2:49

Матоларни оқартириш

MP3

Ассалому алайкум бекажонлар. Аёлнинг уйдаги ишларини осонлаштириш учун бериладиган маслаҳатлар ҳар бир аёлнинг жону дили. Улар бундай маслаҳатлардан бажонудил фойдаланишади. Бугун кераксиздек туюлган маслаҳат вақти келиб, албатта, асқотиши аниқ. Шунинг учун бу сафар сизга бермоқчи бўлган маслаҳатларимизни йиғиб қўйинг. Ахир айтишади-ку: «Керакли тошнинг оғири бўлмайди» деб. Марҳамат диққат билан тингланг. Аёллар учун кир ювишда энг муаммоли ҳолат бу чойшабларни оқартириш. Чойшаблар тез кир бўладиган ва алмаштириладиган кирлардан. Чойшабингизни оқартирмоқчи бўлсангиз, аввало, уларнинг барча турдаги аксессуарларидан ажратинг. Сўнгра 10 литр сувга 20 гр оқартирувчи махсус қоришмани солиб унга чойшабларни жойлаштириб қайнатинг.

Агар сунъий матолар бўлса унда 50 градусдан юқори бўлмаган ҳароратда узоғи билан 20 дақиқа қайнатинг-да сўнг чайиб юборинг. Пахта ва зиғир матоларини юқори ҳароратда оқартириш керак бўлса-да, сувни асло қайнатиб юбормаслик лозим. Сўнг маҳсулотни аввал илиқ, кейин совуқ сувда чайиш керак. Мабодо эски ва сарғайган матони тезда оқартиришнинг иложи бўлмаса, унда жараённи такрорлашга тўғри келади. Оқартирувчи ва дезинфексияловчи воситалардан оқ рангли пахта зиғир ва сунъий толаларни оқартириш учун фойдаланилади. Шу боис аввал газламани намланг ва совунлаб оқартирувчи аралашма қўшилган сувга солинг. 3-4 соатдан сўнг чойшабларни яна совунлаб ювиб, яхшилаб чайинг. Бунинг учун кўп вақтингиз кетса-да, ундан кейинги натижа кўзингизни қувонтиради.

У шароитида чойшабларни оқартириш учун водород пероксидидан фойдаланиш мумкин. Бунинг учун сув тўлдирилган челакка 3 ош қошиқ эритмадан солинг. Сўнгра чойшабни ярим соатга сув ичида қолдириб, чайиб бўлганингиздан кейин албатта, офтобда қуритинг. Баъзи аёллар матоларни кўк рангга бўяшни маъқул кўришади. Бунинг учун махсус бўёқлардан фойдаланилади. Бундай маҳсулотлар кукун ёки суюқ ҳолатда ишлаб чиқарилади. Агар бўёқ кукунли бўлса, уни 4-5 қават қилинган докали қолипчага солиб, илиқ сувга ташланг. Сув керакли рангга ўтганидан сўнг қопчани олиб, массани яна бир бор аралаштирганингиздан кейин матони солишингиз мумкин. Ëдимда биз кичиклигимизда бувим чойшаб ва ёстиқ жилдларини крахмаллаб қўярди. Бугун жуда кўп аёллар крахмаллаш йўриқномасини унутгандек, назаримизда.

Шуни ёдингизда тутингки, крахмалланган чойшаблар кам кирланади. Бунинг учун ярим стакан крахмални 3 стакан совуқ сувда эритинг. Сўнгра оз-оздан ушбу аралашмани 3 л қайноқ сувга қўшинг. Ҳосил бўлган аралашмада матоларни чайишингиз мумкин. Шунингдек, крахмалланган маҳсулотларни бир оз нам ҳолатда дазмоллаш кераклигини унутманг. Кийимлардаги ёқа ва енгни крахмаллаш учун 1 л сувга 2 ош қошиқ крахмал аралаштиринг. Сўнгра аралашмада кийимни енгил чайиб, тўғрилаб, бир оз намлиги сақланиб қолгунча қуритинг ва дазмолланг. Ана шунда турмуш ўртоғингиз ёки ўғлингизнинг ёқалари жуда чиройли кўринади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top