Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи азиз биродарларимиз. Азизлар, яна радио тўлқинлари орқали сизлар билан дийдор учрашиб турибмиз, бу учун Отамиз ва Худовандимизга шон-шарафлар бўлсин. Микрофон қаршисида мен Ғолиббек. Ҳар биримиз ўз болаларимизни келажакда ҳамма ҳавас билан қарайдиган инсон бўлиб етишишини истаймиз.
Бу яхши ният. Лекин мана шу орзу амалга ошиши учун ота-она томонидан нималарни амалга ошириш талаб этилади? Кўпинча биз, ота-оналарнинг, бир хатоимиз тез-тез такрорланиб турилади. Яъни болага баъзи тарбия йўлларини қўллаб кўрамиз-да, агар ўйлаган мақсадимизга эриша олмасак, яна бошқасини қўллашга киришиб кетамиз.
Бундай ҳолат тез-тез такрорланиб турилади. Бунинг натижасида эса бола нима қилишини тушунмай, ота-она нима истаётганига ҳайрон бўлиб, ўз билганича яшашда давом этаверади. Ота-она бугун баъзи ишларни қилишга рухсат берса, эртага умуман ман қилиб қўяди. Баъзи пайтларда болалар ўз ота-онасидан нима кутишини ҳам билмай, иккиланиб қўрқиб қолади.
Хуллас, шундай қилиб боланинг тарбияси суст бўлишида ота-онанинг ўзи ҳам айибдор бўлиб қолиши мумкин. Бундан ташқари, ота-онанинг айби туфайли бола қандайдир айбли иш қилиб қўйиши мумкин. Шунда ҳам болани жазолаб, ўзимизга нисбатан унда иккиланишни пайдо қилиб қўйишимиз мумкин. Масалан, овқат маҳали онаси косага овқатни сузиб келиб, хонтахтанинг четига қўйиб кетди. Натижада бола косани ерга ағдариб юборди.
Ўйлайманки, бундай пайтда болани айблаш одобдан эмас.Чунки бу ҳолат боланинг айби билан эмас, аксинча, онасининг бепарволиги туфайли содир бўлди. Азизлар, келинг шу ўринда оталарнинг ҳам камчилиги ҳақида бир оғиз гапириб ўтсак. Агар ота ишхонадан кайфияти бузилиб қайтса, албатта, уйидагилар айбдордек: ё онаси, ёки бола албатта гап эшитиши мумкин.
Гўёки барчаси учун улардан бири айбдордек. Азиз ота-оналар, доимо болани жазолашдан олдин ёки уришиб қўйишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўрайлик. Ҳақиқатдан ҳам бола айибдорми? Ёки бизнинг ҳам шу ишда ҳиссамиз борми? Ҳурматли ота-оналар, агар сизларда бола тарбияси ҳақида янги фикрлар ёки таклифлар бўлса, албатта биз билан ўртоқлашишингиз мумкин.
Бизнинг электрон манзилимизга ўз мактубларингизни йўлласангиз, албатта кўриб чиқамиз. Бизнинг манзил: dilkash@najot.com. Азизлар, боланинг икки елкасининг ўртасида катта кишининг калласини кўрманг. Улар ҳали ёшлиги туфайли кўп нарсага аҳамият бермаслигини ҳам ҳисобга олинг. Шу билан бирга боланинг тарбиясига ҳеч қачон эътиборсиз бўлманг. Халқимизда бир доно гап бор: “Нима эксанг, шуни ўрасан”- деб айтишади. Ҳозирданоқ яхши уруғ экишга ҳаракат қилинг. Бу келажакда яхши ҳосил олишнинг гаровидир. Азизлар, шунинг билан яна радио тўлқинлари орқали учирашгунча хайр, соғ-омон бўлинг.