Ассалому алайкум оқила ва доно опа-сингиллар. Мен Лола ўтган сафар сизлар билан хонадонни тўғри бошқара олиш ҳақида суҳбатлашган эдим. Бироқ хонадонни тўғри бошқариш учун тадбирли бўлиш ва вақтни тўғри режалаштира билиш лозим. Агар оилада ҳамма ишингизни тўғри режалаштира билсангиз, кўп нарсаларга улгуришингиз мумкин. Бунинг учун бир нечта маслаҳатлар бериб, сизни қувонтирмоқчиман.
Ҳамма ишингизни ипидан-игнасигача режалаштиринг- бунинг учун сизда махсус ён дафтарча бўлиши керак. Қиладиган ишларингизни режалаштириб олсангиз, ишингиз унумли ва вақтингиз тежамли бўлади. Режаларингизни иккига бўлинг. Охирги ишларни кечқурунга, биринчи ишларни эса эрталабга тўғриланг.
Бугунги кунингизни тўғри ўтказинг – Худонинг биздан истайдиган нарсаси ҳам шу. Шу бугунги кунингиз ҳақида ўйланг. Исо Масиҳ ҳам шундай деган эди: «Бинобарин эртанги кун ҳақида ташвиш тортманглар. Эртанинг ташвиши эртанинг ўзига тегишлидир. Ҳар бир куннинг дарди ўзига етар» (Мат 6:34). Бир одам шундай деган экан: «Ҳар бир кунингни бу охиргиси деб қабул қил». Ҳар бир кун ўзича муҳим. Сиз бугун ўзингизни қандай тутсангиз, кейин ҳам шундай тутасиз. Сиз бугун ўзингизни қандай тутсангиз, аввал ҳам шундай тутгансиз. Ҳар бир кунимиз бу бизнинг кичик ҳаётимиздай гап. Бизнинг бутун ҳаётимиз қайтарилмайди, аммо кунимиз қайтарилади.
Ҳар бир дақиқанинг қадрига етинг – Дам оладиган тана, дам олишга ўрганиб қолади, ҳаракатдаги тана эса ҳаракатланишга ўрганади. Сиз ҳар сафар ўз-ўзингизга «…яна 5 минут», деб айтишга одатланинг. Ҳаракат қилишда давом этинг, шунда рўйхатингиздаги ҳамма ишларни бажариб улгурасиз.
Тартибли бўлишга ўрганинг – Ҳар куни бирор бир ишни бир вақтда бажаришга одатланинг. Бу одат сизнинг кучингизни тежайди. Ҳар куни бирор бир кимга қўнғироқ қилишни, ҳар куни овқатни тайёрлашни, шу билан бирга бирор нарса ўқиб дам олишни ҳам режалаштиринг.
Машқ ва тўғри овқатланишга ўрганинг – Сиз ўзингиз учун қандай машқ қилишни билиб олсангиз, бу сизга қувват бағишлайди, уйқунгизни маромига келтиради, гормонлар бузилишидан сақлайди. Ҳаётга бошқача, хушнун кайфият билан боқишни ўргатади. Тўғри овқатланиш эса ўз-ўзидан тўғри ҳаёт кечиришга имкон беради. Бу ҳам сизнинг соғлиғингизни яхшилаб, Худонинг режаларини амалга оширишингизга ёрдам беради.
Минутларни ишлатинг – Уйда қандай иш қилишингиздан қатъий назар, ҳар доим ҳар бир ишга вақт ажратинг. Масалан уй супуришга 15 дақиқа ёки чангларни артишга 5 дақиқа ва ҳокозо. Бу билан сиз вақтни тежашни ўрганасиз. Ишларингиз ҳам унумли бўлади.
Энг ёқтирмаган ишингизни биринчи қилишга одатланинг – шунда кун давомида ўзингиз ёқтирган ишлар билан шуғулланиб, кайфиятингиз чоғ бўлади. Баъазн кутилмаган ишларни қилишга тўғри келиб қолса ҳам, фақат Худо рухсат берганларинигин қилинг. Уйқуга ётишдан олдин эса кейинги кун учун режа тузинг.