3:03

Болалар ўсишига ёрдам 136

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна сизлар билан радио эфир орқали учрашиб турганимиз учун Отамиз Худовандга миннатдормиз. Бугун мен Ғолиббек микрофон олдидаман. Ҳозирги кун билан бундан ўн ёки ўн беш йил илгарги болаларнинг орасида катта фарқ бор.

Илгари ота-она болаларга бирон нарса сотиб олишдан олдин яхшилаб ўйлар эди. Ҳақиқатан ҳам бу нарса боламга керакми, йўқми деган саволни ўзларига беришар эди. Ҳозирги кунда эса сал бошқачароқ. Ота-оналар орасида бир асоссиз фикр бор.

Мен шу нарсаларни кўрмаганман, болаларим ушбу нарсага эга бўлишларини хоҳлайман. Ёки менинг болалигим жуда бахтсиз эди, шунинг учун болаларим ҳамма нарсага эга бўлишини истайман деган нотўғри тушунча. Азизлар, ушбу гаплардан кейин қаердадир баланс бузилганлигини кўришимиз мумкин.

Адашмасам, барчамиз шундай оилалар билан тўқнаш келган бўлсак керак, қайсики оилада болаларга ҳамма нарса учун руҳсат берилган. Бола эса ушбу имкониятдан максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қилади. Кўпчиликда яна бир нотўғри тушунча бор.

Яъни болани жазолаш — уларнинг эркин ўсишлари ва ривожланишлари учун катта тўсқинлик қилади деган фикр. Ушбу фикр билан юрадиган дўстларимиз ўзлари билмаган ҳолда Муқаддас Китобга қарши эканликларини англамасалар керак. Ахир Муқаддас Китобда болаларни жазолаш тўғрисида ҳам гапирилади.

Яъни болаларни севган ота-она уларни жазолайдилар. Бола ўзини хоҳлаганича тутиши, хоҳлаганини қилиши гўёки нормал ҳолат эмиш. Азизлар, биз шуни сизга аниқ айтишимиз мумкин: бола ўз чегарасини билиши лозим. Чегарадан чиқдими, демак жазо қўлланилиши керак.

Жазо қўлланилганда севги билан, болага шароитни тушунтириб жазолаш лозим. Асло жаҳл устида болани жазоламанг. Бунинг оқибатлари яхшиликка олиб келмаслиги мумкин. Бола ҳеч қачон ўзи табий равишда тарбияланиб қолмайди. доимо уларга тўғри йўлни кўрсатиб борувчи бўлиши лозим.

Бу йўлбошчи эса албатта ота-онадир. Азизлар, бола тарбиясида доимо баланс бўлиши лозим. Ҳаддан ташқари қўйиладиган чегара ҳам болани бездириб қўяди ва у ушбу чегарани ҳеч кимга билдирмай, бузиб ўтишга ҳаракат қилади. Муқаддас Китоб бола тарбиясини тўлиқ ота-онага юклайди. Мактаб ҳам, ибодатхона ҳам бировнинг боласи учун тўлиқ жавобгарликни ололмайди. Ота-она эса доимо ўз фарзандлари ёнида бирга бўладилар. Азизлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top