Ассалому алайкум қадрли аёллар. Биз аввалги сухбатимизда болалар характерининг ривожланишида оиланинг ўрни беқиёс эканини айтиб ўтдик. Агар оила рисоладагидек бўлса, боланинг хулқидан ва характеридан ташвишланмаса хам бўлади. Бугунки кунда кўпгина масихий оилалар фарзандларини Муқаддас Калом таълимотига кўра тарбиялашга харакат қилмоқдалар. Бироқ келинг шу ўринда илк жамоат даврида фарзандлар тарбиясида нималарга эътибор берилганини кўриб чиқайлик. Ўша пайтларда масихийлар оилада маънавий қадриятларга ва характерга, боланинг дастлабки ойлариданоқ, хавфсизликка ва ўз-ўзига ишончга, қизиқувчанликка, 3-4 ёшларида ўз-ўзини бошқара олишга, 3 ёшдан 5 ёшларгача жинсларнинг фарқига ўргатишган. Маънавий қадриятлар ўргатилмайди. Уни боланинг ўзи ота-онага қараб илиб олади. Агар оилада ота ёки она бошқаларга тўғри муносабатда бўлса, хурмат кўрсатса, бола хам шунга ўрганади. Бироқ ота-она ёлғон гапирса, ғирромлик қилса, бола хам шундай қилади. Болага хаётда қандай бўлиш кераклиги у туғилган пайтданоқ ўргатилади. Бола туғилгани захоти онанинг қучоғида бўлиши керак. Онанинг мехри ва тафти орқали у мухаббатни ва ўзига ишончни хис қилади. Кўкрак эмиб катта бўладиган болалар, идишда озиқланган болаларга нисбатан мухаббатга кўпроқ тўйиши исботланган. Оиладаги соф мухаббат болаларнинг хурсанд ва химояда ўсишларига сабаб бўлади. Оилада эр-хотин бир-бирини севса болалар хотиржам бўладилар. Келажакда болалар хам ўз турмуш ўртоқларига мухаббат билан муносабатда бўлишни ўрганадилар. Оилада асосий ўринни бола эмас турмуш ўртоқларнинг муносабати эгаллаши керак. Шунда тўғри бўлади. Бола эса иккинчи ўринда туриши керак. Бир аёл эрининг унга бўлган муносабатидан жуда чарчади. Чунки аёлнинг эри унга эмас кўпроқ онасига суянарди. Хар куни кечқурун онасига кунини қандай ўтказгани ва нима муаммолар бўлгани хақида телефонда соатлаб гапирарди, хотинига эса бу хақида хеч нима демасди. Бир куни у ётоғига кирганда мана шундай ёзувни ўқиди: «Мен оилали бўлишни эмас, онам билан яшашни истайман”. Бу жуда табиий бўлмаган мухаббат. Оилада бу эркак онаси учун биринчи ўринда бўлган. Эри билан муносабати ва бошқа нарсалар эса иккинчи ўринда. Онаси уни хали хам ушлаб турибди. Эрнинг оиласи рисоладагидай бўлишига онанинг мухаббати халақит беряпти. Азиз оналар эхтиёт бўлинг сизнинг мухаббатингиз биринчи ўринда эрингизга кейин эса фарзандингизга қаратилган бўлиши керак. Агар акси бўлса, фарзандингизнинг оиласи келажакда пароканда бўлиши мумкин. Эр-хотин бир бирини севишини фарзандлар хам билиши керак. Кўпгина эр-хотинлар фарзандлари олдида ўз мухаббатларини кўрсатишдан уяладилар. Буни номаъқул деб хисоблашади. Албатта сиз фарзандингиз олдида ўпишишингиз шарт эмас. Аммо турмуш ўртоғингизнинг қўлини сиқиб қўйиш ёки уни енгилгина қучиб қўйиш билан хам мухаббатни кўрсатиш мумкин. Бу усуллар хам сизга тўғри келмаса, нигохлар ва сўзлар орқали, сўзингизнинг оханги орқали хам кўрсатишингиз мумкин. Фарзандлар буни пайқайдилар. Ота-онасининг бундай мухаббатини кўриб ўсган болаларнинг ўзлари хам тўғри турмуш қура оладилар. Сизнинг хаётингизда оила Худодан кейин иккинчи ўринда туриши керак. Худованд сизнинг оилангизни қурибдими, Унга шундай оила бергани учун шукрона айтинг. Оилангиз ишингиздан ота-онангиздан ва фарзандларингиздан хам мухимроқ бўлсин. Бизда шундай мақол бор: «Хотин ёки эр топилади она топилмайди”. Бу мақол кўпчиликнинг хаётини бузиб юбориши мумкин. Албатта бир хотиндан ажрашиб иккинчисига уйланиб кетиш мумкин, бироқ бу Худо яратган оила бўлмайди. Худо ажрашишларни ёқтирмайди. Ота-онага нисбатан хурматсиз бўлиш хам Худонинг хохишига тўғри келмайди. Энг яхшиси онани севган ва хурмат қилган холда аёлини хаётида биринчи ўринда турадиган аёл деб билишдир. Аёлларга хам шу маслахатни берамиз. Ота-онани севган ва хурмат қилган холда эрини биринчи рақамли шахс деб хисоблаш керак. Мана шу тўғри муносабат бўлади. Сизларнинг оилангизда ахвол қандай азизлар? Сухбат давомида Лола сизларнинг ихтиёрингизда бўлди. Кейинги сухбатларга қадар ОМОН бўлинг деб қоламан.