3:18

Руҳий ғалаба 24

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Эфирда руҳий жанг мавзусига бағишланган эшиттиришларимиздан яна бири. Микрофон олдида эса мен Ғолиббек. Ҳаворий Юҳаннонинг Ҳазрати Исо ҳақидаги сўзларига эътибор қилайлик: «Ўзиникиларнинг ёнига келди У, лекин Ўзиникилар Уни қабул қилмади.

Уни қабул қилганларга эса, барча Унинг номига имон келтирганларга У Худонинг фарзанди бўлиш эркини беради» деб айтади Юҳанно мактубининг 1 боби 11ва 12 оятларида. Агар Худо сизнинг Отангиз бўлса, у ҳолда Унга мурожаат қилиб дуо қилиш қанчалик осон ва табиий бўлишини биласизми! Муқаддас Руҳ бизга: Римликларга мактубининг 8 боби 15 оятида «Абба, Ота!» деб дуо қилишни ўргатади.

«Абба» сўзи арамийча сўз бўлиб, ота деган маънони англатади, ўзида яқинлик ва боғлиқликни ифодалайди. Бу сўз гўдакнинг оғзидан чиқадиган илк сўзлардан биридир. Биз Худонинг севикли болалари бўлганимиз учун Уни «азиз Ота!» деб чақира оламиз. Қалбимиз тубидаги энг яширин сирларимизни Отамизга ишониб, Унинг ҳузурига шулар ҳақида айтиш учун кела оламиз.

Бу ҳақиқатни англаб етиш эса танамизга илиқлик бағишлайди. Худо бизни севадиган, самовий Отамиздир. Ҳазрати Исо Ўз шогирдларига оддийгина қилиб: «Сенинг Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо келсин», деб дуо қилишни ўргатган. Бу парчадан биз дуонинг асосий мақсади — Худо иродасининг пайида бўлиш ва уни англаб етиш эканлигини дарҳол тушуниб етамиз.

Агар сиз сўраган нарса Худонинг хоҳиш-иродасига тўғри келсагина, қилган дуонгизга жавоб оласиз. «Биз Худонинг ҳузурига дадиллик билан кирамиз, чунки биламизки, Худонинг иродасига кўра бир нима тиласак, У бизга қулоқ солади. Агар Худо тилакларимизни тинглаётганини билсак, тилакларимиз бажо бўлганини ҳам биламиз» 1 Юҳанно мактубининг 5 боби 14 ва 15 оятлари шу ҳақида бизга ўргатади.

Худонинг иродасига қараб дуо қилиш бизни иноят ва марҳаматлардан маҳрум қилмайди, аксинча дуо орқали биз ўйлаганимиздан ҳам кўпроқ марҳаматга эришамиз. Биз ҳеч қачон Худонинг комил иродасига мувофиқ дуо қилишдан қўрқмаслигимиз керак. Азиз радио тингловчилар, ёдингизда бўлсин, дуо бу Худо иродасини ўз хоҳиш-истакларимизга бўйсундириш учун қилинадиган уриниш эмас.

Дуо Ўзи истамаётган нарсасини қилдириш учун Худога бериладиган кўрсатма эмас. Аксинча, дуо бу Худонинг нима хоҳлаётганлигини англаб етиш, сўнгра бу хоҳишни амалга оширишини Ундан сўрашдир. Азиз радио тингловчи биродар, Худовандга ибодат қилиб, доимо У билан мулоқат қилишдан чарчаманг. Чунки Отамиз Худованднинг биз инсонлардан хоҳлайдигани ҳам шудир. Азизлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Сизлар билан хайрлашар эканмиз, хонадонингизга тинчлик ва барака бўлсин деб қоламиз. Омон бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top