Ассалому алайкум. Танамиз доимо витаминлар ва минералларга муҳтож. Аммо доим ҳам уларни етарли жаражада ололмайди. Организмнинг витаминларга бўлган эҳтиёжини ундирилган уруғлар орқали қоплаш мумкин. Улар нақ фойданинг кони! Масалан, ундирилган қовоқ уруғи, энг аввало, рухга бой бўлиб, стрессда фойдали, ақлий фаолликни кучайтиради, хотирани мустаҳкамлайди. Шунингдек, рух репродуктив функцияни яхшилайди, жумладан, жинсий қувватни оширади. Ундирилган ловия эса витамин С, темир ва калий манбаи. Шу боис, уни таомга қўшиб истеъмол қилинса, моддалар алмашинувини яхшилайди, нерв тизимига тинчлантирувчи таъсир кўрсатади, шунингдек, вирус ва микробларга қарши курашда ёрдам беради. Бундан ташқари, атеросклероз ва қандли диабет профилактикаси учун яхши. Буғдой майсаси таркибидаги витаминлар тери ва соч ҳолатини яхшилаб, организмни тозалайди.
У иммунитетни кўтариб, юрак-қон томир ва онкологик касалликларнинг олдини олади. Мутухассисларнинг фикрича, буғдой майсаси ёшартириш хусусиятига эга. Кимда-ким уни мунтазам истеъмол қилиб турса, умрини анча узайтириш имкониятига эга бўлар экан. Сумалак учун буғдой ундирилишининг сабабини энди тушунгандирсиз? Уруғларни қандай ундириш ҳақида ўйлаётган бўлсангиз, маслаҳатимизга диққат қилинг: совуқ сувда яхшилаб ювилган донни чуқур идишга солиб, устидан сув қуйинг – сув доннинг юза қисмини бутунлай беркитмаслиги лозим. Устига дока ёпиб, илиқ жойга қўйиб қўйинг. 6-12 соатдан сўнг сув юзасига қалқиб чиққан донларни олиб ташланг. Сувини тўкиб, донни яна сувга намлаб қўйинг. Майса 2-3 кунда униб, бўйи 1-3 мм.га етади. Узунлиги 1 мм.га етганда уларни яна ювиб, бироз қуритиш керак. Шундан сўнг улар истеъмол қилиш мумкин.
Эсингизда бўлсин: ёш майсалар кесиб олингандан 20 дақиқа ўтар-ўтмас ўзининг шифобахш хусусиятини йўқотади. Ундирилган уруғларни совутгичда икки кунгача сақлаш мумкин. Истеъмол қилиш меъёри – кунига 50-100 грамм. Ундирилган донлар сизга бемаза туюлса, майдалаб, бошқа таомларга қўшиб истеъмол қилинг. Шунингдек, ёнғоқ, асал, сархил ёки қуруқ меваларни қўшиб, улардан ажойиб таомлар тайёрлаш мумкин. Яшил майсалардан салат ёки турли таомларни безаш учун ҳам фойдаланишади. Ундирилган донли ва дуккакли ўсимликлар таркибида калий, калций, кремний, хром, селен, мис, рух, темир, йод, B5, E, C, D, P витаминлари ва фолий кислота кўп миқдорда мавжуд бўлади. 3 мм узунликда ундирилган оқиш рангдаги буғдой майсасининг шарбатидан ярим-бир стакандан ҳар куни наҳорда оч қоринга бир ой давомида истеъмол қилиш организмни ортиқча ва зарарли хилтлардан тозалайди.
Дастлабки кунларда ундирилган майсани истеъмол қилиш ични суради, у танани бироз бўшаштириши ҳам мумкин. Яна баъзиларда бош айланиши кузатилади. Аммо бундан асло ташвишга тушиш керак эмас. Чунки организм хилтлардан тозаланаётган бўлади. Меъда ва ўн икки бармоқ ичак яра касалликлари мавжуд беморларга бу маҳсулот тавсия этилмайди. Шунингдек, ушбу шифобахш табиий неъмат истеъмол қилинган даврда сутли маҳсулотлар, асал, гул чанги, мўмиё, женшень (“олтин илдиз”) кабилардан парҳез қилиш зарур. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, бир неча хил витаминлар организм фаолиятида муҳим ўрин тутади. Мунтазам истеъмол қилинган турли донлар ва дуккакли маҳсулотларнинг ундирилган майсаси кўриш қобилиятини яхшилайди. Бир неча ойдан сўнг эса беморнинг кўзойнак тақишига ҳам эҳтиёж қолмайди. Оқилона овқатланиш, парҳезга амал қилиш, соғлом турмуш тарзи ҳамда ўз вақтида дам олиш, очиқ ҳавода сайр, турли стресс (руҳий зўриқиш) ва депрессия (тушкунлик)дан ўзини асраш ҳар бир инсоннинг соғлом яшаши ва узоқ умр кўриши учун пойдевор яратади.