3:50

Худбин киши билан яшаш мумкинми?

MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Азиз опа-сингиллар. Бугун ҳам сизлар билан суҳбатлашиш имконига эга бўлганимдан хурсандман. Мен Лола сизларга доимо фойдали ва керакли бўлган маълумотларни беришдан чарчамайман. Чунки сизларга шундай маълумот бериш баробарида ўзим ҳам ўрганаман. Шундай экан биргаликда суҳбатлардан завқланайлик. Агар ёдингизда бўлса ўтган сафарги суҳбатимизда худбинлик ҳақида бир оз маълумотга эга бўлдик. Бугун эса худбин турмуш ўртоқ билан яшаш мумкинми, деган мавзуда суҳбатлашамиз. Худбинлик турмушда эр-хотинлар ўртасида катта келишмовчиликка сабаб бўладиган нарса. Эр-хотинлардан бирининг худбин бўлиши охир оқибат оиланинг ажралишига сабаб бўлади.

Бироқ Муқаддас Каломда худбинлик туфайли ажралиш керак, деб ёзилмаган. Эр-хотин ажралиши мумкин, қачонки улардан бири зино қилса. Бундан бошқа сабаб билан ажралиш мумкин эмас. Эр ёки хотин худбинлигини ташламас ва ўзгаришни хаёлига ҳам келтирмас экан, жабр кўраётган эр ёки хотин нима қилиши керак? Худбинликдан қутилишнинг ягона йўли, ажрашиш эмас. Бундай пайтда имонли киши Худодан уни Муқаддас Руҳи, мухаббати, шодлиги ва тинчлиги билан тўлдиришини сўраб ибодат қилсин. Худонинг инояти орқали худбин турмуш ўртоқ билан яшашнинг иложи бўлади. Муқаддас Каломда: “Эгамизнинг Ўзи сизларнинг ҳар қандай эҳтиёжингизни Исо Масиҳ орқали, Ўзининг улуғвор бойлиги билан қондиради.”, — деб ёзилган. Худованд сизнинг ҳар қандай муҳтожлигингизни қондиришга ваъда берган экан, Унинг мухаббатига, иноятига суянишингиз ва Худованд сизга берган турмуш ўртоқ учун шукрона айтишингиз мумкин. «Худбин киши учун қандай шукрона айтиш мумкин?”, — деб ўйлаётгандирсиз?

Баъзилар шу гапдан сўнг: “Сиз эримнинг қанчалик худбин эканлигини билмайсиз-да! Бундай одам билан яшаб бўлмайди!”, деган фикрларни ҳам айтиши табиий. Бундайларни ҳаётда жуда кўп учратамиз. Агар яхшилаб ўйлаб кўрадиган бўлсак, турмуш қуришдан олдин, бу одам билан умримнинг охиригача яшайман, доимо унга ёрдам бераман, деган ниятлар билан бир ёстиққа бош қўйганмиз. Бундай одам билан яшаб бўлмайди. Унинг қанчалик худбинлигини билмайсиз-да, дейдиганларнинг гапи тўғри. Мен ёки бошқа биров турмуш ўртоғингизнинг қанчалик даражада худбинлигини билмайди. Бироқ Худованд, сизни яратган Тангри, сизга ўша турмуш ўртоқни берган Худованд буни билади-ку!

Бошқа биров ёки мен турмуш ўртоғингизнинг қанчалик даражада худбинлигини билмасман, бироқ Худонинг инояти, садоқатини биламан. Унга ишонинг! У сизнинг ҳар қандай эҳтиёжингизни, муҳтожлигингизни Ўзининг улуғвор бойлиги билан қондиради. Сиз энг асосийси Худонинг йўлида юришда давом этинг. Турмуш ўртоғингизнинг қанчалик худбинлиги, сизга етказаётган озорлари ҳақида ўйлашни қўйиб, Худо билан муносабатингиз ҳақида ўйланг. Эрингизни эса Худовандга топширинг. Эрингиз ҳақида сиз эмас Худованд бош қотирсин. Ҳар сафар унинг худбинлигидан асабийлашиб, жахлингиз чиққанида, жахл қилганингиз учун Худованддан кечирим сўранг.

Турмуш ўртоғингизни ўзгартиришни Худога топширинг. Кейин эса Худо у билан нима қилишини кутинг. Сиз ёки мен турмуш ўртоқларимизни ўзартиролмаймиз, бироқ Худованд турмуш ўртоқларни ўзгартиришга жуда уста. Бироқ бора-бора унинг худбинлиги бошқа гуноҳларга масалан сизни калтаклаш ва зино қилишгача борса, бу ҳолатда ёши катта имонли кишиларга маслаҳат солинг. Бироқ бундай бўлмаслигини Худодан тилаб қоламиз. Ҳар бир аёлнинг ҳаёти мухаббат, хотиржамлик, севинч каби Муқаддас Руҳнинг самараларига бой бўлсин. Ҳар қандай қийин ҳолатларда ҳам ёдингиздан чиқмасин, Эгамизнинг Ўзи сизларнинг ҳар қандай эҳтиёжингизни Исо Масиҳ орқали ўзининг улуғвор бойлиги билан қондиради. Кейинги суҳбатларгача соғ ва ОМОН бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top