Ассалому алейкум азиз радиомуҳлислар. Микрофон қаршисида мен Ғолиббекман. Бугунги эшиттиришимиз болаларнинг ўсишига бағишланган бўлиб, мен сизлар билан жуда муҳим бир мавзу бўйича бўлишмоқчиман. Шу мавзу бўйича мен сизларга ҳам савол бермоқчиман. Масиҳий ота онанинг фарзандларининг руҳий аҳволи қандай даражада бўлади? Улар ҳам масиҳий бўлиб туғиладими ёки йўқми? Шу ҳақида Муқаддас китоб нима дейди?
Кўплаб масиҳий ота оналардан фарзандларимиз масиҳий бўлиб туғилади деган фикрни эшитганман. Фарзандингиз тавба қилиши керак деганимизда улар хафа ҳам бўлиб қолишарди. Бироқ Муқаддас китоб айтадики, “ҳамма гуноҳ қилган ва Худонинг улуғворлигидан маҳрумдир” Римликларга учинчи боб, йигирма учинчи оят. “Ҳамма” деган сўзга эътибор беринг. Худованд айтмаяпти, масиҳий ота оналарнинг фарзандларидан ташқари деб. Шоҳ Довуд бу ҳақиқатни англаб шундай деган: “Мен гуноҳкор бўлиб дунёга келганман, онам мени гуноҳ ичида туққан экан”. Гуноҳкор ёки гуноҳсиз дунёга келиш бизга боғлиқ эмас. Нима учун биз гуноҳкор бўлиб туғиламиз? Римликларга бешинчи бобининг ўн иккинчи ояти бизга шундай жавоб беради: “Битта одам дастидан дунёда гуноҳ пайдо бўлди, гуноҳдан эса ўлим пайдо бўлди ва бутун инсонларга ўтди. Маълумки, ҳамма гуноҳ қилган”. Демак гуноҳ бизга Одам Атодан ўтади ва биз гуноҳкор бўлиб туғиламиз. Гуноҳкор одам эса нажотга муҳтож. Шу қатори болалар ҳам. Нажот эса Раббимиз Исо Масиҳда.
Демак, гуноҳдан ва унинг жазосидан қутулиш ягона йўл бу Исо Масиҳни юракка қабул қилиш. Ҳаворийлар тўртинчи бобининг ўн иккинчи оятида шундай ёзилган: “Нажот топишимиз учун, осмон фалак остида одамзодга берилган бошқа ҳеч бир исм йўқ”. Демак, нажот одамнинг қўлида эмас. Нажот ибодат орқали ёки мерос бўлиб берилмайди. Худонинг каломи яна шундай дейди: “Агар сен Исони Раббим деб, оғзинг билан очиқ иқрор этсанг ва Худо Уни тирилтирганига чин юракдан инонсанг, нажот топасан” (Римликларга 10:9). Демак ҳар бир бола шаҳсан ўзи Исони юрагига қабул қилиши керак.
Балки сизлар менга аргумент сифатида биринчи коринфликлар еттинчи бобининг ўн тўртинчи оятни келтирмоқчисизлар: “чунки имонсиз эр имонли хотини орқали муқаддас бўлади ва имонсиз хотин ҳам имонли эри орқали муқаддас бўлади. Акс ҳолда болаларингиз ҳаром булур эдилар, энди эса муқаддасдирлар”. Улар шу орқали нажот топадилар деб ёзилмаган, балки муқаддас бўладилар деб ёзилган. Яъни, Худонинг инояти остида бўлишга имкон бўлади, нажот топишга имкон бўлади деганидир. Имонсиз ота оналарнинг фарзандлари учун бундай имкониятлар кам, чунки уларнинг ота оналари ўзлари ҳали қоронғуликда, гуноҳ зулматида юрган бўладилар. Бироқ масиҳий ота оналарнинг фарзандлари учун Исони Раббим, Нажоткорим дейишларига имконият бор. Ва сизлар, азиз ота оналар, мана шу имкониятдан фойдаланиб фарзандларингизга Исони Раббим, Нажоткорим деб қандай қабул қилишни тўғри ўргатинглар. Нажот барча учун. Ва “Раббимизнинг исмини чақирган ҳар бир киши нажот топади” деб Калом айтади (Римликларга 10:13). Шу билан бугунги мавзуимизни якунлаб сизлар билан хайрлашамиз. Хайр омон қолинглар! Худонинг инояти сизларга ёр бўлсин!