3:23

Бола нега уйқусида йиғлайди? 2

MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Бугун ўтган сафарги мавзумиз ҳақида кенгроқ маълумотга эга бўламиз. Орамизда кўпгина ёш оналар фарзандларининг тунда чўчиб уйғониб кетишидан, уйқусида қўрқиб, бақириб йиғлаб уйғонишидан ташвишга тушишади. Албатта сиз ҳақсиз, бу ташвишга арзийдиган нарса. Агар боланинг кундалик ҳаётида унга ёқмайдиган, уни қўрқитадиган ёки қийнайдиган нималардир содир бўлса, бу нарса унга қаттиқ таъсир қилиб, уйқусида ҳам тинчлик бермайди. Шу нарса айнан шундай ёки бироз ўзгарган ҳолда тушига кириб, азоблайди. Болангизнинг уйқусида ҳам бесаранжом эканлигидан ўзингиз ҳам эзиласиз. Бундай ҳолат кўпгина оилаларда учрайди. Баъзи оналар бунга ҳатто эътибор ҳам қилишмайди.

Агар шундай бўлса, қаттиқ адашишади. Боланинг тунда чўчиб уйғониши ёки йиғлаши давомий бўлса, бу унинг руҳан нимадандир қийналаётганидан дарак беради. Шунинг учун ҳам болангиз билан кўпроқ мулоқот қилинг, уни нималар қийнаётганини билиб олинг. Боладан уни нима қийнаётганини билиб олиш осон эмас. Бунинг учун у билан кўпроқ суҳбатлашиш, мактабида ёки боғчасида нималар қилгани ҳақида эринмай, сўраб – суриштиришингиз керак. Бола билан қанча кўп суҳбатлашсангиз, аста секин у ҳам очилиб, ўз ичида кечаётган ҳолатларни баён қила бошлайди. Бу билан сиз фарзндингизнинг ички дунёсини ҳам билиб оласиз. Энг муҳими уни нима қийнаётганини билсангиз, унинг тунда чўчиб уйғониши ёки йиғлашларига ҳам жавоб топишингиз осонлашади. Яхшилаб ўйлаб кўринг, ўз тарбиявий усулингизга назар ташланг, балки унинг тунда яхши ухлолмаслигига ўзингиз сабабчидирсиз.

Ҳа, шундай бўлиши мумкин. Кўпгина оналар ўзлари билмаган ва истамаган ҳолда фарзандларининг қийналишига сабабчи бўлиб қоладилар. Масалан, бир идиш синдириб қўйгани учун уни урадилар, ёки бўлмаса тасодифан ўйламай қилган иши учун калтаклайдилар, асаблари қўзиб турганида қилган хархашаси учун қоронғи хонага қамаб қўядилар. Мана шу нарсалар боланинг руҳан қийналишига ва тунда безовта бўлишига сабаб бўлади.

Баъзи болалар оилада муҳит яхши бўлишига қарамай, тунда ёлғиз ухлашдан қўрқишади. Ота-оналар болани алоҳида хонага жуда эрта чиқаришади ва бола тунлари ёлғиз ўзи ухлашига тўғри келади. Табиийки, ёш бола ёлғиз ухлашдан қўрқади. Ота-онасининг «энди катта бўлиб қолдинг, қўрқсанг уят бўлади», сингари гапларидан уялиб, ҳеч қандай эътироз билдиролмайди.

Кейин эса тунлари қўрқиб чиқади. Сесканиш, қўрқиш натижасида сийиб қўйиши ҳам мумкин. Қўрқув туфайли анча вақт бир нуқтага тикилиб ётиб, ҳаракат ҳам қилолмайди. Бола уйқуга кетса ҳам руҳи уйғоқ туради ва атрофни назорат қилади. Баъзи шамол туфайли ойна ғичирлаши, кучли чақмоқ ва мамоқалдироқ бўлиши ёки ота-онасининг хонага оҳиста кириб келиши ҳам болага улкан хавф бостириб келаётгандай туюлади. Бундай холатларда боал қаттиқ бақириб юборади ва чўчиб уйғониб кетади. Бундай ҳолатлар болага кучли таъсир қилади.

Сиз фарзандингизни ўзи хоҳламагунга қадар алоҳида ётишга мажбурламанг. Ўзингиз билан бирга олиб ётишга ҳаракат қилинг. Агар акаси ёки опаси бўлса, улар билан бир хонага жойлаштиринг. Ухлаш олдидан уни тинчлантиринг. Шундагина ҳеч бир ташвишга ҳожат қолмайди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top