Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Сиз азизлар билан яна радио тўлқинлари орқали соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Бугунги эшиттиришимиз давомида мен Ғолиббек сиз азизлар билан бирга бўламан ва Худованднинг Каломи асосида сизлар билан бўлишиш ниятидаман. Инсондаги кўплаб муаммоларнинг сабабчиси, ўзининг эгоистлигидан келиб чиқиши мумкин экан.
Кўпчилигимиз Раббимиз Исо Масиҳга имон келтирганимиздан кейин ҳам ўзгармай эгоистлигимизча қолишимиз мумкин. Бунинг асосий сабаблари эса, биз кўпинча ўзимизни бошқалар билан солиштирамиз, ўзимиздаги кичкина муаммоларга ҳам ҳаддан ташқари кўп эътиборли бўлишимиз мумкин. Ишхонада, уйдаги муаммолар ҳатто ўзимизнинг соғлигимиздаги муаммоларга кўп эътибор қаратишимиз ҳам эгоистликдан дарак бўлиши мумкин.
Азизлар, бундай деб айтишимизнинг сабаби, инсон минг уринмасин, ўзининг кучи билан барибир нимагадир эришиши қийиндир. Шунинг учун ҳам фақатгина Худовандга қарашимиз лозим. Яхшиси, шу муаммолар ҳақида ибодат қилиш яхши натижа беради, деб сизларни ишонтира оламиз. Ибодат қилганимизда ҳам айрим сўзларни тез-тез такрорлашимизга эътибор қилинг, масалан: мен, менга, бизни — бу сўзларни ким айтиши мумкин? Албатта, фақат ўзи ҳақида кўп қайғурувчи кишилар.
Йўқ, бу гапимиз билан ўзингиздан кечинг демоқчи эмасмиз. Эгоистликдан қочинг, деб айтмоқчимиз холос. Агар ўзимиздаги муаммоларга тўлиқ эътибор қиладиган бўлсак, ўйлайманки, эрталабдан кечгача Худовандга ибодат қилиб ҳам тугатолмасак керак. Ҳозирги кунда чоп этилаётган айрим китобларга ҳам эътибор қиладиган бўлсак, оилада, ишхонада, масиҳийлик ҳаётимизда қандай қилиб омадга эришиш ва нима қилсак ҳаётимизда фақатгина яхшиликларга дуч келишимиз ҳақида гап боради.
Мен шундай ўйлайман. Инсон ўз муаммоларига қанчалик кўп эътибор қаратса улар шунчалик кўпайиб бораётгандай, шу билан бирга уларнинг ечими ҳам борган сари қийинлашиб бораётгандай туюлади. Қизиқ, нима учун шундай? Жавоб эса битта, бизнинг фикр ҳамда ўйларимиз нотўғрилигида. Улар Худодан кўра кўпроқ ўзимизга қаратилганлигидадир.
Ҳурматли радио тингловчи биродар. Бугун айнан шу ҳақида ўйлаб кўриш вақти келди. Ўйлаб кўриб, Худованга ибодат қилинг, агар ўзингизда эгоистлик борлигини кўрсангиз, Отамиздан сизни озод қилишини сўранг. Бир биродаримиз айтганлари ёдимга тушди. Кўп йиллар давомида мен ўзимда ва хизматимда эгоист эканлигимни кўрдим.
Ҳозирги кунда Худованддан ибодат қилиб, ўзимдаги шу муаммоларни ечимини кўрсатишини сўраяпман. Ўйлайманки, ҳаётимдаги ва хизматимдаги ўзгаришларни кўриб, ибодатимга жавоб олаётганимга ишонам деганди. Азиз радио тингловчилар, ўзингиздаги барча муаммоларни Худовандга топширинг, фақат У сизга тўғри йўл кўрсата олади. Хайр.