3:31

Болаларнинг ўсишига ёрдам 81

MP3

Ассалому алайкум азиз болажонлар! Эфирда, сиз, азиз дўстларимиз учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири. Микрофон олдида эса мен Ғолиббек. Албатта ҳаммамиз Довуд ҳақида эшитганмиз. У оддий чўпон бола эди. Кунларнинг бирида уни шоҳ Шоул чақириб, унга мусиқа чалиб беришини сўради. Довуд албатта ҳаммасини айтгандек қилиб бажарди.

У ўз вазифасини бажариб қўйларининг олдига қайтиб келган пайтда, отаси унга янги вазифани тайёрлаб қўйган эди. Отаси Довудга шундай деди: “Ўғлим, акаларинг армияда душманларимизга қарши жанг қилишмоқда. Хоҳлардимки, сен уларнинг ёнига бориб, ҳолидан хабар олишингни ва шу билан бирга мана шу озиқ-овқатларни уларга топширишингни”.

Албатта Довуд отасининг гапларини иккита қилмади. Чунки у ўз отасига ҳамда Худовандга жуда итоаткор эди. Хуллас Довуд йўлга отланди. У кўп йўлларни босиб ўтгач жанг бўлаётган майдонга етиб келди. Келиб қарасаки, ҳамманинг кайфияти жуда тушкун эди. Шунда у ўз акаларидан сабабини сўради. Акаларининг айтишича, душманлар томонида бир баҳайбат одам бор экан.

У жуда бақувват бўлиб ҳаддан ташқари баланд бўйли ҳам эмиш. Унинг исми эса Гўлиёт. У ҳар куни баландликка чиқиб исроил армиясини қўрқитар эмиш. У, бугун ким мен билан жанг қилади? Ёки ҳаммангиз қўрқоқмисиз? Билиб қўйинглар, агар мен жангда ютқазиб қўйсам, биз сизларга бир умр қул бўламиз. Агар сизлар ютқазиб қўйсангиз бизга қул бўласизлар.

Азиз болажонлар, Гўлиёт исроилликларни гапи билан қўрқитар эди. Ҳатто шоҳ Шоул ҳам нима қилишини билмай қолганди. Шу пайт Довуд, мен у билан жанг қиламан деб, ҳаммага айтди. Балки кўпчилик унинг устидан кулгандир. Чунки Довуд Гўлиётдан анча кичкина эди. Довуднинг қарори қатъийлигини кўрган шоҳ руҳсат берди. Довуд ҳеч қандай ҳимоя кийимларисиз Гўлиётнинг қаршисига жанг қилиш учун чиқди.

Гўлиёт ҳам Довуднинг устидан роса кулди. Ҳатто Довуднинг қўлида қиличи ҳам йўқ эди. Фақатгина арқондан ясалган тош солиб отадиган палахмон бор эди холос. Довудда ҳеч қандай қўрқинч йўқ эди. Чунки Довуд билардики, буюк Худованд у билан бирга. Балки ҳамма Довудни ўлади деб ўйлагандир. Лекин Худован Довудга куч берди. У қўлидаги палахмонга тош солиб отганда, тош тўғри бориб Гўлиётнинг пешонасига тегди.

Гўлиёт шу онда ҳалок бўлди. Исроилликлар, айниқса Довуднинг акалари ўз хурсандчиликларини яшира олмай, бу бизнинг туғишган укамиз Довуд бўлади деб, ҳаммага жар солишир эди. Азизлар, Худованд билан бирга доимо барчамиз шайтон устидан ғалаба қиламиз. Шайтонга қарши тура олиш учун Самовий Отамиздан куч сўранг. У албатта ҳар биримизга куч бера олади.

Ҳурматли болажонлар, агар сизларда қандайдир савол ва таклифлар бўлса, бизнинг интернет сайтимиздан бемалол фойдаланишингиз мумкин. Манзилимиз : www.najon.com Шу билан азиз болажонлар, бугунги эшиттиришимиз ўз якунига етди. Яна радио орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top