3:02

Кўнгил кечинмалари

MP3

Ассалому алайкум қадрдон аёллар. Аёл қалби бир оламчалик кенг, бир гулзор каби гўзал ва пахтадек юмшоқ. Аммо гулдек нозик эканлиги ҳам ҳақиқат. Бугунги суҳбатимизда аёл кўнгли кечинмаларига кичик бир дарчадан назар соламиз. Дарча орқали кўрганларимиз эса мана булар:

«Табиатан меҳрибон ва очиқкўнгилман. Биров билан сабабсиз жанжаллашадиган одатим йўқ. Аммо, негадир шу кунларда асабларим таранглашиб бораяпти. Бунга нима сабаб бўлаётган экан. Охирги пайтларда ишларим ёки зиммамга тушаётган маъсулиятли ишларнинг кўпайганимикан? Аммо булар асосий сабаб эмас, деб ўйлайман. Турмуш қурганимга 5 йил бўлди. Келинлигимнинг илк кунларида эримнинг ота-онаси ва опаларига бўлган муносабатини кўриб, чин дилдан ҳавасим келарди.

Аммо бу ҳавас борган сари ҳасадга айланди. Нимага дейсизми? Чунки эрим топган-тутганини ҳам, меҳрини ҳам фақат уларга улашадиган бўлди. Шу ҳақида ўйласам, ўзимни айбдордек ҳис қила бошлайман. Ахир эримнинг яқинларига меҳрибон бўлиши жуда яхши-ку. Мен ҳасад қилиб, айбдор бўлиб қолаётганимни ҳис қиламан. Бироқ, мен ҳам эримнинг меҳр-муҳаббатига эътиборига ҳаққи бор инсонман-ку! Унинг энг яқини мен эмасман-ми? Қалбимдаги ҳасадга айланган ҳаваснинг ўз сабаби бор. Бошида унинг бу меҳрибончилиги мени унчалик безовта қилмади. Аммо шаҳарга, ўз уйимизга кўчиб келганимиздан кейин ҳаммаси аниқ сезиладиган бўлди. Уйимиз жуда эски ва таъмирга муҳтож ҳолда, аммо бирор марта у – бу жойига қўл тегизилмади. Лекин қайнона-қайнотам яшайдиган уйни эрим ҳар йили таъмирдан чиқарарди.

Эрим ҳам, мен ҳам ишлайман. Эримнинг топгани қишлоққа, меники эса рўзғорга учма-уч етади. Ахир рўзғорнинг кам-кўстини тўлдириш эркакнинг вазифаси эмасми? Нимага буни фақат мен ўйлашим керак? Тўғри, тушунаман, дунёда фарзандлик бурчи деган тушунчалар бор. Лекин одам кўрпасига қараб оёқ узатиши керак-ку? Айниқса, эримнинг яқинда қилган иши жуда кўнглимни оғритди. Ўша куни ўғлимнинг тоби қочиб қолди. Истимаси қирққа кўтарилиб, ўзини билмай қолди. Хўжайинимга телефон қилсам, «Ўзинг амалла», деди. Тез-ёрдам чақириб, касалхонага олиб бордим. Кеч бўлди ҳамки эримдан дарак йўқ. Яна телефон қилсам «Боя айтиш эсимдан чиқибди, ҳозир онамларникидаман», — дейди. Бу гапни эшитдим-у, ўз қадримиз учун аччиқ-аччиқ йиғладим. Ахир одам деган ҳам ўз фарзандининг соғлиғига шунчалар беэътибор бўладими? Кўнгил қурғур нозик эканми, ҳар нарсадан таъсирланади.

Бундай пайтларда қандай йўл тутишни билмай қоламан. Эримни уйдан бездириб қўймаслик мақсадида кўпинча аламимни ичимга ютиб юравераман. Аммо бу аҳволда қанча вақт чидай оларкинман. Бир куни ўзимни тута олмай қолишимдан қўрқаман!!!» Азиз ва оқила бекалар, бу аёлнинг кўнгил кечинмаларига муносабатингиз қандай? Сиз мана шу аёлга қандай маслаҳат берган бўлардингиз? Ҳаётингизда бўлиб ўтган шу каби кўнгилсиз ҳолатлардан қандай чиқиб кетгансиз? Балки сизнинг ҳам кўнглингизни ғаш қилаётган сабаблар бордир. Юқоридагидек ҳолатдаги аёлларга маслаҳатингиз бўлса, ёки кўнглингизни очмоқчи бўлсангиз, бизнинг www.najot.com сайтимизга марҳамат қилинг. Ҳамда dilkash@najot.com электрон манзилимизга ўз кечинмаларингизни ёзиб юборинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top