Ассалому алайкум қадрли тингловчилар. Кўпчилик ёз фаслини йил бўйи кутади. Бу фаслда пишиқчиликдан ташқари кўпгина касб эгалари учун дам олиш имкони хам туғилади. Бироқ сайёрамизнинг иссиқлик даражаси кўтарилиб кетаётгани сабаб ёзларимиз хам хар йилгидан иссиқроқ бўлиб бормоқда. Агар кўчада турган термометр 50 даража иссиқликни кўрсатса хам ажабланмайдиган бўлиб қолдик. Бироқ ёзнинг бунчалик иссиқ келиши инсон саломатлиги учун хам зарарли бўлиши мумкин. Куннинг иссиқ палласида кўчага чиқишдан сақланинг. Чунки хаддан ташқари иссиқ хаво кишида офтоб уриши ёки иссиқлик элтишини келтириб чиқаради. Офтоб уриши ёки иссиқлик элтиши – организмнинг қизиб кетиши натижасида вужудга келадиган оғир холат хисобланади. Болалар, семиз кишилар, юрак-томир ва эндокрин касалликлари билан оғриган беморлар қизиб кетишга мойил бўладилар. Агар сиз хам шундай холатда бўлсангиз, иложи борича танантизнинг қизиб кетишига йўл қўйманг.
Қизиш ва айни вақтда кўп терлаш организмда сув-туз алмашинувининг бузилиши, қон айланишининг қийинлашуви ва кислород танқислигига олиб келади. Иссиқ элдитиш кўпинча шамол эсмайдиган иссиқ кунларда, айниқса иссиқни кўтара олмайдиган ёки оғир жисмоний мехнат қилаётган кишиларда кузатилади. Қуёш нурларини яхши қайтармайдиган қора рангли кийим ёки хаво ўтказмай, бадандан чиқадиган буғни ушлаб қоладиган қалин кийим хам иссиқ элитишига сабаб бўлади. Қуёш нурлари организмингизга тик тушиб, бошингизни қиздириб юбормаслигига ахамият Беринг. Акс холда сизни офтоб уриши мумкин. Офтоб уриши ёки иссиқ элтишининг енгил шаклида киши бўшашиб, боши оғрийди, томир уриши ва нафаси тезлашиб, териси намиқиб туради. Кўз қорачиқлари кенгаяди, температураси, одатда нормал бўлади. Ўртача даражада офтоб урганда эса кишининг боши қаттиқ оғрийди, кўнгли айниб қусади. Харакатлари пойма-пой бўлиб, баъзан хушдан кетади.
Оғир холларда эса киши ўзини билмай қолади, талвасага тушиб, рухий қўзғалиш юз беради. Бесаранжомланади ва кўзига йўқ нарслар кўринади. Нафаси юзаки ва тез-тез бўлиб томири минутига 120-140 мартагача уради. Офтоб урган кишини дархол тоза хавога олиб чиқиб, сояга ўтқизиб қўйиш, танасини сиқиб турган кийимларни ечиб, елпиғич ёки чойшаб билан елпиш, баданини совутиш, бошини совуқ сув билан намлаш керак. Унга кўп суюқлик – туз қўшилган совуқ сув ёки совуқ чой бериш керак. Нафас олишини қўзғатиш учун эса офтоб урган кишининг юзини намланган латта билан шапатилаш керак. Беморнинг нафаси қийинлашиб ёки тўхтаб қолган бўлса, сунъий нафас олдириш керак. Юрак фаолияти сусайган бўлса доктор етиб келгунча бир чой қошиқ кордиамин ва ўн фоизли кофеин эритмасини ичириш мумкин. Иссиқ элитиши ва офтоб уришининг олдини олиш учун хаво иссиқ кунларда харакатланишга қулай, очиқ рангли кийим, бошга эса шляпа, панама кийиш ва очиқ рангли рўмол ўраб олиш керак.
Аввало кун айни қизиган пайтда бирор жойга чиқишни маслахат бермаймиз. Мабодо бориш зарурати туғилганда хам кўчага чиқишдан олдин жуда тўйиб овқатланиш ва спиртли ичимлик ичмаслик керак. БУндай пайтда чанқоқни босиш учун яхшиси совуқ чой олиб юриш керак. Қизиб кетишингиз мумкин бўлган холатлардан қочинг. Агар бирорта корхонада ишласангиз, хаддан ташқари қизиб кетмасликнинг йўлини қилинг. Умуман ёз ойларида тез-тез сувга тушиш, бошдан сув қуйиш ва бассейнларда чўмилиш сизга хам завқ беради, хам танангизнинг иссиқ элитишидан сақлайди. Сувда сузиш нафақат ёз ойларида балки йил бўйи хам сизнинг соғлигингиз гарови бўлиши мумкин. Болаларнинг кўчада бир-бирларига сув сепиб ўйнашларини таъқиқламанг. Бу билан улар хам мазза қиладилар хам хаддан ташқари исиб кетишдан химояланадилар. Бизнинг юқоридаги маслахатларимиз ўзингизга ва атрофингиздагиларга асқотади деган умиддамиз. Керакли нарсани билиб қўйишнинг хеч хам зарари йўқ. Биз эса сизга айнан керакли маълумотлар бериб боришга харакат қиламиз.