3:18

Руҳий ғалаба 80

MP3

Ассалому алайкум “Дилкаш” радиосининг доимий мухлислари. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да дийдор учрашганимиздан жуда миннатдорман. Бугун мен Ғолиббек “Дилкаш” радиосининг шинамгина студиясидаман. Раббимиз Исода озодликка эришиш йўлидаги қадамлардан бири — бу одамларга кечирим беришликдир.

Агар биз бошқаларни кечирсак, шайтон биздан ўз манфаати йўлида фойдалана олмайди. Худо Каломи ҳар қандай аламу нафратдан кечиб, ўзимиз кечирилганимиз каби, бошқаларни ҳам кечиришимизни буюради. Азиз биродар, сиз кечиришингиз зарур бўлган одамларни эслашингиз учун Худодан ёрдам сўранг.

Биз ўзимизни хафа қилганларни кечириш билан бирга, ана шу хафагарчиликларни ҳам унутишимиз керак. Азиз биродар, ёдингизда бўлсин, кечириш — бу ўз хоҳиш-иродамизга кўра чиқарилган қарордир. Биз кечирим беришга қарор қилишимиз зарур. Худо бизга бизни хафа қилганларни кечириб, қасос олмасликни ва уларни Раббимизнинг ҳукмига топширишимизни буюради.

Агар биз ушбу биринчи қадамни ташламасак, кечирим орқали оладиган озодликда эмас, балки ғам-алам чангалидаги қулликда яшаймиз. Биз ўзимизни хафа қилган одамнинг келиб, кечирим сўрашини кутиб ўтирмаслигимиз керак. У ҳеч қачон кечирим сўрамаслиги ҳам мумкин. Худо бизни озод бўлишимизни истайди.

Кечирим бериш эса Худода озодликка эришишнинг битта-ю битта ва ягона йўлидир десак ҳам бўлади. Ва ниҳоят, ёдингизда бўлсин: “Эй, Худо, кечиришим учун менга ёрдам бер” ёки “Худойим, мен кечирмоқчиман” каби сўзлар билан дуо қилманг.

Азиз биродар, сиз бундай деб дуо қилишингиз фойдалироқ бўлади, деб ўйлайман.

“Раббим, мен фалончини (албатта исмини айтинг) фалон нарса қилгани ёки қилмагани учун кечиришга қарор қилдим, чунки бу нарса мени фалон нарсаларни (яъни ичингизда кечаётган ҳар қандай оғриқли туйғуларни айтинг) ҳис қилишга мажбур қилаяпти…” Сўнгра сизни хафа қилган одамлар учун Худодан марҳамат қилишини сўранг.

Раббимиз самимий, юракдан кечирим берганларни озод қилади. Азизлар, сизларга ушбу қадамни ташлашда Муқаддас Китобдаги ушбу оятлар ёрдам беради деб ўйлайман: 2 Коринфликларга мактубининг 2:10-11оятлари; Эфесликларга мактуби 4:31-32 оятлари; Римликларга мактубининг 12:19 ояти; Луқо китобининг 23:34 ояти ва охиргиси Ибронийларга мактубининг 8:12 ояти ҳамда шу мактубнинг 10:17 ояти.

Биз Худога ва бошқа одамларга қарши қилган исёнимиз учун тавба қилиб, Худодан кечирим сўраймиз ва шундан сўнг Унга қулоқ соладиган, итоаткор фарзанд бўлишга қарор қиламиз. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Сизлар билан хайрлашишдан олдин яна бир бор интернет сайтимизнинг манзилини сизларга эслатиб ўтмоқчиман: www.najot.com Яна радио орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top