3:15

Бўй нега ўсмайди

MP3

Ассалому алайкум. Фарзанднинг дунёга келиши ҳаммани бирдек қувонтиради. Фарзандлар катта бўлгани сари, уларнинг қилиқлари, гапиришлари ота-онанинг кўнглини яйратади. Бироқ фарзандлар ҳеч ҳам касал бўлмай, катта бўлса экан? Афсуски ундай бўлмайди. Фарзанд катта бўлгунча она кўп синовлардан ўтади, фарзанди касал бўлганида атрофида парвона бўлиб, то шифо топмагунча тинчимайди. Баъзида болаларнинг бўйи нормалдан пастроқ бўлади. Бу нарса бола катта бўлгани сари билина боради. Бола ҳам ота-онаси билан бирдек қийналади. Тенгдошлари орасида бўйи кичкиналигидан ўкинади. Ортиқча лақаблар эшитишни истамайди. Хўш, нима учун боланинг бўйи ўсмайди?

Соғлом боланинг ўсиб-улғайиши ва ўсишнинг тугалланиши организмнинг ирсий жиҳатларига боғлиқ бўлиши билан бирга ташқи муҳит омилларининг ўзаро таъсири жараёнларида амалга ошади. Генотип белгилайдиган ўсиш ва ривожланиш жараённинг тезлиги ва чегараларини ростлаб туришда организмнинг ички секреция безлари ишлаб чиқарадиган махсус кимёвий бирикмалар – гормонлар муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Ота-она бўйининг узунлигини қўшиб, натижани иккига бўлинса, боланинг охирида етишадиган ўртача бўй узунлиги келиб чиқади. Бўлинмага 5 см га қўшилса ўғил боланинг, 5 см олиб ташланса қиз боланинг катта бўлганида сўнгги бўй узунлиги аниқланади.

Агар ота-онанинг бўйи деярли бир хил бўлса, яъни бўйларида фарқ оз бўлса, боланинг охирги тахминий бўйи узунлиги ҳақиқатга яқин бўлади. Болаларнинг пакана бўлиб қолишига овқатда оқсиллар, витаминлар, минерал моддалар етишмаслиги, ички секреция безлари касалликлари: гипофизар паканалик, қандли диабет, қалқонсимон без фаолиятининг сусайиши, фақат ўсиш гормони етишмаслиги, хромосомалар ва генетик омилли касалликлар, сурункали ва оғир кечувчи касалликлар сабаб бўлади.

Эмбриофетопатия – боланинг она қорнида юқумли касалликларга чалиниши масалан қизилча цитомегалия, заҳарланиш, тўқималарда кислород камайиши каби касалликлар ҳам бу хасталикни келтириб чиқаради. Руҳий омиллар туфайли, бола ривожланишдан орқада қолиши мумкин.

Баъзан одамлар гипоталомо – гипофизар паканалик туфайли шифокорга мурожаат қилишади. Асосан ўғил болалар бўйининг 130 см дан, қиз болалар эса бўйининг 120 см дан паст бўлиши ҳам паканаликдир. Гипофизар пакана болалар одатда туғилганида бўйи ва вазни жиҳатдан соғлом болаларникидан фарқ қилмайди. Жисмоний орқада қолиш бола 2-3 ёшга кирганида сезила бошлайди. Боланинг бўйи ўсмаётгани билиниб қолса, уни тезда шифокорга олиб бориш керак, чунки унда ўсиш гормони нормада ёки нормадан камлигини аниқлаш лозим.

Гипофизар паканаликда боланинг танаси ва қўл оёқлари мутаносиб равишда кичрайиб, мускуллари заиф ривожланади. Скелетнинг суякланиши ва шаклланиши кечикиши, тишларнинг ривожланиши ва алмашишининг бузилиши бу касаллик учун ҳосдир. Аммо бугунги тиббиётда паканаликнинг давоси бор. Бунинг учун ўсиш даврини ўтказиб юбормасдан мутахассисга муржаат этиш зарур.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top