидланиш, яъни ачишдан сақлаш мақсадида тупроқ аралашмаларининг ҳамма турларига оз миқдорда кўмир қўшиш мумкин. Бу тупроқларни уйда тайёрлашнинг имкони бўлмаганда, махсус дўконларга мурожат қилиш мумкин. Гуллар ҳақидаги билимингизни ошириш учун келгуси суҳбатларимизда ўсимликларни ўғитлаш ҳақида сўз юритамиз. Унгача эса мен суҳбатдошингиз Лола сизларга соғлик ва гўзаллик тилаб хайрлашаман.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top