3:02

Болаларнинг ўсишига ёрдам 133

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан радио тўлқинлари орқали бўлсада учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Бугун микрофон олдида мен Ғолиббек. Азиз болажонлар, эсингизда бўлса, ўтган эшиттиришларимизнинг бирида сизлар билан Ёқуб ҳақида суҳбатлашган эдик.

Ёқуб ёлғон гапириб отасининг дуосини олган бўлса ҳам, акасини хафа қилган бўлса ҳам, Худо уни ташлаб қўймади. Худованд унга кўп фарзандлар берди, бундан ташқари, унинг мол-қўйлари жуда кўп эди. Энди Ёқуб бир пайтлар қўрқиб қочиб кетган отасининг уйига қайтмоқчи эди.

Шундай қилиб, Ёқуб оиласини ва бутун мол-мулкини ҳамда хизматчиларини олиб, Хорондан отаси яшайдиган шаҳар Канонга қараб йўлга тушди. Улар жуда кўп юрдилар ва акаси Эсов яшайдиган ерга яқинлашганларида Ёқуб қўрқиб кетди. Чунки Эсов бир пайтлар Ёқубни ўлдирмоқчи эди.

Ёқуб ўзидан олдин бир нечта одамларини акасининг олдига юборди. Сабаби, Ёқуб акасининг нима қилмоқчи эканлигини олдиндан билмоқчи эди. Ёқубнинг одамлари бориб, укангиз Ёқуб қайтиб келмоқда у жуда катта бойлик билан келмоқда, деб айтишди. Шунда Эсов ўзи билан тўрт юзга яқин одамларни олиб, укасини кутиб олиш учун йўлга тушди.

Албатта бундай хабарни эшитган Ёқуб жуда қўрқиб кетди. Акам мени ва одамларимни йўқ қилиш учун келяпти, деб ўйлади. Олдиндан жанг учун тайёрланиб турди. Ёқуб Худога ибодат қилди. Худованд, сен мени жуда бадавлат қилдинг, уйимдан чиқиб кетганимда менда ҳеч нарса йўқ эди.

Сен мени баракали қилдинг, энди акамдан мени қутқар, деб илтижо қилди. Шу куни кечқурун Ёқубнинг калласига бир ажойиб фикр келди. У ўзидан олдин акаси учун атаб ажойиб совғалар жўнатишни режалаштириб қўйди. Эрталаб эса жуда катта моллар тўдасини акаси учун жўнатиб юборди. Ўзи эса оиласини олиб, дарёдан кечиб ўтди.

Бутун оиласини дарёнинг у қирғоғида қолдириб, ўзи дарёнинг бошқа томонига қолган нарсалари учун қайтиб ўтди. Ёқуб шу кеча ўша жойда ухлаб қолди. Кечаси эса Худованд одам қиёфасида Ёқубнинг ёнига келиб, у билан курашди. Улар курашаётган пайтда Худованд унинг сонига урди ва шу кундан бошлаб Ёқуб чўлоқланиб юрадиган бўлди.

Эрта тонгда эса Худованд айтди: “Бўлди энди, Мени қўйиб юбор”. Шунда Ёқуб: “Йўқ, мени дуо қилсанг кейин қўйиб юбораман”, — деди. Худованд: “Исминг нима? — деб сўради. “Ёқуб”, деб жавоб берди. “Сен инсонлар билан ва Мен билан курашиб ғолиб бўлдинг, бундан кейин сени исминг Ёқуб эмас, Исроил бўлади”, деб айтди Худованд. Шундан кейин Исроил акаси Эсов билан кўришди. Акаси Эсов уларни кўзда ёш билан хурсанд бўлиб кутиб олди. Азизлар, яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top