3:30

Ўжарлик

MP3

Ассалому алайкум меҳрибон оналар. Фарзанди инжиқ ва ўжар бўлган оналар жуда кўп чарчашади. Ахир бундай ўжар ва инжиқ болани катта қилишнинг ўзи бўладими? Баъзи ота-оналар ҳаддан ортиқ хархаша қиладиган болаларидан нолийдилар. Бироқ, кичкинтойнинг инжиқ бўлиши, унинг ҳис-туйғуга бойлигидан дарак беришини ҳамма ҳам билавермайди. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, ўзбилармон, ўжар болакайларда туғма ижодий салоҳият мавжуд бўлади. Агар улар оилада тўғри тарбияланса, келажакда мустақил фикрли, кенг дунёқарашли инсон бўлиб камолга етади. Ҳиссиётга берилувчан болалар ҳамма нарсага қизиқувчи, хаёлпараст, ранг-баранг ва чиройли нарсалардан ҳайратланадиган ёхуд сал нарсадан таъсирланиб, йиғлайдиган болалардир. Бунда ота-оналар фарзандида оламни англашга кучли интилиш ва имконият борлигини унутмасликлари лозим.

Аксарият шундай болалар унинг хоҳишига қарши борганингиздагина хархаша қилади. Яъни, у атрофидаги воқеа-ҳодисалар тасаввурида кўргандек бўлишини истайди. Ўта сезгир, қобилиятли ва меҳрибон бу болалар осмондаги булутларга термулиб, “ойи, бу булут отга, мана буниси айиққа ўхшаркан” ёки барглари тўкилган дарахтларга қараб: “бу сочлари тўкилган кекса дарахт” деб гапириши, юлдузларга боқиб, тинмай савол бериши мумкин. Улар теваракдаги жонли ва жонсиз нарсаларни ўз тасаввурларича идрок қилиб, ҳар бир нарсани образли ифодалайдилар. Психологларнинг фикрича, болаларда ҳиссий қобилиятни тарбиялашда табиий усуллардан фойдаланган маъқулроқ. Яъни, расмлар, замонавий техник воситалардаги рангли-овозли иловалардан кўра табиат ҳодисалари, ердаги табиий жисмлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси билан боғлиқ маълумотлар фарзандларимизнинг янада бой тасаввурга эга бўлишига хизмат қилади.

Шу боис, эртамизнинг умиди бўлмиш дилбандимизнинг ҳар бир ҳаракати, саволида дунёни англаш, олам ва одамлар ҳақида ўз тасаввури борлигини унутмаслигимиз, уларнинг тўполонларига, инжиқликларига сабр ва ақл билан ёндашиш лозим. Қайсарлик ва инжиқликни тўғри тарбиялаш жуда муҳим. Масалан, болалар ўзлари истамаган нарсани емасликлари, истамаган рангдаги кийимларни киймасликлари мумкин. Аммо оналар бу вазиятларда боланинг истакларига қарши чиқмаган ҳолда вазиятни тўғри бошқара олса, бундай болалардан келажакда жуда муваффақиятли, кўп нарсага эриша оладиган, ҳар қандай қийин вазифаларни эплаб кетадиган фарзандлар улғаяди. Бунда албатта ота-оналар тўғри тарбия бериб, боланинг бу сифатларини тўғри нарсага йўналтириши лозим. Агар бунинг акси бўлса бундай болалар дўст танлашда қийналишади. Уларнинг кайфияти ўзгарувчан бўлиб қолади.

Улар доимо кайфиятига қараб иш кўрадиган, ўз қобиғига ўралиб қолган, нимагаки қўл урса нотўғри қиладиган болалар бўлади. Бундайлар ҳаётда қийналишлари табиий. Шубҳасиз боладаги ўжарлик ва инжиқликнинг ўзига ҳос ижобий ва салбий таъсири бор. Аммо юқорида айтиб ўтганимдек, оналар боладаги бу ҳусусиятларни тўғри йўналтира олса, ҳаммаси фақат боланинг ижобий томонга қараб шаклланишига ёрдам беради. Ижобий томондан олиб қарайдиган бўлсангиз, ўжар болалар кичиклигидан ўз фикрига эга бўлади. Улғайганида иродали, ўз фикрига эга, бошқаларнинг фикрига осонгина оғиб кетмайдиган, ўзига ишонган инсон бўлади. Бундай инсонлар бошқаларнинг фикри тўғрилигига амин бўлмай туриб қўшилмайди. Бу эса фарзандларни ўсмирлик чоғидаги турли кўнгилсиз ишлардан, безори болалар тўдасидан ҳимоя қилади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top