3:43

Алоэ-гўзаллик учун

MP3

Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Ҳар бир хонадонда Алоэ ўсимлиги топилади. Кўпчилик унинг фойдали ўсимлик эканини билади-ю, аммо аёл саломатлиги ва гўзаллиги учун қанчадан-қанча фойдали ҳусусиятлари борлигини саноқлигина бекалар билади. Бугун айнан шу ўсимликнинг кўпчиликка маълум бўлмаган ҳусусиятларини эътиборингизга ҳавола қилишга қарор қилдик. Алоэ ўсимлиги беозор гиёҳ ҳисобланиб, уни гўзаллик тимсоли дейишади. Унинг фойдалилик хусусиятлари эса уч минг йил муқаддам аниқланган. Азалдан унинг баргларидан табобатда фойдаланиб келинган. Айниқса, кўз касалликлари, теридаги яраларни даволашда алоэ ўсимлигидан тайёрланган суртманинг фойдаси бисёр.  Араб тилидан таржима қилинганда «алоэ» «аччиқ, какра» маъноларини англатади. Араблар ушбу ўсимликни қурғоқчиликка чидамлилиги учун сабр-бардош, қаноат тимсоли сифатида қадрлашади.

Алоэ жой танламайдиган ўсимлик бўлгани учун уни уй шароитида ўстириш жуда оддий ва қулай. Алоэ шарбати ўсимликнинг айнан уйда ўстирилган туридан олинади. Алоэ шарбати зарарланган жойни тезда тиклаш хусусиятига эга бўлиб, микроблардан тозаловчи восита ҳамдир. Шунингдек, алоэ кўз шиллиқ пардасидаги ва бошқа яллиғланишларни даволашда самарали ёрдам беради. Алоэ шарбати ва суртмаси теридаги ўткир ва сурункали касалликларни даволайди. Яралар, жароҳатлар ва куйишларни бартараф этиб, терини аввалги ҳолатига қайтаради. Ташқи гўзалликни ихтиёр этган бекаларимиз учун ҳам алоэ бебаҳо топилма ҳисобланади. Унинг барглари билан эрталаб ва кечқурун юзингизни артсангиз, чеҳрангиз тиниқлашиб, янаям очиласиз. Агар ажинларингиздан ташвишда бўлсангиз, Алоэ шарбатидан фойдаланиш вақти келди. Бунинг учун 2-3 дона алоэ баргини олиб, бир литр қайнаб совутилган сувга солиб 5 дақиқа қайнатасиз.

Сўнгра уни докадан ўтказиб, сиздириб олинг ва совитинг. Тайёр бўлган лосьонни музлатгичда сақлаб фойдаланишингиз мумкин. Ҳаво совиши билан кўпгина хотин-қизларнинг лаби ёрилади. Бунда алоэ шарбатини лабингизга суртсангиз, у тез фурсатларда аввалгидек мулойим ва чиройли кўринишига қайтади. Музлатилган алоэ ҳам кони фойда.
Алоэ шарбатидан тайёрланган муз бўлакчаси энг зўр пардоз воситаси эканидан хабарингиз борми? Бунинг учун 2-3 қошиқ алоэ шарбати билан бирга марварак ўсимлигини қайнатинг. Уни яхшилаб аралаштириб, маълум бир кўринишга келтиринг ва музлатгичга қўйинг. Ушбу муз бўлакчаси билан юзингизни эрталаб ва кечқурун артишни канда қилманг. Бу малҳам юзингизни тошмалардан халос этиб, тиниқлаштиради. Энди ниқоблар қисмига ўтадиган бўлсак, алоэдан турли териларга мос келадиган бир-биридан фойдали ниқоблар тайёрлашингиз мумкин.

Бир қошиқ алоэ шарбатига бир қошиқ сметанани аралаштиринг. Аралашмага қизилпойча ўсимлиги ва қошиқчада асал солинг. Тайёр ниқобни юзингизга суртиб, 12-15 дақиқадан сўнг юзингизни иссиқ ва совуқ сувда галма-гал ювиб ташланг. Ушбу ниқоб юзингизни ёшартириб, ажинларни силлиқлайди. 2 ош қошиқ янги алоэ шарбати 1та тухум оқи билан аралаштирилади ва 15 дақиқага юзга суртилади. Ниқоб теридаги майда тошмаларни йўқотишда яхши самара беради. Ниқоб юзни таранглаштириб, яллиғланишларни бартараф этади. Алоэнинг ватани-Жанубий  Америка. XX асрнинг 30-йилларига келиб алоэдан тиббиётда кенг фойдаланила бошланди. Булар асосан иммун тизимини мустаҳкамловчи дорилар эди. Алоэ шарбати табиатнинг антисептиги ҳисобланиб, унда салицил кислота, фенол, олтингугурт ва ўсимлик бальзами – лупеол мавжуд. Ушбу элементлар яллиғланишга қарши самарали восита ҳисобланади. Ўзингиз учун ҳар куни ҳеч бўлмаганда ярим соат ажратинг ва мафтункор бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top