3:11

Худованд менинг гуноҳимни кечирмайди

MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Мен Лола сизлар билан яна эфир орқали дийдорлашиб турганимдан мамнунман. Ҳар сафар кечирим – Худонинг кечирими ҳақида сўз кетганда, кимдир дилида: «Худо менинг қилган ишимни кечирмайди», деб ўйлаши мумкин. Бундай одамлар: «Мен қилган ишим учун ўзимни кечира олмайман, Худо қандай кечирсин», деб ўйлайдилар. Муқаддас Каломда ўзимизни кечиришимиз ҳақида ёзилмаган. Бундай ўйлайдиган аёллар ўзларини кечирилган ҳис қилмаётганларини назарда тутсалар керак. Худованд чин дилдан тавба қилган ҳар бир кишининг гуноҳини кечиришини улар билишади, аммо чиндан кечирилганларига ишонишмайди. Чунки Худонинг марҳамати ва меҳрибонлигини қабул қилиш қийин. Худо билан ярашиш учун гуноҳини ювишга арзирли бирор иш қилиш керак деб ўйлашади.

Бироқ муаммо шундаки бутун ҳаётимиз давомида қилинган «савоб ишлар» ҳам гуноҳимизни ювишга етмайди. Ҳар доим ҳам ҳис туйғуларга ишониб яшаб бўлмайди. Кўпинча ҳис туйғулар инсонга панд бериб қўяди. Муҳими кечирилганини ҳис қилиш эмас, унга ишониш. Биз ўз ҳаракатларимиз ва савоб ишларимиз билан бир неча йиллик гуноҳларимиз у ёқда турсин, ҳатто биргина гуноҳимизни ҳам юва олмаймиз. Оқ кўйлакка томизилган анор доғи каби кичкинагина гуноҳимизни ҳам ўз кучимиз билан кетказа олмаймиз. Айбдорлигимизни кетказиш мумкин бўлган биргина йўл бор. У Исо Масиҳнинг қони. Унинг қони бизнинг айбдорлигимизни қоплайди. «Менинг гуноҳим унчалик катта эмас» ёки «Худо менинг гуноҳимни кечирмайди» деган икки хил ёлғон учун биргина ҳақиқат жавоб беради.

Бу Гўлготадаги Худонинг марҳамани ва мухаббати. Худо бутун гуноҳкор инсониятни севиб, дунёнинг гуноҳини биргина Исо Масиҳнинг гарданига қўйди. Ўша пайтдан буюн Ундан узоқда бўлган гуноҳкорлар билан тинчлик сулҳини тузди. Исо Масиҳ орқали Худо менга марҳамат қилди деб ишонганларнинг ҳаммаси учун Худо билан муносабат эшиклари очилади. Худованд гуноҳкорларни ўзи билан яраштириш учун катта тўлов тўлади. Исо Масиҳнинг хочдаги ўлими Худонинг ҳатто энг разил гуноҳкор учун ҳам муҳаббати ва марҳаматини ифодалайди. Уилям Купер деган ёзувчи ҳақида эшитганмисиз? Уилям Купер 19 асрда Англияда яшаб ўтган ёзувчи. Ëшлик йилларида бу ёзувчи ҳам орамиздаги кўпчиликка ўхшаб қалбида оғир айбдорлик ҳиссини кўтариб юрган. Асабий ҳолларда ўзини бошқара олмайдиган даражага келиб қолгач эса руҳий касаллар шифохонасига тушади.

Шифохонада даволанаётган кезларида Муқаддас Каломни ўқиб чиқади. Ўқиганларидан «биз учун қонини тўкканига ишонган кишининг гуноҳлари ювилсин, деб Худо Масиҳни қурбонликка бағишла» ганига « ва шу йўсинда Ўзининг адолатли ҳукмини очиқ намоён қил»ганига амин бўлди. «Худо сабр қилиб, илгари қилинган гуноҳларни жазосиз қолдирган бўлса-да, ҳозирга келиб, Ўзининг адолатли ҳукмини амалга ошир»ганини англади. Купер бу ҳақиқатни тушуниб етгач, гуноҳларидан озод бўлди. Бир неча йиллар ўтиб эса Худонинг марҳаматини куйловчи гимн ёзди. Бу гимн бугунга қадар имонлилар оғзидан тушгани йўқ. Шайтоннинг: «Худо сенинг бу гуноҳингни асло кечирмайди» деган ёлғонига ишонманг. Худо гуноҳдан нафратланади, бироқ чин дилдан, астойдил тавба қилганни кечиради. Юқоридаги ёлғонга ишониб шайтоннинг тузоғига тушиб қолманг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top