Ассалому алайкум. Мен тарихга жуда қизиқаман. Шунинг учунми ҳамма тарихга қизиқади, деб ўйлардим. Лекин яқинда билдимки, ҳамма ҳам тарихга қизиқмас экан. Бироқ бугун ҳикоя қиладиганимиз, «Темир қушлар» тарихи ҳаммани бирдек қизиқтирса ажаб эмас.
Учишни орзу қилмаган одамни тополмайсиз. Кимдир ҳаёлида, кимдир тушида учади. Одамзод пайдо бўлибдики, самога талпинади. Бунинг сабаби нимада, унинг руҳи Худога талпинадими? Ибтидо китобининг биринчи бобида, Худонинг Руҳи сув устида парвоз қилгани ҳақида ёзилган. Иккинчи бобида эса, Худованд Одам Атони яратгач: «…унинг димоғига ҳаёт нафасини пуфлади», деб ёзилган. Мана шу нафас бизни учишга ундар балки. Инсон учишни истайди-ю, учай деса қаноти йўқ. Бироқ қайсар орзулари уни тинч қўймайди. Нима қилмоқ керак?
Тўғри айтасиз, «Дидар ва Икар» ҳақидаги ҳикояни эшитмаган одам топилмаса керак, улар ҳам учишга ҳаракат қилишган. Ёки бўлмаса итальян олими Леонардо да Винчини олайлик. У ҳам мана шу савол қаршисида ўйга толган. У жаҳонда биринчи бўлиб, қандайдир жисмлар воситасида учиш мумкинлигини асослашга уринган. Бироқ бу қуруқ назария эди ҳолос. Ниҳоят 1885 йилда рус денгиз офицери Можайский лойиҳасига кўра, инсонни осмонга олиб чиқа оладиган биринчи самолёт ясалди. Бироқ бу илк самолёт учишга улгурмай ерга қулаган. Подшо ҳукумати қобилиятли конструктор бошлаган ишни қўллаб-қувватламади. Можайскийнинг тажрибалари шу ерда тўхтаб қолди. Орадан йиллар ўтса ҳам олимлар изланишларни тўхтатмадилар. Бу борада Америкалик ака-ука Райтлар анча муваффақият қозонишди.
Тўғри, тўғри! Бу ҳақида мен бир фильм кўрган эдим. У жуда ҳаяжонли кишини завқлантирадиган ва учишга ундайдиган фильм эди. Билишимча ака-ука Райтлар 1903 йилда керосин билан ишлайдиган двигателли аэропланни осмонга кўтаришган. Кўпчилик буни ҳақиқий парвоз деб тан олган. Улар ўзлари ясаган аэропланда 32 метр жойга учиб боришган. Шу тариқа авиация дунёга келди. Лотинчада «авис» — қуш деган маънони билдиради.
Рус олимлари ҳам тинч ўтиришгани йўқ. Авиациянинг ривожланишида Жуковский, Чаплигиннинг асарлари муҳим роль ўйнади. Жуковский самолёт қанотларига таъсир қилувчи куч ҳисобини қайтд этган бўлса, Чаплигин эса катта тезликлар аэродинамикасига асос солди.
Бобомнинг айтишича уруш йилларида энг яхши деб тан олинган самолёт бу Ил – 2 самолёти экан. Бу самолётни машҳур рус конструктори Ильюшин лойиҳалаган бўлиб, уруш йилларида русларга жуда қўл келган. Бу самолётнинг яхшилигини ҳатто немислар ҳам тан олишган экан. Ил – 2 самолётидан олдин 1928 йилда Поликарпов деган киши По-2 ўқув самолётини яратган. Ундан халқ хўжалигида кенг фойдаланилди. Иккинчи жаҳон уришида эса Ил – 2 самолёти билан бирга жангда ҳам алоқачи, ҳам тунги енгил бомбардимончи самолёт сифатида хизмат қилган.
Ихтирочи олимлар ҳаётларига назар солсангиз, уларни қўллаб қувватлашганини ёки аксинча қувватлашмаганини кўрасиз. Бироқ шунга қарамай, улар қатъият билан олға интилишган. Уларнинг қатъиятларининг мевасини эса бугунги кунда кўп жойларда учратишимиз мумкин.