Ишаё пайғамбар Михиёнинг диний ва ижтимоий ноҳақликларга қаршилигини ёқларди. Ишаё Михиё билан замондош эди. Бироқ Михиё пайғамбар ёш бўлишига қарамай, Ишаё билан фикрлари бир эди. Биз Михиё пайғамбарнинг ўзи ҳақидаги маълумотларни ўзининг ёзмаларидан билиб олишимиз мумкин. У ёзмаларида ўзи ҳақида тўғридан тўғри бир маълумот бермаган. Унинг исми – Михиёҳа деган исмнинг қисқартмаси. Бу «Худо ким ва қандай» — деган маънони англатади. Унинг туғилган шаҳари бу Морасф – аниқроғи Морешеф – Геф деган шаҳар. Унинг қадимий жойлашуви Қуддусдан 40 км жануброқда Филистийларнинг Геф деган шаҳри яқинида бўлган. Баъзи оятлардан унинг оддий қишлоқ фуқароси бўлганини билиш мумкин.
Деҳқон бўлган бўлиши ҳам мумкин. У Самария билан Қуддуснинг жиноятларини аямай танқид қилади. Михиё пайғамбарнинг бу сўзларини халқ илиқ кутиб олган деб ўйлайсизми? Бу пайтда халқ Худонинг сўзига мухтож эмасди. Халқнинг орасида зўрлашлар, ёлғон, айёрлик, ва бошқа гуноҳлар авж олганди. Михиёни айни шу ишларни қилаётган кишилар ёқтирмагани, уни рад этганлари аниқ. Ҳатто уни ҳайдаган бўлишлари ҳам мумкин. У инсон сифатида ҳеч бир шаҳарда ўзини ўз уйидай ҳис қилмайди. У камбағалларни хўрлашни қоралайди. Амос пайғамбар каби Михиё ҳам профессионал пайғамбар бўлмаган. У шоҳларнинг сўзларига қараб, башорат қиладиган соҳта пайғамбарларни қоралаган. Бундай пайғамбарларни «пулга сотилганлар» дерди.
У пайғамбар бўлгунга қадар оддий деҳқон бўлган бўлса ҳам, қаттият ва кучли иштиёқ билан воизлик қиларди. Муқаддас Рух унга куч ва ишонч бағишларди. Михиё пайғамбар китобининг ёзилиши Йўтам, Охоз ва Хизқиё шоҳлиги даврига тўғри келади. Кўпчиликнинг фикрига кўра Самариянинг эрамиздан аввалги 721 йилда вайрон бўлишигача бўлган вақтга тўғри келади. Ахаз хукмронлик қилган даврда бутларга одамларни қурбонлик қилиш одати бор эди. Михиё пайғамбар эса айнан Йўтам, Ахаз ва Хизқиё даврларида пайғамбарлик қилган. Унинг кўзлари қанчалик дахшатли воқеаларни кўрган. Сиз Михиё пайғамбар ўрнида бўлганингизда бу воқеаларга қандай муносабат билдирган бўлардингиз? Сиз ҳам баъзи ҳолларда худди шох Ахаз каби одамларни қурбонликка бераётгандирсиз?
Аниқроғи, сиз қийналишингиз керак бўлган жойда, бошқа одамни ишга солиб, уни қийинчиликка солмаяпсизми? Ишаё ҳам Михиё пайғамбар ҳам шимолий шохликнинг қулаши арафасида Худо сўзларини халққа етказган. Юқорида айтилганидек одамни қурбонликка келтириш воқеасидан ҳам халқ қанчалик тубанликка юз тутганини билиб олса бўлади. Бундан ташқари энг ачинарлиси, пайғамбарликка ўқитилган, ўзларини пайғамбар санайдиган «соҳта пайғамбарлар» ўзларининг ҳақиқий вазифаларини унутиб қўйиб, қуруқ ва ёлғон гапларни гапирар, уларнинг сўзлари Худодан эмас, тингловчиларнинг совға-саломларига боғлиқ бўларди. Кейин эса маъбаддаги Худо хузурига кириб, Худодан уялмай химоя сўрарди. Бу маъбаддаги ахднинг белгиси яқин кунларда Худонинг ўз қўли билан вайрон қилинишини билишмасди.