3:36

Болаларнинг ўсишига ёрдам 99

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар, сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Бугун мен Ғолиббек микрофон олдидаман. Азиз радио тингловчи биродар, фараз қилайлик, турли хил ширинликлар билан ёки кўчада тупроқ билан ўйнагандан кейин кир бўлган қўллари билан сизнинг қўлингизни фарзандингиз келиб ушлади.

Ана шу қўлчаларнинг бир панжаси эса оппоқ бинт билан боғлаб қўйилган. Азиз биродар, шу кичкинагина қўлчаларнинг эгаси яъни болажонларни Худованд сиз билан бизга ишониб топширяпти, токи биз уларни Раббимиз Масиҳ сари етаклаб боришимиз учун. Товуқ боқиладиган фермаларда жўжа очириш учун инкубаторлардан фойдаланилади.

Агар шу инкубаторда етарли шароит яратиб берилмаса, ичидаги тухумлар бузилиб, жужалар ҳалок бўлишади. Шу каби биз ҳам фарзандларимизга уй шароитини яратиб беришимиз керак, мана шу уйнинг қандайлиги ҳам катта аҳамиятга эга.Уйдаги атмосфера болага ўз таъсирини ўтқазмасдан қўймайди. Агар атмосфера яхши бўлмаса, бу бир қанча муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Масалан, агар бола доимо бировнинг устидан кулаётганларини эшитса келажакда у ҳаддан зиёд уятчанг бўлиб ўсиши мумкин. Агар болани доимо уришиб катта қилсалар, доимо у ўзини айибдор ҳисоблайди ва шу билан у яшайди. Хуллас бунинг барчасини иккита ўзбек халқ мақоллари билан ифодалашимиз мумкин: “Нима эксанг шуни ўрасан” ёки “Қуш уясида кўрганини қилади”.

Хуллас барча ижобий ва салбий оқибатларни бола ўз уйида ўрганар экан. Демак унинг дунё қараши, ҳар хил одатлари, ҳаётга бўлган муносабати ўз уйида ривожланар экан. Шундай экан, болага эътиборсизлик билан қараб бўлмайди. Бола оддий кулолнинг лойи эмаски, ота-она ўзи ёқтирган шаклини ундан ясаб олсин. Ҳар қандай бола ҳам ўз хоҳиши ва эркинликлари билан биз катталар кабидир.

Уларда бизларнинг бераётган тарбиямизни қабул қилиш ёки қабул қилмаслик ихтиёри ҳам мавжуд. Агар йўлини топа олсак, улар доимо ота-онанинг тарбиясини қабул қила оладилар. Ҳар бир одам Худованднинг олдида ўзи учун жавоб бергани каби, болалар ҳам ўзлари учун Отамиз олдида жавоб берадилар. Ҳозирча биз катталар уларнинг жажжи қўлларидан ушлаб турар эканмиз, бизнинг вазифамиз уларни Раббимиз Исо Масиҳнинг олдига етаклаб боришдан иборатдир.

Албатта, вақти-соати келиб улар ўз уйларини тарк этишларига тўғри келади. Шунда улар ўзлари билан нималарни олиб кетишлари мумкин бўлади? Албатта, яхши тарбия ёки бунинг акси. Яхши тарбия билан чиқиб кетган бола, албатта, ота-онаси шаънига раҳматлар олиб келади. Ишонч билан айта оламизки, келажак ҳаётида ҳам Худованд билан мустаҳкам алоқада бўла олади. Ҳурматли ота-оналар, фарзандларимизга тўғри тарбия беришдан чарчамайлик. Худованд олдида ҳар бир ота-она ўз фарзанди қолаверса уларнинг имони учун жавобгардирлар. Азизлар, суҳбатимизга шу жойда якун ясаб, сизлар билан хайрлашамиз. Учрашгунча, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top