Ассалому алайкум гўзаллар. Аёл эркак кишидан кўриниши билангина эмас, ички характери ва фикрлаши билан ҳам фарқланади. Бугун биз аёлга Муқаддас Калом фикри билан ёндашамиз. Муқаддас Калом аёлнинг вазифаси, яралишдан мақсади ва табиати ҳақида бизга кўп нарсаларни очиб беради. Муқаддас Калом аёлнинг пайдо бўлиши ҳақида шундай дейди: “Сўнгра Парвардигор Эгамиз: “Одамнинг ёлғиз бўлиши яхши эмас, унга муносиб шерик яратаман”, деди. Шундай қилиб, Парвардигор Эгамиз тупроқдан ҳар хил ҳайвонларни ва ҳар хил қушларни яратди. Худо: “Бу жониворларни одам кўриб қанақа ном бераркин”, дея уларни одамнинг олдига олиб келди. Одам ҳар бир жонивор учун ном танлади. Одам ҳамма чорвага, қушларга ва ёввойи ҳайвонларга ном берди. Лекин ҳамон унга муносиб шерик йўқ эди. Шу боисдан Парвардигор Эгамиз одамни қаттиқ ухлатиб қўйди.
Одам ухлаб ётганда, Худо унинг қовурғасидан биттасини олди ва қовурғанинг ўрнига эт қоплади. Парвардигор Эгамиз одамнинг қовурғасидан хотин кишини яратди ва уни одамнинг олдига олиб келди. Шунда одам айтди: “Ниҳоят, бу менинг суякларимдан пайдо бўлган суякдир, Менинг этимдан яралган этдир. У Хотин, деб аталгай, Чунки у эркакдан c яратилгандир.” Худованд аёлни эркак учун яратди. Худованд одам Атонинг ёлғиз бўлмаслиги унга суҳбатдош ва дардкаш бўлиши, севиши ва севилиши учун аёлни яратди. Худован Сулаймон орқали ҳам шундай деган: “Икки киши бир кишидан кўпроқ иш бажара олади, улар ўз меҳнатлари учун яхши тақдирланадилар. Агар биттаси йиқилса, иккинчиси турғизади, лекин ёлғиз бўлганнинг аҳволи чатоқдир, у йиқилса, турғизишга ёнида ҳеч ким бўлмайди.” Киши ёлғиз бўлса, унинг тушкунликка тушиши ва ҳаёт зарбаларига енгилиши тайин.
Худованд аёлни нафақат эркак учун яратди, балки аёлдай нозик ва бетакрор ҳилқатни эркакдан яратди. Шунинг учун биринчи марта аёлга назар ташлаган эркак шундай деди: “Ниҳоят, бу менинг суякларимдан пайдо бўлган суякдир, Менинг этимдан яралган этдир. У Хотин, деб аталгай, Чунки у эркакдан яратилгандир.” Аёлнинг ҳаётдаги роли ва унинг муҳтожликларини аниқлашда унинг эркак кишидан олиб яратилгани борасидаги ҳақиқат ўта муҳимдир. Аёлнинг ҳаётдаги ўрни Муқаддас Каломда аниқ қилиб айтилган: “Хотинга эса шундай деди: “Ҳомиладорлигингда ғоят азоб бераман, Машаққат ила бола туғасан. Аммо эрингни қўмсайверасан, Эринг эса ҳоким бўлади сенинг устингдан.” Каломда айтилганидек, аёл эркакдан, эркак учун ва унинг шарафи учун яратилган. “Аёл киши эса эркак кишининг улуғворлигини акс эттиради. Ахир, эркак аёлдан эмас, балки аёл эркакдан яратилган.
Худонинг каломи қораланмаслиги учун, улар ўз эрлари ва болаларини севадиган, рўзғорга жонкуяр, вазмин, иффатли, хушфеъл, эрларига бўйсунадиган бўлсинлар. “Ўшандан буён, хотинлар туққанда лаънат туфайли дарду азоб чекадиган бўлдилар. Бироқ шунга қарамай, агар улар камтару бамаъни бўлишса, Масиҳга бўлган имонда собит қолиб, меҳр–оқибатли бўлиб, тақводор ҳаёт кечиришса, нажот топадилар.” Аёлни “рўзғорга жонкуяр” бўлиши унинг ҳаётдаги асосий вазифасини белгилайди. Оила аъзоларининг саломатлиги, ҳонадонининг осойишталиги ва покизалиги аёлнинг масъулияти чекига тушган вазифадир. Бугун фикримизча жуда кўп карьера қилишни истайдиган аёлларга айнан юқоридаги оилапарварлик етишмаётгандек. Худованд иродасига кўра, эр-хотин бир-бирларини руҳан қўллаб-қувватлаши ва бир-бирларига тиргак бўлишлари керак.