Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна эфирда сиз азиз тингловчиларимиз учун бериб борилаётган эшиттиришларимиздан бири. Мен Ғолиббек яна сизлар билан микрофон олдидаман. Ҳозирги кунда болалар тарбиясига бағишланган кўплаб китобларни истаган китоб дуконларидан харид қилишингиз мумкин.
Улар шунчалик турли туманки, танлаш анча оғир кечади. Лекин бизга маълум булган бир китоб мавжудки, уни ҳеч иккиланмасдан харид қилиб олишингиз мумкин. Бу Муқаддас китоб, яъни Худонинг Каломи. Ушбу китоб иккига бўлинади: Янги ва Эски Аҳдга. Янги Аҳд китобидан болалар тарбиясига бағишланган бир нечта оятларни топишимиз мумкин.
Лекин китобдаги қолган оятлар бутун инсониятни тўғри тарбиялай олади деб, биз ишона оламиз. Келинг, Янги Аҳд китобидан бир-иккита оятларни келтириб ўтсак. Масалан: Эфесликларга мактубининг олтинчи боби тўртинчи оятида шундай ёзилган: “Сиз, оталар, фарзандларингизнинг жаҳлини чиқарманглар. Уларни Раббимизнинг таълим-тарбияси билан ўстиринглар”.
Худованд болалар тарбиясини шу оят орқали ота ва оналарга топширяпти. Демак, юқорида айтиб ўтганимиздек, Худованд билан яхши муносабатда бўлган ота-оналар Муқаддас китобга асосланиб, Раббимизнинг кўрсатмалари асосида ўз фарзандларига тарбия берадилар. Болалар учун кўплаб насиҳатлар бўлиши мумкин, лекин айрим пайтларда болалар ушбу насихатларни ўзлари учун таклиф қилолмайдилар.
Шунинг учун ҳам Худованд болаларга ота-оналари орқали кўплаб насиҳатларни ва маслаҳатларни ўргата олади. Шундай экан, ота-оналар янада Муқаддас китобга асосланган ҳолда ўз фарзандларига таълим ва тарбия беришади деган умиддамиз. Янги Аҳд китобининг Колосаликларга мактубининг учинчи боби йигирма биринчи оятида яна бир оят ёзилган:
“Эй оталар, руҳий тушкунликка тушмаслик учун болаларингизни ранжитаверманглар”. Бу оят орқали ҳам Худованд оталарга мурожаат қилмоқда. Демак, шуни англашимиз мумкинки, болалар тарбиясида оталарнинг роли кўпроқ экан. Болалар тарбияси ҳақида Янги Аҳд китобида кўп гапирилмасада, лекин уларни қандай тарбиялашимиз тўғрисида ҳар биримизга етарли ва тасдиқли гаплар айтиб ўтилган.
Азизлар, лекин Янги Аҳддан фарқли ўлароқ Эски Аҳд китобида болалар тарбияси ҳақида кўп гапириб ўтилган. Эски Аҳд китобидаги энг машҳур бир оятни сизларга айтиб ўтишни лозим деб биламиз. Бу оят Ҳикматлар китобининг йигирма иккинчи оятида, олтинчи бобида ёзиб қўйилган: “Болани ёшлигидан тўғри йўлга бошла, шунда у қариганида ҳам шу йўлдан қайтмайди”. Азиз радио тингловчилар, агар болага ёшлигидан рост гапиришга ўргатсак, у ҳеч қачон ёлғон гапирмасликка ўрганади. Хуллас, кичкиналигида ўрганган нарсалари келажакда уни қандай инсон бўлиб ўсишига катта боғлиқ. Хайр саломат бўлинглар.