MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз тингловчилар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлсада учрашиб турганимиздан Худовандимизга шукуроналар айтамиз. Бугун мен Ғолиббек микрофон қаршисидаман. Муқаддас Китобда Раббимиз Исо Масиҳ севги ҳақида кўп гапирган. Чунки Худонинг Ўзи севгидир.

Шундай экан, масиҳий инсон учун бошқаларга бўлган севги биринчи ўринда бўлиши керак. Агар биринчи Коринфияликларга мактубининг 13 бобига қарасак, севги ҳақидаги ажойиб оятни кўришимиз мумкин. Бу ерда ҳар бир инсон бошқаларни севиши керак бўлган барча шартлар ипидан игнасигача ёзиб қўйилган.

Азиз радио тингловчи, шу оятни ўқиганингизда ўзингизда нима камчилик борлигини кўришга ва тузатишга ҳаракат қиласиз, деган умиддаман. Шу ўн учинчи бобдаги севги ҳақидаги оятни мажбурий, яъни суний равишда ўзингизда бор, деб ҳисобламанг. Бошқаларга бўлган севги табий равишда бўлиши керак. Шундагина ҳақиқий севгига эга бўламиз.

Худовандга: “Ота, мени юрагимни бошқаларга нисбатан севги билан тўлдир”, деб илтижо қилинг. Чунки юрагингизда севги йўқ экан, бошқаларни севиш анча мушкул бўлади. Ҳатто гапирган пайтингизда ҳам қанчалик ҳаракат қилманг, бошқалар сиздаги суний севгини бемалол кўришлари мумкин. Инсон бошқалардаги ёмон ишлар ва ҳаракатларни жуда яхши пайқай олади. Бу дегани, ўша инсондаги яхши тарафларини кўриш анча мушкуллашиб қолади деганидир.

Азиз биродар, бошқаларни севишни ўрганиш учун улардаги камчиликларга эътибор қилманг. Бошқаларни ҳукм қилиш сиз билан мени ишим эмас. Яхшиси, яхши тарафларни кўришга ҳаракат қилинг, бу ҳар биримизда бошқаларга бўлган севгининг ўсиб бориши учун катта ёрдам бўлади.

Агар кимдир сизни атайлаб жаҳлингизни чиқарса ёки ўзбекча қилиб айтганимизда жиғингизга тегса, аввало ўзингизни босишга ҳаракат қилинг. Ўша инсон билан хотиржам гаплашиб, бошқа бундай қилмаслигини илтимос қилинг. Худовандга шу биродарингиз ёки дўстингиз учун ибодат қилинг. Жуда кўп нарсалар инсонни жиғига тегиши мумкин.

Лекин севги ҳамасини енга олади. Ҳар бир инсонни Худо Ўз суратида яратган, шунинг учун ҳам инсонлардаги камчилигига қарамай уларни севайлик ва уларни қабул қилайлик. Раббимиз Исо Масиҳ ҳатто душманларимизни ҳам севишимизни айтган эди. Чунки улар ҳам инсон, тўғрироғи, Худо тарафидан яратилган инсонлардир.

Фақатгина улар доимо ўзларини ҳақ деб билишади. Лекин Худодан бошқа ҳеч ким ҳақ эмасдир. Инсонлардаги гуноҳ ўзини ҳақ деб айтишга тўсқинлик қила олади. Азизлар, барчангизга севги ёр бўлсин. Яна радио орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top