Ассалому алайкум қадрли тингловчи дўстлар. Бугунги суҳбатимиз оила учун жуда муҳимдир. Агар эр-хотин иккиси имонли бўлса, бу жуда яхши. Ўртада фарзанд дунёга келгач эса уларнинг жавобгарлиги икки ҳисса ортади. Ота-она бундай пайтда ўзларини йўқотиб қўйишлари, ёки бўлмаса тушкунликка тушишлари мумкин. Чунки уларнинг ўзлари ҳали Худонинг йўлида юришни яхши ўрганишмаган. Ҳали улар кўп қоқилишади, хато қилишади. Бундай пайтда улар: «Ўзимиз ҳали Худони жуда яхши билмаймиз, ҳали ҳам кўп адашамиз, фарзандимизга қандай тарбия берамиз? Қандай қилиб уларга Худо ҳақида ўргатамиз?”, деган саволлар гирдобида қолиши мумкин. Баъзан ўзимиздан катта масиҳийларнинг берган сабоқларидан сўнг, бу гапларни бир неча йил олдин эшитганимда эди, дея афсусланамиз.
Чунки шунда оилада қилган хатоларимизнинг олдини олган бўлардик-да. Агар сиз ҳам шундай фикрда бўлсангиз, сизнинг кўнглингизни кўтариш учун бир нарса айтмоқчиман. Ҳеч бир ота-она мукаммал бўлмаган. Биз ҳам мукаммал эмасмиз. Агар ҳар биримиз орқага фарзандларимиз тарбияси йўлида қилган ишларимизга қарайдиган бўлсак, анча-мунча хатолар топамиз. Агар ҳозир билган билимимизни аввалроқ, биринчи фарзандимиз ёки иккинчи фарзандимиз туғилганида билганимизда эди, уларга яхшироқ тарбия берган бўлардик, деб ўйлаймиз. Аммо сизларни ишонтириб айтаман-ки, ҳозирги билимларингизни ўшанда билганингизда ҳам хато қилган бўлардингиз. Биз ташқи томондан ўзимизни яхши ва мукаммал ота-онадек тутишимиз мумкин, бироқ аслида бизнинг қандайлигимизни фарзандларимиз ва Худо билади.
Биз ота-она сифатида йилдан-йилга малакали ва тажрибали бўлиб боришимиз мумкин, аммо мукаммал бўлишнинг имкони йўқ. Худо биздан мукаммал бўлишимизни кутмайди ҳам. Буни фарзандларимиз ҳам кутмайди. Муқаддас Каломда: «Ҳамма гуноҳ қилган ва Худонинг улуғворлигидан маҳрумдир”, деб ёзилган. Бу ҳамма деган сўзнинг ичига Масиҳий ота-оналар ҳам киради. Баъзида ота-оналар агар Муқаддас Руҳга тўлган инсон бўлганимда ҳозиргидан ҳам яхшироқ ҳаракат қилган бўлардим, ёки бўлмаса, фарзандимни ҳозиргидан яхшироқ тарбия қилган бўлардим, дейишади. Аммо сизга айтаман-ки, Муқаддас Руҳга тўлган имонлилар робот эмас. Улар тирик жон, Муқаддас Руҳга тўла бўлсалар ҳам адашишади. Бу суҳбатимиздан сўнг сизларда яна бир имконият пайдо бўлади. Қилган гуноҳларингизни тан олиб, тавба қилиб, яна Муқаддас Руҳда юришни давом эттирасиз. Биз Муқаддас Руҳга тўлиб, Унда юришни ўргана борганимиз сари, гуноҳга бўлган сезгирлигимиз ҳам ортади.
Бундай сезги эса бизни гуноҳ қилмасликка огоҳлантиради. Бунинг натижасида эса танамизнинг хоҳишларини бир четга улоқтириб, Муқаддас Руҳнинг мевалари бўлган муҳаббат, севинч, тинчлик, сабр-тоқат, ва ҳайрихохликка тўлиб тошамиз. Биз гуноҳга бўлган сезгирлигимиз туфайли танамизнинг хоҳишларини ҳар сафар рад этиб борганимиз сари, Муқаддас Руҳ йўлида мустаҳкам ўрнашиб борамиз. Агар ўзингизни шундай ҳис қилаётган бўлсангиз, бу яхши. Шундай бўлса ҳам сизни огоҳлантириб қўяй, эҳтиёт бўлинг. Мустаҳкам турган бўлсангиз ҳам, қоқилиб кетмаслик учун хушёр туришингиз керак. Мағрурланиб кетманг. Айнан шу мағрурлик сизни қоқилишингизга сабаб бўлиши мумкин. Азизлар кейинги суҳбатимизда фарзандларига яхши тарбия беришга кечиккан аёлнинг ҳолатида нима қилиш мумкинлиги ҳақида сухбатлашамиз.