3:05

Баланд пошна муаммолари

MP3

Ассалому алайкум. Руҳшуносларнинг фикрича, аёлнинг оёқларига қараб, табиатини билиш мумкин экан. Бу қанчалик ҳақиқат эканлигини билмадигу, аммо аёлнинг оёқларига қараб, баланд пошнали пойабзалларга «меҳри»ни билиш мумкин. Баланд пошналарнинг суякларимизга салбий таъсирини билсак-да, гўзаллик қурбонлик талаб қилади, деб, яна ўша баланд пошнали оёқ кийимда кунимизни ўтказамиз. Натижада кечга бориб, оёқлардаги оғриқ секин-аста бармоқлар қийшайиши ва яна бошқа муаммоларга олиб келади. Ҳар бир қадам ташлаш эса азобга айланади. Вақт ўтиши билан деформация кучайиб боради. Қадам ташлаш оғирлашади, чўлоқлик пайдо бўлади. Бундан ташқари, деформацияланган бўғимда оғриқ, шиш, тери қадоғи, яллиғланиш каби ҳолатлар юзага келиб, типик артроз ва артрит келиб чиқади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас, бундай қийшайиш натижасида тизза, тос, умуртқа поғонасига оғирлик нотўғри тушиши оқибатида ҳаракатланишга хавф сола бошлайди. Юқоридаги касалликларнинг орттирилган тури охирги пайтларда жуда кўп учрамоқда. Бунинг асосий сабаби ортопедик тартибни бузишдир. Яъни, баланд пошнали пойабзални узоқ вақт кийиш, профилактик чора-тадбирларга амал қилмаслик.Бундай пойабзал кийганда оёқ панжасига тушаётган юклама нотўғри тарқалади. Юклама оёқ учига силжиб, нотўғри жойлашиб ҳаракатланаётган бош бармоқ асосида зўриқиш юзага келади. Охир оқибат деформация юзага келади. Бу хавф айниқса, ортиқча вазнли, баланд пошнани севувчи хонимларда учрайди.

Агар оёқ суякларингизда ўзгариш кузатилаётган бўлса, махсус патак, супинатор, ортопедик коррекцияловчи пойабзал, бош бармоқ ва иккинчи бармоқ орасига қўйиладиган силикон ғулача, кечқурун кийиладиган махсус бармоқ корректорларини қўллаш мумкин. Шунингдек, пойабзал кийишни осонлаштирувчи махсус тагликлар ҳам бор. Аммо бу мосламалар фақат беморнинг ҳаётини енгиллаштиради, муаммони ҳал қилмайди. Бу мосламанинг барчаси шифокор-ортопед билан биргаликда танланиши зарур. Ортопедик тартибга амал қилиб, иложи борича учи кенг, пошнаси 4 смдан баланд бўлмаган таглиги қаттиқроқ оёқ кийимлар кийинг. Кроссовка ва кедалар ҳам ҳар доим кийиб юришга ярамайди. Уйда ялангоёқ юриш ҳам фойдали. Шунингдек, ўзингизда бу нуқсонга мойиллик сезсангиз ва бош бармоқда деформация содир бўлган бўлса, албатта шифокор кўригига боринг.

Юқоридаги муаммони шифокор-ортопед билан биргаликда тезроқ ҳал қилиш учун махсус машқлар ҳам қилиб туришингиз керак. Оёқ кафтини яхшилаб уқаланг. Ҳар бир бармоғингизни ёнга тортинг ва ўқи атрофида айлантиринг, бўғимни букиб ёзинг ва асосий машқларга ўтинг. Ерга бирор шишани қўйиб, уни қаттиқ босган ҳолда 1-2 дақиқа мобайнида оёқларигиз билан юргизинг. Бармоқларингизни букиб очинг. Яланг оёқ ҳолда оёқ учи ва ёнида юринг. Ерга майда нарсаларни сочинг ва бармоқларингиз билан уни теришга ҳаракат қилинг. Асосийси, машқларни ҳар куни 10 дақиқадан бажаринг. Шунда оёқларингиз соғлом бўлади. Бу тана аввало Яратувчиники, уни соғлом сақлаш билан ҳам Уни мамнун қилган бўласиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top