3:44

Аёл ва спорт

MP3

Ассалому алайкум. Оила, рўзғор ва ишхонадаги ишлар аёлнинг энг кўп вақтини ва кучини ўғирлайди. Шуни ҳисобига кўпчилигимиз саломатлигимиз учун вақт ажратишга вақт тополмаймиз, вақтимиз бўлганда эса. Ҳолдан тойган бўламиз, қимирлашга ҳам ҳолимиз бўлмайди. Ҳар куни эртага югуришга чиқаман, бадантарбия билан шуғулламан, деган мақсадни ўз олдимизга қўямиз. Аммо бизни бутунлай забт этган дангасалик тўсиғидан ўтолмаймиз. Демакки бизга ирода, ишонч ва илҳом, бир сўз билан айтганда – мотивация етишмайди. Бироқ соғлом бўлиш, фаол турмуш тарзини бошлаш учун эътиборингизга ҳавола этадиган бешта илмий асосланган услуб эртагаёқ спорт билан шуғулланишингизга кўмаклашса ажаб эмас. Биринчиси — Ўзингизга совға беринг. Узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка яхши, дейишади.

“Мустаҳкам саломатлик”, “узоқ умр”, “келишган қомат” ёки “мен тренддаман” каби гап-сўзлар сизга етиб бўлмас узоқликдаги қуйруқдек туюлиши мумкин. Нима қилиш керак? Сизга куч бағишлайдиган бирор мукофотни ўйлаб топинг. Масалан, эрталаб бадантарбия қилган кун ўзингизга ёқтирган ширинлигингизни совға қилинг. Бу усулнинг қандай самара бериши ҳақида америкалик ёзувчи, Йел университети битирувчиси ҳамда маҳорати учун Пулицер мукофотини қўлга киритган Чарльз Даҳигг (Charles Duhigg) батафсил маълумотларни келтириб ўтган. Унинг “Одатлар кучи. Нима учун биз айнан шундай ишлаймиз ва яшаймиз, бошқача эмас” асарида “қотиб қоладиган” одатларнинг шаклланишини илмий жиҳатдан асослаб беради ва уч босқичли неврологик “одатлар занжири”нинг шаклланишини шарҳлайди. Унга кўра, ҳаётдан мияни ҳаракатга келтиришга ундайдиган турли ишоралар мавжуд.

Масалан, спорт оёқ кийими ёки сумкаси – ишора. Ишора ҳаракатга ундаб, машқ бажарилганидан кейинги мукофот эса мияни кейинги сафар ишорани кўриши биланоқ ҳаракатга ундайди. Шу таҳлит “одатлар занжири” вужудга келади. Вақт ўтиши билан мукофот ҳам керак бўлмай қолади. Чунки машқ пайтида оқаётган тер ва кўп миқдорда ишлаб чиқарилаётган эндорфинлар — қувонч гормонлари келтириб чиқарадиган ёқимли оғриқлар мияни ҳар қандай совғадан ортиқ рағбатлантиради ва унга ҳузурланиш ҳиссини беради. Иккинчиси — Оммавий тарзда, кўпчиликнинг ичида ваъда беринг. Ўз-ўзингизга ваъда берсангиз, кимдир буни билади, кимдир билмайди. Бу ваъда бажарилмай қолса ҳам ҳеч нарса ўзгармайди. Аммо ваъда кўпчиликнинг ичида айтилса, вазият жиддийлашади. Дугоналарингизга ҳар куни беш километр югуришга ёки фитнес билан шуғулланишга ваъда беринг.

Кузатувлардан сўнг маълум бўлдики, ҳаётдаги бирор мақсади тўғрисида оммавий эълон қилиш муваффақиятга эришиш имкониятини уч баробарга оширар экан. Ижобий фикрлаш устида ишланг. Спортга киришишдан аввал чиройли қомат ва гўзал чеҳрани тасаввур қилинг. Шунда руҳий кучлар сизни машғулот зали томон етаклайди. Шериклар билан бирга шуғулланинг. Спорт билан шуғулланишни бошлаган вақтда одамларда катта иштиёқ бўлади. Аммо вақт ўтиши билан иштиёқ сўниб, дангасалик кишини енгиб қўйиши мумкин. Бироқ сиз ким биландир шуғуллансангиз, дангасаликни енгишга мажбур бўласиз. Шерик сифатида турмуш ўртоғингиз, ёқтирган инсонингиз, дўстингиз ёки бошқаларни танлашингиз мумкин. Агарда сиз бир неча йиллардан буён спорт билан шуғулланмай келаётган бўлсангиз, эҳтиёткорлик билан бошланг. Аста-секинлик билан олдингизга қўйган вазифаларни мураккаблаштиринг. Шунда эҳтимолий жароҳатлардан ўзингизни асраган бўласиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top