4:21

Муқаддаслик ва Имон 2 қисм

MP3

Азиз тингловчи биродарларимиз биз сизлар билан ўтган сафар худди шу мавзуда сухбатлашган Эдик. Аммо бугун хам биз сизлар билан яна шу мавзуда сухбатлашишни лозим топдик. Зеро бу хаётда яшашимиздан мақсадимиз хам муқаддаслик ва имондир. Башарий дунё бизга хар томондан ўзининг қадриятларини ва тасаввурларини сингдирмоқчи бўлади. Шон-шухрат, бойлик ва дунёвий бахт ушбу хаётдаги энг азиз исталган нарсалар хисобланади. Бироқ Муқаддас Китоб бунга тескари бўлган фикрни билдиради. «Аммо сизнинг орангизда бундай бўлмасин. Орангизда ким катта бўлишни истаса, сизга хизматкор бўлсин. Орангизда ким биринчи бўлишни истаса, сизга қул бўлсин”. Бу дунёда бойлик топган одамлар бевафо бойликка умид боғламасликлари лозим, аксинча, улар бархаёт Худога умид боғлашлари, яхши ишларга бой, хайрихох, сахий ва хаммага улфат бўлиши керак. Бу хаётда Муқаддас Китоб қадриятларига эришиш учун имон зарур, чунки бизни ўраб турган дунё масихийларга тескари бўлган қадриятларга интилади.

Худо биринчи навбатда Ўзига итоат қилганларни ва шу итоат натижасида Унга таянганларни қўллаб-қувватлайди ва мархамат қилади. Бу нарсага бўлган ишонч орқали имон юзага келади. Нух пайғамбарнинг хаёти бундай имонга мисол бўла олади: «Нух пайғамбар имонли бўлгани учун, Худо унга келажакда юз берадиган ходисалар хақида вахий юборди. Нух эса ўз хонадонини қутқариш учун ихлос билан кема ясади.” Худо дунёдаги барча тирик жонни қириб ташламоқчи бўлганини Нухга вахий орқали аён қилган эди. Нух эса Худонинг сўзини имон билан қабул қилиб, келажакда содир бўладиган ходисаларга тўла ишонч билан кема қуришга киришади. Нух Худонинг сўзига қулоқ солиб, Унинг ваъдасига ишонгани учун 140 йил давомида тинимсиз мехнат қилиб кемани қурди. Иброхимнинг хаёти хам итоаткорликни намоён қилади. Худо Иброхимга илк бор мурожаат қилганида унга буйруқ билан бир ваъдани берган эди. Худонинг ўша буйруғига биноан Иброхим она юртини тарк этиб, Худо унга кўрсатадиган бегона бир юртга бориши керак эди. Шунда Худо Иброхимнинг наслидан буюк бир халқ яратишни ва унинг зурриёти орқали дунёдаги барча халқлар мархаматланишини айтган эди.

Иброхим Унинг амрига бўйсунди ва ваъданинг бажарилишини сабр-тоқат билан кутди. Муқаддасликни излашдаги итоаткорлик йўллари кўп холларсда инсоннинг ақлига зид келади. Биз Худонинг аён бўлган иродасига итоат қилишимиз, хамда Унинг ваъдаларига ишонишимиз керак, акс холда биз хеч қачон муқаддасликка эриша олмаймиз. Муқаддасликка интилиш нихоятда қийин ва машаққатли жараён, бироқ бу Худонинг иродасидир. Муқаддасликка интилган хар бир одам қандай қийинчиликларга дуч келмасин, албатта Худонинг мархамату баракатларига сазовор бўлади. Одатда итоаткорлик биздан қатъий ишонч билан дадилликни талаб қилади. Худонинг Исроилга берган Шаббат йили тўғрисидаги амри одамлардан худди шундай итоаткорликни талаб қилар эди. Ўша амрга мувофиқ исроилликлар хар еттинчи йилда ерга дам бериб. Худонинг Шаббатини нишонлашлари керак эди. Шу йили уларга экин экиш, узумзорларни буталаш ман қилинган эди.

Бу амр билан бир қаторда Худо уларга шундай ваъда хам берган эди: «Мен Исроил халқига олтинчи йили мархамат кўрсатаман. Менинг мархаматим туфайли улар уч йилга етгулик хосил олишади. Саккизинчи йили уруғ экишади, лекин эски хосилни тўққизинчи йилгача ейишади.” Агар Исроилликлар Худонинг берган бу ваъдасига ишонганларида эди, Унинг амрига итоат қилишган бўлардилар. БИроқ Муқаддас Китобга кўра улар Худонинг ваъдасига ишонмаганлар, унинг иродасини бажармаганлар. Худди шу рухий асослар Исо Масихнинг Ушбу сўзларида хам ўз ифодасини топган: “Сиз аввало Худонинг шохлиги ва Унинг иродаси пайидан бўлинглар, шунда буларнинг хаммаси сизга қўшимча қилиб берилади.” Агар биз муқаддасликка эришишни хохласак, унда Худонинг иродасига итоат қилишими ва Унинг ваъдаларига ишонишимиз керак. Бунга нима дейсиз?

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top