3:57

Глаукома

MP3

Ассалому алайкум қадрли тингловчилар. Бугунги кунда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бутун дунё соғлиқни сақлаш ташкилотининг асосий мақсади бўлиб қолди. Биз ҳам шуни инобатга олган ҳолда кўз касалликлари ҳақида кенгроқ маълумот беришга киришдик. Бугун Глаукоманинг қандай касаллик экани ҳақида суҳбатлашамиз. Глаукома кўриш қобилиятининг маккор ўғриси. Глаукома кутилмаганда, сездирмай, гўё ярим тунда сассиз уйга тушган ўғри каби кўриш қобилиятини ўғирлаши мумкин. Катаракта сингари глаукома ҳам оғриқсиз кечиб, бошланғич даврда ҳеч қандай аломатлар сезилмайди. Сўнгги маълумотларга қараганда, ер юзидаги 50 млн. аҳоли кўриш қобилиятидан азият чекар экан ёки бу касаллик туфайли буткул кўриш қобилиятидан маҳрум бўлар экан. Глаукома кўз ичи босимининг кўтарилиши бўлиб, тўр парда ва кўрув нерви дискини зарарлайди. Бунда кўз тобора хиралашаверади. Кўпинча 40 ёшдан ошган кишиларда учрайди.

Глаукомада кўз оғриб, бироз хиралашади, қизаради, мугуз парда хира тортади. Шу билан бирга, бош ҳам оғрийди. Ўа вақтида даволанилмаса, кўз қаттиқ оғриб, кўриш қобилияти буткул йўқолиши мумкин. Глаукома кўр бўлиб қолишнинг асосий сабабларидан биридир. Аммо касалликни ўз вақтида аниқлаб, чоралар кўрилса, кўриш қобилиятини сақлаб қолиш мумкин. Ҳеч ким глаукомадан ҳимояланмаган. Аммо баъзиларда бундай хавф юқори даражада бўлиади. Бу касаллик билан мазкур кишилар касалланиши мумкин:

Қирқ ёшдан ошган бўлса;

Касаллик авлодида бўлса;

Кўзнинг ички босими юқори бўлса;

Авваллари кўз қаттиқ жароҳатланган бўлса.

Диабет, олисни ёки яқинни кўра олмаслик, стероидларни кўп қабул қилиш, камқонлик ҳамда шок ҳолатига тушиш каби омиллар ҳам глаукомага учраш хавфини оширади. Глаукома нега айнан ёши катта кишиларда учраши ҳануз аниқланмаган. Аммо мантиқан келиб чиқса, ёш ўтгани сари юз берадиган физиологик жараёнлар сингари кўзда ҳам ўзгаришлар кузатилиши, унинг ҳам қариши табиий.

Глаукомани аниқлаш учун шифокор кўздаги суюқликни текширади. Кўз ичи босимининг нормал кўрсаткичи симоб устуни бўйича 17 дан 26 мм ҳисобланади. Аммо босим кўрсаткичи нормал бўлган кишилар ҳам баъзан глаукома билан оғрийдилар. Аксинча, баъзи ҳолларда кўз ичи босими озроқ кўтарилган кишилар глаукомага йўлиқмасликлари ҳам мумкин. Негаки одатда кўриш нерви кичик босимни кўтара олади. Кўз ичи босимини шифокор бир неча марта текшириши мумкин, чунки босим турли вақтда турлича бўлади. Шифокор махсус асбоб билан кўриш нервининг зарарланганлигини аниқлайди. Агар кўриш диски глаукома билан зарарланган бўлса, унда косасимон чуқурликларни кўриш мумкин.

Ривожланаётган касаллик бу дискка қоннинг етиб боришига тўсқинлик қилгани учун унинг устки қисмида эгри-бугрилар ҳосил бўлиб, пушти-сариш тусга киради. Глаукомани қандай даволаш мумкин. Юқорида айтиб ўтганимиздек кўзда ноқулайликларни сезган ҳамон шифокорга мурожаат қилиш, кўз ҳасталикларининг олдини олади. Глаукоманинг кўпгина турлари каби сурункалиси ҳам даволанмайди. Афсуски, бу касаллик туфайли йўқотилган кўриш қобилияти ҳам тикланмайди. Шунга қарамай касаллик янада кўпроқ зиён етказмаслиги учун ривожланишни назоратга олиш зарур. Ўтказиладиган муолажаларнинг мақсади кўздаги босимни меъёрида ушлаб туришдан иборат. Глаукоманинг оғирлигига кўра комплексли даволаш муолажалари тайинланади. Бунда ҳам дорилар ичилади, ҳам кўзга томчилар томизилади. Бугунги суҳбатдан кўзларни парваришларга ниҳоятда эътибор бериш зарурлигини билиб олдингиз. Кейинги суҳбатимизда эса глаукома ва бошқа касалликларнинг олдини олиш ҳақида суҳбатлашамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top