Ассалому алайкум қадрли опа-сингиллар. Биз икки – уч сафардан буён оилада аёлнинг вазифаси ҳақида суҳбатлашиб келяпмиз. Ўтган сафар эрга бўйсуниш ҳақида суҳбатлашдик. Бироқ итоатли бўлиш деганда шундай савол ҳам пайдо бўлиши шубҳасиз: “Худога ишонмайдиган эрга ҳам бўйсуниш керакми?” Жуда кўп имонли аёллар имонсиз эрларга турмушга чиққанлар. Уларнинг ҳолатида юқоридаги савол туғилиши табиий. Муқаддас Каломда шундай ёзилган: “Масиҳдан ибрат олиб, сиз, хотинлар хам ўз эрларингизга бўйсунинглар. Худо каломига ишонмайдиган баъзи кишилар сиз, аёлларнинг ор-номусли, покдомон хулқ – атворингизни кўриб, имон хақида бирон сўз айтилмасиданоқ қойил қолсинлар.” Бу юқоридаги саволга жуда аниқ жавоб бўлди, тўғрими? Биз адашган қўйлардан яшаган бўлсак ҳам, энди жонларимизнинг Чўпонига қайтиб келганмиз. Шунга ўхшаб биз аёллар Масиҳнинг намунаси бўлишимиз керак. Оилада яхши хулқимиз билан эрларимизни Худога олиб боришимиз мумкин. Агар эр Худога ишонмайдиган бўлса унга Худо ҳақида гапириш ёки ваъз қилиш билан яхши натижага эришиб бўлмайди. Аксинча бундай гап-сўзлар эрни жонига тегади холос. Агар сиз унинг ҳукмронлиги остида унга ҳурмат ва мухаббат кўрсатсангиз Худо сизнинг ҳаётингизда аниқроқ кўринади. Гап-сўзлар уни сиздан ва Худодан узоқлаштиради. Агар оилада аёл эрини ўзининг билимлари ва ваъзлари билан Худога тортмоқчи бўлган бўлса ва унинг бу қилмиши эрига ёқмаган бўлса, қилган ишлари учун эридан кечирим сўраши ва Худо буюрганидек, унга итоатли бўлиб, Худонинг иродасини ўзининг хаётида кўрсатишни бошлаши керак. Агар аёл гаплари ва ваъзлари билан эрнинг жонига теккан бўлса, ўзларини эрнинг ўрнига қўйиб кўрсинлар. Шундан сўнггина ўзгарган хулқ-атвор билан эрга хизмат қилишда ва итоатли бўлишда давом этсинлар. Бутун дунёдан воизларни йиғиб келиб, эрингизга Худо хақида уқтирсангиз ҳам, сизнинг ўзгарган ва художўйлик билан қилган ҳатти-ҳаракатларингизчалик яхши натижага эришолмайсиз. Агар аёл эрини Худога олиб келишни истаса у аввало ўзининг Худо билан муносабатларига кўпроқ диққат қилиши керак. Худога қанчалик итоат қилаётгани ҳақида ўйлаб кўришлари керак. Улар Худога: “Худойим эримни ўзгартир”, деб ибодат қилишларидан олдин, “Худойим мени ўзгартир”, — деб ибодат қилишлари керак. Борди-ю анчагина уринишлардан кейин ҳам аёлнинг эри Худога келмаган бўлса, тушкунликка тушмасин. Балки эр етарли даражада аёлида Худони кўролмаётгандир. Оилада аёл эрига итоатли бўлиши шарт. Бироқ бир ҳолатдагина ўша шарт ўзгаради. Агар эр ўз ҳукмронлигидан фойдаланиб, Муқаддас Каломга тўғри келмайдиган бирор нарса қилишни аёлидан талаб қилса, аёл эрига бўйсунмаслиги керак. Албатта Худо эрни оиланинг боши ва ҳукмрони қилиб яратган. Биз эса оилабошининг ҳукмронлиги остидаги шахсмиз. Бироқ эр Худонинг иродасига ва Каломига тўғри келмайдиган нарсани буюргани замон, у Худонинг ҳукмронлиги доирасидан чиқади. Чунки Худо ёвузликни ва гуноҳни хуш кўрмайди. Юқорида Муқаддас Каломдан эрларимизга бўйсуниш ҳақида ўқиган бўлсак ҳам, бундай ҳолатда Муқаддас Каломдаги ушбу оятни келтириб ўтаман: “Одамлардан кўра Худога кўпроқ итоат қилиш керак”. Бизни тинглаётган азиз опа-сингиллар Худонинг сизга берган донолигидан фойдаланиб, қайси ҳолатларда эрга бўйсуниш кераклиги-ю, қандай ҳолатларда бўйсунмаслик кераклигини билиб оласиз. Аёлнинг вазифалари эрни ҳурмат қилиш ва итоат қилиш билан чекланмайди. Аёлнинг вазифаларига кирадиган яна бир кўринишини кейинги суҳбатимизда сизлар билан бирга кўриб чиқамиз. Зеро оилада аёлнинг ўрни беқиёсдир. Оилангизнинг мустаҳкам бўлишини истасангиз бизнинг суҳбатларимизни қолдирманг.