3:31

Иммунитетни шакллантириш

MP3

Ассалому алайкум. Болаларимиз соғлом ўсишлари учун уларнинг иммун тизимлари яхши шакллантирилган бўлиши керак. Она сифатида иммун тизимини тўғри шакллантириш ёки уни мустаҳкамлаш ҳақида баъзи маълумотларга эгамиз. Бу ҳақида бизга доно бувижонларимизу, ғамхўр онажонларимиз айтишган. Шунга қарамай у ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлсангиз ундан ҳам яхши. Боладаги иммун тизимини шакллантиришнинг бир яхши жараёни бу боланинг турли касалликларга қарши олиб бориладиган эмлаш профилактикасидир. Боланинг эмланиши тиббиёт тизимида узлуксиз ва босқичма-босқич амалга оширилади. Шунингдек, болалар орасида учрайдиган зотилжам, бронхит, қизамиқ, дифтерия, менингит, тепки ва бошқа касалликларга қарши эмлаш ўтказилади. Ушбу касалликларда қўлланиладиган вакциналар туфайли 2 ёшгача бўлган болаларнинг касалланиш даражаси камаяди. Бола иммунитетини оширишнинг ўзига яраша талаб ва қоидалари бор.

Дунёнинг кўплаб давлатларида айнан ривожланиш босқичида бўлган боланинг иммунитетини ошириш бўйича жорий қилинган талаб ва қоидалар бир хил. Фақат манзил ва болалар фарқланади, холос. Буни шифокорлар «5 қадам қоидаси» деб аташади. Биринчи қадам тиббий кўрик бўлиб, болани тор доирадаги мутахассислар текширувидан ўтказиб туриш талаб қилинади. Агар у кўпинча айнан бир хил касаллик билан оғриса, уни бартараф этишда қўлланиладиган усулларни ишга солиш лозим. Иккинчи қадам боланинг ошқозон-ичак трактига аҳамият бериш билан боғлиқ. Шифокорларнинг таъкидлашича, иммунитет функцияси 70 фоиз ҳолатда ошқозон-ичак тизими зиммасига юклатилган бўлади. Ошқозон-ичак тизими нормал ишлаши учун тўғри овқатланишни йўлга қўйиш керак. Бола ичаклари учун фойдали бўладиган маҳсулотлар ҳақида яхши маълумотдардан боҳабар бўлгач, фарзандингизнинг оғзига ёқадиган таомлардан тайёрлаб беринг. Шунда болангизни ҳар қандай хасталиклардан ҳимоя қилган бўласиз.

Учинчи қадам бола организмини оқсил, витамин, углевод ва бошқа микроэлементлар билан озиқлантиришга катта эътибор қаратишда кўзга ташланади. Имкон қадар гўшт, сут, мева, сабзавотнинг табиийсини истеъмол қилиш керак. Дудланган, қовурилган, сунъий тайёрланган озиқ-овқат хилларидан имкон қадар воз кечган маъқул. Тўртинчи қадам иммуниетни кўтарадиган препаратларни фақат педиатр-шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда қабул қилишдир. Бешинчи қадам эса даволаш хусусиятига эга бўлган бадантарбия машқларини ҳар куни эрталаб уйқудан туриши билан болага бажартиришдан иборат. Улар жуда хилма-хил, аммо айнан бола иммун тизимини кўтаришга хизмат қилувчи бир нечта машқлар мажмуаси бор. Жумладан, бошни ўнг ва чап томонга галма-галдан айлантириш. Қўлни тепа ва пастга кўтариш, нафас олиб, чиқариш. Қўлни мушт қилиб қўйиб юбориш. Бу машқларни бажариш осон ва болани чарчатмайди.

Болангиз машқларни бажариши учун, сиз ҳам улар билан қўшилиб машқ қилишингизга тўғри келади. Хуллас, болакайлар ташқи дунёга мослашгунча жуда ҳам нозик ва тез касалланадиган бўлишади. Биз оналар эса уларнинг атрофида парвона бўламиз. Кўзимизнинг оқу-қораси эсон омон касал бўлмай катта бўлиши учун ҳар нарсага тайёрмиз. Шунинг учун ҳам она бир пайтнинг ўзида ҳам она, ҳам шифокор ва яхши ошпаз бўлиши керак. Бу ишнинг ҳаммасини баравар олиб бориш учун эса онадан сабр-тоқат, ирода ва изланиш талаб этилади. Шунинг учун ҳам янги она бўлган ёш аёлларимизга атрофида қайноналари, оналари ва бувижонлари доимо мададкор ва маслаҳатгўй бўлиб туришади. Сиз юқорида келтирилган маълумотлардан фойдалансангиз, фарзандингиз соғлом ва хурсанд бўлади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top