Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчилар. Яна сизлар билан соғ-омон куришиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Микрофон олдида мен Ғолиббек. Инсоният мавжуд экан, бир-бирини хафа қилиш ва бир-бирини ҳақорат қилиш деган тушунчалар асло йўқ бўлиб кетмайди.
Бунинг бирдан бир сабаби эса яна ўша гуноҳдир. Азизлар, акар кимдир сизни хафа қилса ёки сизни хафа қиладиган гапларни сиз ҳақингизда бошқаларга айтса, ўзингизни қандай тутган бўлар эдингиз? Сиз ҳақингизда бўлмағур гапларни гапириб иғво қилсаларчи? Дунёдаги қонун-қоидаларнинг бири шундай:
Сизга оғриқ келтирган инсонга худди шундай жавоб қайтариш ёки бўлмаса ундан ҳам беш баттарроқ қилиб жавоб беришдир. Лекин Раббимиз Исо Масиҳ шундай шароитларда умуман бошқача йўл тутиш кераклигини бизларга кўрсатмоқда. Мана шу борада Раббимиздан ўрнак олсак арзийди.
Исо Масиҳ ҳар бир инсон учун азоб чекди. Ана шу хафа қилувчи учун ҳам ва хафа бўлган инсон учун ҳам бир хил азоб чекди. Унга нисбатан ёмон гапирганларга Раббимиз ёмон гаплар билан жавоб қайтармади. У хочда азоб чекиб турганида, Уни жазолаётганларга нисбатан ёмон гаплар айтмади.
Ўзининг қудратлилиги орқали ва Ўзининг Худо эканлиги билан бошқаларни қўрқитмади. 1 Бутрус китобининг 2 боби 21 ва 23 оятларида ёзилганидек, самимий жавоб қайтарди. Ушбу оятларда Раббимиз қандай азоб чеккани ва шундай бўлсада мулойим ва Худога қулоқ солганлиги ҳақида гап боради.
Лекин Раббимиз уларга ўзига яраша жавоб қайтара оларди, бунга У ҳақли эди ҳам. Раббимиз Ўз душманларини биттагина сўзи ёки бир боқиши билан йўқ қилиб юбориши мумкин эди. Лекин У шундай қилмади. Бунинг ўрнига Раббимиз хочда жимгина туриб, ўзига нисбатан айтилаётган ҳар қандай ҳақоратларни қабул қилди.
У Ўзидаги барча муаммоларни Худонинг ҳукмига топширди. Азизлар, биз Раббимиздан ўрнак олганимизда мулойим бўлиш ва бизга ёмонлик қилганларга керакли жавобни қайтармасликни ўрганишимиз керак. Энг муҳими, ҳаммасини Худонинг қўлларига топширишни ўргансак, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Авваломбор ўз адресингизга ҳақоратлар эшитган пайтингизда жавоб беришга шошилманг. Аксинча шу сизга айтилган гапларнинг қанчалик ўринли ёки ўринли эмаслигини текшириб кўринг. Балки бунга асос бордир. Ҳақиқатан ҳам ўз ҳаётингизда ўзгартиришингиз керак бўлган кўп нарсалар бордир. Ҳеч қачон бошқаларга жаҳл билан жавоб қайтарманг.
Энг яхши жавоб — умуман қарама-қарши бўлган усул билан сизни ҳақорат қилувчига жавоб беришдир. Яъни ўзингизни босиб олган ҳолда, жаҳл қилмай ва мулойимлик билан демоқчимиз. Шундагина Худованд сиздан янада мамнун бўлади ва сизни ҳимоя қилади. Хайр саломат бўлинглар.