Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Бугун қандай қилиб юракка Худонинг шодлигини тўлдириш ҳақида суҳбатлашамиз. Мен Лола бу ҳақида биринчи марта ўзим ўқиганимда ҳайрон қолган эдим. Келинг нима учун ҳайрон қолганимни тушунтирай.
Биз аёлларнинг ҳар биримизда Худонинг Ўз режаси бор. У биздан Унинг фарзанди сифатида бошқа аёлларни ҳам яхши нарсаларга ўргатишимизни истайди. Худо бизга нималарни ўргатган бўлса, ҳаётимиз давомида Худо ҳақида нималарни ўрганган бўлсак бошқаларга ҳам ўз билимларимизни бўлишишимиз лозим. Муқаддас Каломда бу ҳақида шундай ёзилган: «Шунингдек кампирлар ҳам … ҳар қандай хайрли ишда ибрат бўлиб турмуш кечирсинлар. Кампирлар ёш хотинларга ҳам таълим-тарбия берсинлар. Ҳаётида кўп нарсани кўрган, ўрганган аёллар ўзидан ёшроқ аёлларга турлича йўл билан «таълим-тарбия» беришлари мумкин. Баъзан бирор бир вақтни ажратиб, суҳбатлашишлари, биргаликда ўрганган нарсаларни муҳокама қилишлари мумкин. Бироқ ҳар доим ҳам учрашиб гаплашишга вақт бўлмаслиги мумкин. Бундай пайтларда нима қилиш керак? Китоб ҳар қандай ҳолатда ҳам энг яхши ёрдамчи ва маслаҳатчидир. Худонинг Каломини ўқиб, баъзан ёши ва тажрибаси каттароқ бўлган аёл билан кўришганда, тушунмаган жойларини сўраши, ҳаёти борасидаги муаммоларда маслаҳат олиши мумкин. Яна бошқаларнинг ҳаётини кузатиб ҳам кўп нарсаларни ўрганиш мумкин. Агар аёлнинг ўқишга вақти бўлмасачи? Бу ҳам бир муаммо, бироқ бу муаммонинг ечимини топса бўлади. Албатта аёл киши уйдаги ишларни қилиши учун ҳам вақт етарли эмас, ундан ташқари эр, болалар ғамхўрлиги дегандай. Бироқ шундай ҳолатда ҳам вақт топиш мумкин экан. Бир аёл шундай дейди: «Мен ҳар куни ўн минут вақтимни китоб ўқишга ажратаман. Шунда ҳам анча мунча китоб ўқиб қўяман. » Агар ҳеч ҳам вақтим йўқ дейдиган бўлсангиз, сиз ҳам ўша аёл каби ҳеч бўлмаса ўн минут вақтингизни китоб ўқишга ажратинг. Мана вақт муаммосини ҳам ҳал қилдик, лекин китоб ҳам пул туради. Китоб ўқиб туриш учун ҳам маблағ керак. Хўш маблағни қаердан оламиз? Орамизда кўпчилик телевизорда кўпроқ каналларни кўриш учун кабел улатган. Кабел учун ҳар ойда қанчадир маблағ кетади. Агар ўша бемаза каналлар учун пул тўлаш ўрнига китоб сотиб олсак, руҳий ахволимизни ўстирган бўлардик. Китоб сотиб олишингизнинг ҳеч иложи бўлмаса, яқин танишларингиздан сўраб-суриштиринг. Уларда сизга керакли китоб бўлиши мумкин. Чиндан ҳам ўқишни истаган одам, танишларидан сўраб бўлса ҳам ўқийди. Руҳий ўсиш учун Худо ҳақида кўпроқ ўрганиш керак. Худо ҳақида кўпроқ билиш учун эса кўпроқ ўқиш лозим. Ўқишга қарор қилган аёл ўзи учун мақсад қилиб олса яхши бўларди. Масалан: «бир йилда битта китобни ўқиб тугатаман», деган мақсад. Яқинда мен жуда яхши бир китобни ўқиб тугатдим. Бу китобни қачон бошлаганимни биласизми саккиз ой олдин. Биласиз аёл киши рўзғор, бола ва оила ташвишлари билан китоб ўқишга вақт ажратиши қийин. Бироқ уддаласа бўларкан. Ўз олдингизга қўйган мақсадингизга эришишингиз учун эса танлаш керак бўлади. Сиз кундалик ҳаётингизда тўғри нарсани танласангизгина руҳий ўсасиз. Энди Худонинг шодлиги ҳақида гаплашсак. Хўш ўқишнинг Худо шодлигига тўлишга қандай алоқаси бор? Ўйлаб кўринг, Худонинг ниятларини билмай туриб, қандай қилиб Худо шодлигига тўлиш мумкин?