3:32

Яҳё пайғамбар

MP3

Ассалому алайкум. Бу пайғамбар ҳақида Муқаддас Калом хушхабарининг тўрттала муаллифи ҳам етарлича маълумот беради. Бироқ, Лука хушхабарида у ҳақида тўлиқроқ маълумот берилган. Лука хушхабарида, Исо Масиҳнинг ёшлиги ҳақида бир оз маълумотга эга бўлиш мумкин, аммо Яҳё пайғамбарнинг болалиги ҳақида фақат биргина оят бор. Лука 1 боб 80 оят унинг ёшлиги ҳақида шундай дейди: «Шундай қилиб, бола Яҳё улғайиб ва руҳан қувватланиб, Исроилга кўринадиган кунгача чўл-саҳроларда бўлди».

Яҳё пайғамбар одамлар яшайдиган районлардан узоқлашиб, Ўлик Денгизининг ғарбий томонида жойлашган чўлда якка ёлғиз яшади. У ёшлигидан Худо олдидаги вазифаси нималигини биларди. У ваъда қилинган Қутқарувчининг келишига одамларнинг юракларини тайёрлаши кераклигини биларди.

У бу ҳақида қандай билган бўлиши мумкин? Албатта ота-онасидан. Закариё билан Елисавета учун бу бола жуда муҳим ва илтижолари меваси эди. Ундан ташқари Закариё маъбад ичида фаришта Жаброил билан бўлган суҳбатини ҳам ёдидан чиқармаган. Бу суҳбатни Яҳё ёшлигидан эшитгани аниқ. Отаси унинг вазифасини бот-бот унга эслатиб турган. У ҳам бу вазифасига астойдил садоқат билан ёндашган. У чўлда улғайган экан, у яшаган жойдан Нево тоғи яққол кўзга ташланиб турарди. Мусо пайғамбар мана шу тоғ тепасидан туриб, Худо ваъда қилган ерга боққан эди. У ҳар бир яҳудий бола каби Эски Аҳдни жуда яхши билган. У ўзининг иккинчи Илёс бўлиб келиши ҳақидаги башоратни ҳам биларди. Шунинг учун ўзини Илёс пайғамбардай тутган ва унинг сифатларини ўзлаштирган бўлса ажаб эмас.

Муқаддас Каломда унинг нима билан озиқлангани ҳақида ёзилган. Матто 3 боб 4 оят шундай дейди: «Яҳёнинг ўзи туя жунидан кийим кийиб, белига теридан камар тақар эди. Унинг егулиги эса чигиртка билан ёввойи асал эди.» Чигиртга ейишни ҳозир тасаввуримизга ҳам сиғдиролмаймиз. Аммо маълумотларга кўра, Яҳё пайғамбар еган чигиртка — чигирткаларнинг бир тури бўлган. Уни қадимдан истеъмол қилишган. Баъзида қовуриб, баъзида қуритиб, дон сифатида ейишган. Айтишларича, унинг мазаси криветкани эслатар экан. Ëввойи асал эса, сиз-у биз истеъмол қиладиган асалдай ширин бўлмаса-да, фойдалилиги жиҳатдан ҳозирги асалимиздан қолишмайди. Ëввойи асални қадимда баъзи касалликларга даво сифатида қўллашган.

Туя жунига келсак, бугунги замон кишиси туя жуни ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас. Фақат қишлоқлардагина баъзи кишилар туя жуни ҳақида билиши мумкин. Туя жуни бошқа жунлардан кўра анча дағал ва қўполлиги билан ажралиб туради. Нега Яҳё пайғамар туя жунидан кийим кийган? Чунки чўлда туя кўп бўлади, табиийки жуни ҳам арзон. Бироқ бу кийимни кийиш жуда ноқулай. У дағал бўлгани учун терини қичиштириши ва шилиши мумкин. Шунга қарамай, Яҳё пайғамбар бу кийимни кийган. У хизматини қаердан бошлади? У ўз хизматини Иордан дарёсининг қуйи қисмидан, Қуддусга кириш дарвозаси олдидаги кичик қишлоқлардан бошлаган. Унинг довруғи бутун Қуддусни ва узоқ яқиндаги қишлоғу шаҳарларни тутиб кетди. Яҳё пайғамбар ўз хизматини қачон бошлаган? Бу ҳақида кейинги суҳбатимиздан билиб оласиз. Азизлар, агар туя жуни ва ёввойи асал ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлсангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com манзилимизга мурожаат қилиб билимингизни биз билан ўртоқлашинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top