Саломатмисиз? Йигит киши уйланиб бошига рўзғор ташвиши тушгач, ҳеч қанча вақт ўтмай, жажжи фарзанд кутилади. Сизга ёрдамчи бўлиб оилангизга келган турмуш ўртоғингиз ҳомиладор. Бундай пайтда ҳомиладорлик ва унинг ёш онада қандай кечиши ҳақида баъзи бир маълумотларга эга бўлиб қўйсангиз ёмон бўлмайди. Сиз дунёга келадиган фарзандингизнинг тўрт мучаси соғ, соғлом ва тетик бўлиши учун, ғамхўрликни аёлингиз ҳомиладорлик пайтида бошланг. Аёлингиз ҳомиладор бўлиб, фарзандингизни дунёга келтиришни уни бағрига босишни интизорлик билан кутиш унинг энг бахтли кунларидир. Бу кунларда унинг қалбини ранжитмасликка ҳаракат қилинг. Маълумотларга кўра аёл киши ҳомиладорлик пайтида қанча кўп асабийлашса, бу боланинг айни дамдаги ва келажакдаги соғлиғига таъсир кўрсатмай қолмас экан.
Ҳомиладорлик пайтида аёл киши танасидаги гармонлар ўзгариб, тезда ҳафа бўладиган, арзимаган нарсага аччиқланадиган ёки йиғлайдиган бўлиб қолар экан. Бу маълумотни ўқиганимда ўзим ҳақимда ўйладим. Аёлим иккинчи фарзандимга ҳомиладор бўлганида, мендан тез-тез ҳафа бўлар, қаттиқроқ гапириб юборсам, йиғлаб юборарди. Мен эса: «Нега ҳадеб йиғлайверасан-а, охирги пайтларда жуда тегма-нозик бўлиб кетдинг», деганим эсимда. Шунинг учун, қадрли тингловчилар менинг хатоларимни қайтармайдилар деган умиддаман. Хомиладорлик даврининг илк ҳафталарида аёлингиз бирор дардга чалинмаслиги учун уни эҳтиёт қилишингиз керак. У тўғри ва витаминли овқатлар истеъмол қилиши қаттиқ толиқмаслиги, турли хил дори-дармонлар ичмаслиги керак. Аёлнинг ҳам жисмоний ҳам, руҳий толиқиши, ҳомиланинг тушишига сабаб бўлиши мумкин.
Аёлингизга турли витаминли озуқаларни муҳайё қилишингиз она қорнидаги фарзандингизнинг бекаму-кўст ривожланиши учун жуда зарур бўлади. Витаминли препаратлардан кўра сабзавот ва мевалар, шифобахш гиёҳларда она ва бола учун зарур бўлган биологик моддалар бор. Шунинг учун рўзғорни бекаму кўст қилиш қўйишингизга тўғри келади. Ҳамма нарсани олиб келиб қўйсангиз ҳам, ейишни истамаса, уни мажбурламанг. Шунчаки иккингиз биргалашиб ейишга таклиф қилинг. Бу унинг учун фойдали эканини уқтиринг. Агар аёлингиз наъматак, облепиха, смородина, лимон ва кўк пиёзни истеъмол қилса, унинг организми турли касалликларга қарши тура олади. Чунки юқоридаги махсулотларда С витамини бор.
Сиз учун муҳими, ҳомиладорликнинг дастлабки 3-4 ойида сабрли ва эътиборли бўлишдир.
Чунки бу пайтларда аёл киши инжиқроқ, нима истаётганини ўзи ҳам билмайдиган бўлиб қолади. Ундан ташқари овқатингиз вақтида тайёр бўлмаса ҳам жахл қилманг. Чунки ҳомиладорликнинг эрта токсикозида баъзи аёллар қозон олдига яқинлаша олмайдиган бўлиб қолади. Ҳомиладорликнинг охирги ойларида эса аёлингизни тез-тез сайрга олиб чиқинг. Юриш, енгил ҳаракатлар қилиш, у учун ҳам яқин кунларда дунёга келадиган фарзандингиз учун ҳам фойдали. Бу маслаҳатларни эплай олиш осон эмаслигини яхши тушунаман, бироқ эшитганларингизни қўлингиздан келганча бажаришга ҳаракат қилинг. Бу билан сиз туғилажак фарзандингизнинг келажакда соғлом ва кўркам бўлишига замин тайёрлаган бўласиз.