Азизлар бугун эътиборингизга тинч ҳаётини Масиҳ учун ташвишли ва қувғинларга бой ҳаётга алмаштирган бир оила ҳақидаги гувоҳликни ҳавола қиламан. Бу оилани биз шартли равишда Эҳсоновлар оиласи деб атадик. Оила боши Эҳсонов, ҳаётининг 40 йилларида бир кишидан хушхабар эшитади. Келинг бу ҳақида унинг ўзи нима деганини эшитинг. “Мен хушхабар эшитганимдан сўнг анча вақтгача бу ҳақида фикр қилиб юрдим. Шундай кунларнинг бирида Раббим менга туш кўрсатди. Тушимда иккита йўлни кўрдим. Бири катта ва кенг йўл, иккинчиси тор эди. Тор йўлдан кетадётганлар озчилик йўл тор ва юриш қийинлигига қарамай, тор йўлдан кетаётганларнинг юзларида хурсандчилик бор эди. Кенг йўлдан кетаётганлар эса шошиб, доимо ташвиш билан кенг йўлга ўзини ураётган эди. Кейин мен ўзимни кўрдим.
Мен икки йўлнинг ўртасида турган эканман. Қаерга боришни билмайман. Тор йўлдан юрай десам, у йўл тор ва машаққатли кўринди. Кенг йўлдан юрай десам, одамлари ташвишли. Нима қилишни билмай турганимда тор йўлнинг бошида бир оппоқ кийимли юзлари ва кийимларида нур ёғилиб турган Зотни кўрдим. У менга ҳеч бир сўз демай, юзида мулойимлик ва муҳаббат билан мени ўзига чорлар эди. Кейин Унинг оҳанрабоси мени ўзига тортди. Мен қийин бўлса ҳам тор йўлдан юришга қарор қилдим. Тонгда хурсандчилик билан уйғондим. Ҳеч иккиланмай Раббимнинг нажотини қабул қилдим. Шундан сўнг тинч ҳаётим ниҳоясига етди. Мен оилам билан кичик бир қишлоқда яшардик.
Имонга келганимдан сўнг, қариндош – уруғларимни чақириб, уларга ҳам кўрган тушимни гапириб бериб, хушхабар айтдим. Аста секин менинг бошқа динга кириб кетганим бутун қишлоқ аҳлига маълум бўлди. Беш фарзандим ва аёлим ҳам мен билан бирга қийналишни бошлашди. Қишлоқ катталари бир бўлиб, бизни уйимиздан ва қишлоқдан ҳайдаб солишди. Қаерга боришни билмасдик. Маълум вақт бошқа бир қишлоқдаги қариндошимникида яшадик. У ердагилар ҳам бизнинг масиҳий бўлганимизни эшитиб, уйларидан ҳайдашди. Энди таваккал қилиб шаҳарга йўл олмасак бўлмасди. Шаҳарга келиб, болаларим билан ижарада яшадик. Мен вақтинчалик иш топдим. Қийналсак ҳам кунимиз ўтарди. Шаҳардан ўзимга ўхшаш масиҳийларни қидирдим. Улар билан танишиб, учрашиб турадиган бўлдик.
Имонга келганимдан сўнг фақат мен эмас бошқа биродарларим ҳам қувғинларга дучор бўлганларини эшитдим. Бу менга далда бўлди. Раббим Каломида ҳам унга ишонсак, бу дунёда қувғинларга дучор бўлишимиз ҳақида айтган эди. Шу қувғинларга қарамай, мен бу йўлда юришда давом этаман. Чунки шу пайтгача Раббим мени уялтириб қўймади. Ҳар сафар қийин аҳволимда менга ёрдам берди. Мен Унинг марҳаматини, кучини ва қўллаб-қувватлашини сезиб турдим. Аёлим ва болаларим ҳам Раббимизнинг нажотини қабул қилишди. Улар ҳам ёшлигидан қийинчликларга кўникиб улғаётганларидан, Раббимизнинг йўли машаққатли бўлсада, мазмунли эканини кўраётганларидан хурсандман. Мен бу йўлнинг бошида қувғинларга учраган бўлсам, ҳозир ҳам таъқиблар тўхтагани йўқ. Таъқиблар ҳар доим бўлади, бироқ ҳар хил йўл билан. Шундай бўлса-да, Раббим ҳар доим менга ёрдам беришига ишонаман.»