Саломатмисиз азилар? Муқаддас Каломда номлари қайд этилган шахслар ҳақида суҳбатлашар эканмиз, Муқаддас Каломни ўзгартирилган ёки бу китобга ишонмайдиганлар учун бир нарсани айтмоқчи эдим. Агар бизнинг тўлқинимизни тинглаб бораётган бўлсангиз, суҳбатларимиздан бирида дунёнинг етти мўъжизаларидан бири бўлган Самовий боғлар ҳақида маълумот берган эдик. Тахминларга кўра бу боғларни эрамиздан аввалги 605-562 йилгача ҳукмронлик қилган Навуходносор қурдирган. Бу шахс ҳақида Муқаддас Каломдан анча мунча маълумотларни билиб олиш мумкин.
Ҳа, у чиндан ҳам буюк ва қудратли шахс бўлган. У Яҳудога ҳужум қилиб, саройда ишлашга қобилияти бўлган ёшларни танлаб, Бобилга олиб боришларини буюрган. Улар орасида Дониёр ва унинг дўстлари ҳам бор эди. Шоҳ Новухондосор Дониёр ва дўстларининг мард, оқил ва билимдонлигини кўриб, саройда олиб қолди.
Нега Худо Ўз халқининг бошқаларга таланишини жимгина кузатиб турди, деган савол туғилиши мумкин? Бу табиий. Агар Муқаддас Каломдан ва Исроил халқининг характеридан воқиф бўлсангиз, бу саволга жавоб топгансиз, бироқ ундай бўлмаса, тушунтириб ўтаман.
Келинг яхшиси бу ҳақида мен айта қолай. Худо, исроил халқига доимо унга содиқ бўлишини, бегона худоларга сажда қилмасликни, бошқа халқлар билан қуда бўлмасликни, ва доимо унинг кўрсатмаларига кўра яшашни буюрган эди. Халқ эса Худога бўйсунмади. Худо бўйсунмасликнинг оқибати нима бўлишини ҳам олдиндан айтган эди. Бобил шохи Новуходносорнинг Яхудони босиб олиши, халқ учун жазо эди.
Мавзуга қайтсак. Новуходносор кучли ва қудратли шахс бўлиши билан бирга мард инсон ҳам эди. Албатта Исроил ва Яҳудо атрофида яшаган халқлар исроил халқининг Худоси ҳақида эшитганлар бироқ уларнинг ўз худолари бор эди. Новуходносор ҳам соф олтиндан баландлиги 27 метр эни эса тахминан 3 метр келадиган ҳайкал ясаттириб, ҳамма шу ҳайкалга сажда қилишни буюради. Табиийки Дониёр ва унинг дўстлари бу буйруққа итоат этмайдилар. Ғазабланган шоҳ, уларни оловли чуқур ичига ташлашни буюрди. Худонинг марҳамати билан улар олов ичидан ҳам омон чиқадилар. Ўшанда Бобил шоҳи Новуходносор исроилнинг Худосига тан беради.
Бу ҳақида батафсилроқ баён қилиш керак. Ахир бу муҳим. Оловнинг тафти Дониёр ва дўстларини ташлаётган полвонларни ҳам куйдириб юборади. Буни кўрган Новуходносор ҳайратдан сапчиб туради-да: Биз чуқурликка учта боғланган одамни ташламаганмидик? Аланганинг ўртасида боғланмаган тўртта одам юрибди-ку! Уларнинг бирортасига ҳам зарар етмаган. Тўртинчиси худди илоҳий зотга ўхшайди.
Ҳа, айнан шу воқеадан кейин, Бобил шоҳи Новуходносор, исроилнинг Тангрисига ишонади. У мактуб ёзиб, мактубида ўз қўли остидаги ерларнинг барчаси исроилнинг Барҳаёт Худосига сажда қилишни буюради. Суҳбатимиз охирида унинг мактубидан парча келтираман: «Унинг шоҳлиги – мангу шоҳлик бўлур, У абадий ҳукмронлик қилур.»