3:44

Жиззакилик

MP3

Ассалому алайкум мунис бекалар.Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, жиззаки одам омадсиз ва омадсиз одамлар жиззаки бўлишади. Уларнинг чеҳрасидан назокат кўтарилиб, гап уқмас, муросасиз ва турқи совуқ бўлиб бораверади. Жиззакилик қусури нўноқлик, калтабинлик ва журъатсизлик туфайли келиб чиқади. Бундай инсонларнинг вужудида зарарли, яъни салбий энергия шу қадар кўп йиғилиб қоладики, улар таъсирида мияда қон айланиши бузилиб, фикрлаш қобилияти сусайиб бораверади. Улардаги ақл ишлатишга нўноқлик қусури туфайли юзларидан андиша кўтарилиб, мулойимлик ўрнини сурбетлик, қўполлик, жанжалкашлик эгаллаб олади. Шу боис жиззаки одамлар бора-бора психосоматик бузилишга йўлиқиб, қон босими касалини орттирадилар. Унутманг, беш дақиқа бақир-чақир қилган одамнинг иш қобилияти икки баробарга пасайиб кетади. Уларнинг чеҳрасида ғазаб аломатлари яққол сезилиб, турқини совуқ қилади.

Салбий энергия иммунитетни пасайтиргани сабабли, жиззакилар бошқаларга нисбатан икки карра кўпроқ касалликка чалинадилар. Оғир-босиқ ва мулоҳазали бўлинг. Кечиримли инсонларнинг чеҳраси фариштамонанд ва ўзлари омадли бўладилар. Улар узоқ умр кўрадилар. Зиқналик, асосан, руҳий номутаносибликнинг бир тури. Зиқна одамларни кузатсангиз, уларда қўрқув, ишончсизлик, шубҳа-гумон, умидсизлик ва меҳрсизликлари яққол сезилиб туради. Уларнинг қовоғи ҳамиша солиқ, ҳеч кимдан, ҳеч қачон рози бўлмайдилар. Кузатувлардан хулоса шуки, зиқналик кўпроқ эркакларга хос бўлиб, улар меъда ва жигар хасталикларига бошқалардан анча эртароқ чалинадилар. Аммо эркакнинг зиқналиги хотини ва фарзандларини ҳам одамови, тажанг, касалманд қилиб қўяди. Уларнинг бошқаларга нисбатан ишончи, оқибати сусайиб, нўноқ ва иккиланувчи бўлиб қолишади.

Зиқналарнинг ҳаёти ҳузур-ҳаловатсиз, зерикарли бўлиб, юзларидан назокат узоқлашади. Қўли очиқликка нима етсин! Топганингизни оилангизнинг бахт-саодати учун сарфланг. Ана шунда чеҳрангизда нафосат балқиб туради. Феълини кенг тутган инсон ҳаёт завқини ҳеч қачон зиқналик исканжасига туширмайди. Кейинги қусур бу – ғийбатчилик. Ғийбатдан ҳам касаллик пайдо бўладими, дерсиз? Ҳа, ғийбат инсоннинг тафаккур дунёсини торайтириб, юзидан нафосатни йўқотади. Ғийбатчилар бора-бора сурункали бош оғриғи касалига мубтало бўладилар. Сабаби шундаки, одамнинг ўй-хаёли ҳамиша миш-мишлар ва кўнгилсиз воқеалар билан банд бўлса, ундаги ҳаётий жўшқинлик сусайиб, ғурбатлар исканжасига тушиб қолади. Бу ҳолат эса фикрнинг аста-секин торайишига, юздан нафосатнинг узоқлашувига сабаб бўлади. Демак, ғийбат шунчаки валақлаш эмас, балки ўзининг ақл-фаросатига ва нафосатига болта уриш билан баробардир.

Кузатишлар орқали ғийбатнинг яна бир салбий томони ойдинлашган: ғийбатчиларда ўз нуқсонларига нисбатан эътиборсизлик пайдо бўлади. Негаки, улар «бошқаларнинг қилмишлари олдида менинг нуқсонларим ҳеч гап эмас», дея ўзларига тасалли беришга одатланиб қолишади. Охир-оқибат ғийбатчиларнинг маънавияти қашшоқлашиб, асаби мўртлашиб, ғийбатдан бошқа гап ёқмайдиган бўлиб қолади. Бундай ғурбат сурункали бош оғриғининг келиб чиқишига сабаб бўлади. Бундай қусур уларнинг юзларида кўпроқ акс этади. Ғийбатчиларнинг кўз қорачиқлари нурсизланиб, юзига инжиқлик, маъносизлик аломатлари аста-секин муҳрланиб бораверади. Ғийбат одамда фаросатсизликни кучайтиради. Юқоридаги каби одатлардан қутилиб, қариганда нуроний кўринишга эга бўлишни истасангиз, меҳр-муҳаббатга лиммо-лим ҳолда яшашга интилинг. Ана шунда тафаккурингиз кенг ва теран, чеҳрангиз латофатли ва ақл-идрокингиз ўткирлашиб, нуроний тортиб бораверасиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top