Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Эфирда “Дилкаш” радиоси. Ҳурматли ота-оналар, бугунги эшиттиришимиз орқали сизлар учун муҳим бўлган айрим маслаҳатларни келтириб ўтмоқчиман.
Лойдан кўпгина ва турли-туман маҳсулотларни ясайдиган уста, оддий лойни то ўз шаклига келтиргунча анчагина тер тўкишига тўғри келади. Боланинг қалбини ҳам худди шу ҳали ишлов берилмаган лойга ўхшатиш мумкин. Шу лойни қай йўсинда ишлаб тайёр маҳсулотга айлантириш, албатта биз ота-оналарга боғлиқ ҳисобланади.
Ҳар бир ота-она ўз боласига тарбия бериш давомида бир саволни доимо ўзларига берганлари маъқул. Яъни менинг бераётган тарбиям ўз боламга қай йўсинда таъсир қиляпти. Боламнинг ушбу ҳаётдан яшаш мақсади нима, деган саволлар доимо ҳар бир ота-онани тўғри йўлдан боришига албатта катта ёрдам беради.
Баъзи болалар ҳаёти давомида ўзлари учун кимнидир ибрат сифатида қабул қилсалар, баъзилари ҳақиқат йўлини излай бошлайдилар. Шундай пайтларда ота-она ўз боласига тўғри йўлни кўрсата билиши лозим. Ўсиб вояга етиб бораётган болаларни албатта дин ва руҳлар тўғрисидаги кўплаб саволлари бўлади.
Кўплаб болалар эса ушбу саволларга ўз яқинларидан жавоб тополмагач, ўртоқларидан, турли хил китоблар, қолаверса оммавий аҳборот воситаларидан ҳар хил жавобларни олади. Қайси бир жавоб унга тўғри келса, бола шуни тўғри деб қабул қилаверади.
Азиз ота-оналар, шунинг учун ҳам сизнинг ўз фарзандларингиз билан олиб борадиган тарбиявий ишларингиз ва руҳий ёрдамингиз уларга жуда зарурдир. Сабаби, болаларнинг турли саволларига фақатгина ўз боласини яхши тушунган ота-оналаргина тўғри жавоб бера олишлари мумкин.
Лекин минг афсус билан айтишимиз мумкин, бугунги кунда кўплаб ота-оналар ўз фарзандларининг ички дунёсига етарли эътибор беришмаяпти. Ота-она ўз фарзандини атайлаб нотўғри йўлга бошламаса керак. Лекин ўзлари билмаган ҳолда фарзандларининг нотўғри йўлга кириб кетишига имконят яратиб бераётган ота-оналар ҳам йўқ эмас.
Бунга нималар сабаб бўлиши мумкин? Албатта биринчи галда, телевизор орқали берилиб борилаётган турли ҳаёсиз фильмлар, қолаверса боланинг яқин дўстлари бўлиши мумкин. Телевизор орқали ҳар хил номаъқулчиликларга бола тезда кўникиб боради. Шунинг учун телевизорни боланинг биринчи душмани деб билиш мумкин.
Азиз биродарлар, бола тарбиясидек оғир ва машаққатли, лекин шарафли ишда ҳар бирингизга Худованд ёр бўлсин. Азизлар, бизнинг dilkash@najot.com электрон манзилимизга мактуб йўлланг. Мактубларингизни кутамиз. Хайр саломат бўлинг.